Ҳушёрлик – осойишталик гарови!

Дата: 02.06.2016    

Одам савдоси қадимдан мавжуд бўлган Жиноятлардан биридир. Ушбу салбий иллат ҳозирда нафақат миллий қонунчилигимиз доирасида, балки халқаро миқёсда ҳам кенг таъқиб қилинаётганлиги барчамизга аён. Мана, 200 йилдан ортиқ вақт мобайнида кулчиликка қарши қатъий кураш олиб борилаётган бўлса-да, бу иллатнинг хали-хануз мавжудлиги аянчли, албатта. Зеро, БМТ маълумотларига кўра, Лотин Америкаси, Африка, Жанубий Осиёда тахминан 12 миллион одам қулчилик шароитида яшаётганлиги ҳамда одам савдоси гиёҳванд ва қурол-яроқ билан савдо қилишдан кейинги ўринда туриши ҳам сўзимизни тасдиқлайди.

Қулчиликнинг ҳар қандай кўриниши инсон ҳуқуқларининг паймол этилиши, шахс шаънининг қўпол тарзда таҳқирланиши ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва тамойилларининг жиддий бузилиши сифатида таъқиқланади ҳамда мазкур жиноятларга қарши халқаро ҳамжамиятнинг ва ҳар бир давлатнинг биргаликда курашишини тоқазо этади.

Одам савдоси – бу алоҳида шахсни (ёки гуруҳни) ёллаш, уларни бир давлат чегараси доирасида ёки чегарасидан ташқарига олиб кетиш билан боғлиқ бўлган барча ҳаракат ёки мақсадлар бўлиб, у ўз ичига сотиш, сотиб олиш, топшириш, бундай ҳаракатлардан фойда кўриш ёки мажбурлаб (зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб), шунингдек, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ишлатиш мақсадида ушлаб туришни ўз ичига олади.

Одам савдосининг “оқ қулчилик” деб ном олган бир кўриниши аёлларни фоҳишабозликка мажбурлашдек қабиҳ иллатдир. Ундан ташқари одам савдоси юртимизга трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири сифатида кириб келиши оқибатида, баъзи бир кимсаларнинг ўз оға-инилари, қўни-қўшнилари, қариндош-уруғларини ҳам ҳеч ўйлаб ўтирмай, қул сифатида сотиб юборишлари ачинарли ҳол, албатта.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ушбу иллатга қарши курашиш учун жойларда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари ҳамкорлигида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари аҳолининг одам савдоси бичан шуғулланаётган кимсалар “тузоғи”га тушиб қолмаслигида энг муҳим омиллардан бири бўлмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда Одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияси аъзолари томонидан 37 та маҳалла, бир қатор мактаб ва касб-ҳунар коллежлари, меҳнат жамоаларида ушбу масала юзасидан кўплаб учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди.

Шунингдек, тадбирларда фойдаланиш қулай бўлган “Россия Федерациясига ишлашга борадиганлар учун эслатма”, “Алданиб қолманг”, “Мўмай пул топаман деб, қулликка тушиб қолма”, “Сизга чет элда ишлашни таклиф қилишяптими? Алданиб, қулликка сотилиб кетишингиз мумкинлигини унутманг!”, “Ҳушёр бўлинг, азиз одамлар” ва шунга ўхшаш бир қатор тарқатма материалларидан фойдаланилди.

Фикримиз сўнгида айтишимиз жоизки, мазкур жиноятнинг олдини олиш ва унинг оқибатларини кескин камайтириш, бу иллатнинг ҳар қандай кўринишларидан фуқароларимизни муҳофаза қилишда ўзаро ҳамкорлик ва жамоатчилик назоратини кучайтирайлик.

Ж.ШукуровГулистон шаҳар 7-сон ДНИ нотариуси