Вояга етмаганлар манфаати доими эътиборимизда

Ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб ўсиши, касб-ҳунар ўрганиши ва жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун барча шарт-шароит яратилмоқда, бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни турли ёт ғоя ва мафкуралар таъсиридан муҳофазалаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ёшлар Ватанимизнинг келажаги, тараққиётимизнинг ҳал қилувчи кучидир. Шу нуқтаи назардан, мустақиллик йилларида баркамол авлод тарбияси давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Бунинг самарасида бугун ўсиб келаётган ёш авлод таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, илм-фан, спорт, санъат, тадбиркорлик ва бошқа кўплаб йўналишларда ўз иқтидор ва истеъдодини рўёбга чиқариши борасида чексиз имкониятларга эга бўлиб бормоқда.

Кўплаб ривожланган мамлакатларнинг ёшлари орзу қиладиган бундай шарт-шароитлардан оқилона, унумли фойдаланиш нафақат ёшлар, балки ота-оналар, таълим муассасалари, кенг жамоатчилик зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Айниқса, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда масъулиятни янада ошириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки вояга етмаган ёшларнинг қизиқувчан, изланувчан бўлгани боис уларнинг яшаш шароити, таълим-тарбия олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши билан боғлиқ масалалар алоҳида эътиборни талаб қилади.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ҳимояси, назоратсизлигининг олдини олиш, таълим-тарбиясига оид қонунлар ижросини таъминлаш асосий вазифалардандир. Бунда Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрда қабул қилинган “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонуни муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида вояга етмаганларни спорт ҳамда касб-ҳунар тўгаракларига жалб этиш, гиёҳвандлик, ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўқув муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда беш юздан зиёд тарғибот тадбирлари ва давра суҳбатлари ўтказилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки ахборот маконида турли таҳдидлар бор экан, келажагимиз ворисларининг эртанги тақдирини ўйлаб, ёшлар учун соғлом ахборот муҳитини яратиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолаётир. Бир сўз билан айтганда, фарзандларимиз мустақил фикрлайдиган, ахборотни фарқлай оладиган инсон бўлиб етишишида олиб борилаётган тарбиявий ишларни янада кучайтириш билан бирга ривожланган давлатлар амалиётидан келиб чиққан ҳолда, турли носоғлом ғояларга қарши ҳаракат тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

Хулоса қилиб шуни айтиш лозимки, миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ёш авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, жамиятимизда меҳр-оқибатни ҳимоя қилиш негизларини янада кучайтиришга, ўсиб келаётган авлоднинг маънавий-ахлоқий жиҳатдан камол топиши, ахборот муҳитининг салбий таъсиридан муҳофаза қилишга замин яратади.

Х.Асланова, Ховос туман 1-сон ФҲДЁ бўлими мудири