Оила муқаддас қўрғон

Дата: 20.06.2016    

Маълумки, оиланинг жамиятдаги ўрни муҳимдир. Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шунингдек, келажак наслларнинг қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир.

Мустақиллик йилларида давлатимиз томонидан оилада фарзанд тарбиясига эътибор кўрсатиш, унда яшаётган инсонларнинг жисмонан соғлом, рухан тетик, маънавий етук, ҳуқуқий билимли ва комил бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш масалаларга катта эътибор беришига карамай, куйидаги муаммолар ҳали ҳам долзарблигича колмокда:

-айрим оилаларда хотин-қизлар ҳуқуқий билимларининг пастлиги, туғруқ ёшидаги аёлларимизнинг оилавий шифокорлар кўригига ўз вақтида бормасликлари, балоғат ёшидаги баъзи қизларнинг аёллар гигиена қоидаларини тушунмаслиги, жойларда эрта никоҳга ўтишнинг ташвишлари ҳақида етарли тушунтириш ишлари олиб борилмаётганлиги.

Юртимиз раҳбари оила барқарорлигини таъминлашда эркакларнинг роли алоҳида эътибор қаратганлар, жумладан: “...агар ота оилада ўзини тутишни билмаса, аҳлоқ-одоб бобида фарзандларига ўрнак бўлиш ўрнига қўпол муомала қиладиган бўлса, бу ҳолат, табийки, бола маънавий оламининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади, вақти-соати келиб, унинг характерида инсон деган номга нолойиқ, хунук бир сифатда намоён бўлади.”.

Таҳлиллар нотинч оилалар, ёлғиз оналар, каби салбий холатлар сони хали ҳам камаймаётганини кўрсатади. Масалан, оилавий ажримлар ўрганилганда уларга куйидаги омиллар сабаб бўлаётгани маълум бўлади:

-оилавий келишмовчиликлар;

-ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик холатлари;

-хиёнат ва фарзандсизлик;

-ёшларимизнинг ота-оналик вазифасига тайёр эмаслиги;

-айрим шошмашошар ёш куёвтўраларнинг оилани моддий жиҳатдан етарлича таъминлай олишмаётганликлари;

-оилавий муносабатларга қариндошларнинг аралашуви-айниқса, қайнона-келин можароси ёш оилалар ажралишининг асосий сабабларидан бири бўлмоқда.

Табиийки, оила турли ёш ва жинсдаги кишилардан ташкил топгани сабабли улар ўртасида низо чиқиш эҳтимоли мавжуд бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2013 йил 30 апрел куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ никоҳ ёшига амал қилмасликка қарши чора-тадбирлар кучайтирилди.

Жумладан, ушбу ҳужжатга мувофиқ Узбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғисидаги кодекси 473-модда билан тўлдирилди. Унда никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима солиш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 17-моддаси тўртинчи қисми ҳам “Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” ҳақидаги 1251-модда билан тўлдирилди.

Ҳа, ушбу жараён ва жамият ҳаётидаги туб ўзгаришлар ҳар бир фуқародан катта масъулият, ижтимоий фаоллик, ва кенг кўламли ўзаро ҳамжиҳатликни талаб килади. Зеро, инсон учун бу дунёда оиладан ҳам муқаддас ва азиз маскан йўқ. Шу боис муқаддас гўшани асраб-авайлаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

М.Худойбердиева, Гулистон шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси