Вояга етмаганлар ҳуқуқи-қонун ҳимоясида

Дата: 02.06.2016    

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳаётимиздаги янгиланишларнинг асосий мақсади бўлиб, у ҳар бир фуқаронинг яшаши учун муносиб шароитларни яратишга, унинг эркинлиги, шахсий дахлсизлигини кафолатлашга, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишига ҳамда ижтимоий ҳимояланишига қаратилган.

Республикамизда болаларнинг яшаши, шаъни ва қадр қимматини ҳимоя қилиш, шахсий дахлсизлик, уй-жойли бўлиш, таълим олиш, кўчиб юриш эркинлиги, ижтимоий таъминотга ва ижтимоий хизматга эга бўлиш, тиббий ёрдам олиш, маданий бойликлардан фойдаланиш каби бошқа кўплаб ҳуқуқларини таъминлаб берадиган зарур қонунчилик базаси яратилган.

Болалар бозор муносабатларига ўтишда иқтисодий тангликда энг кўп азият чекиши мумкин бўлган аҳоли қатлами саналади. Шу боисдан ҳам республикамизда мустақилликнинг дастлабки йилларида ратификация қилинган халқаро ҳужжатлардан бири “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвеция бўлди.

Ушбу Конвенция олий ижтимоий-аҳлоқий аҳамиятга эга ҳужжат бўлиб, у хар бир бола инсониятнинг муҳим аъзоси сифатида эътироф этилиши, умуминсоний қадриятларнинг устуворлиги ва шахснинг уйғун ривожланиши, хеч бир мақсад ва сабабга кўра камситилишига йўл қўймаслик тамойилларига асосланган. Унда болалар манфаатларига устуворлик нуқтаи назаридан қаралиб хар бир давлат ва жамиятнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимояга мухтож болалар тоифалари – етимлар, ногиронлар, қочоқлар ва ҳуқуқбузарларга алоҳида этибор берилиши лозимлиги таъкидланган. Конвенция кўплаб давлатлар томони дан ратификация қилинди ва у кўпгина қонунлар ва бошқа меъёрий хужжатларни яратилиши учун муҳим асос бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни ана шундай хужжатлардан биридир. Қонунда эътироф этилишича, мамлакатимиз қонунчилигида бола деганда 18 ёшгача бўлган шахслар тушунилади.

Ҳар бир боланинг яшаш ҳуқуқи унинг ажралмас хуқуқидир. Бола туғилган заҳоти рўйҳатга олинади ва туғилган дақиқасидан бошлаб исм билан аталиш ва фуқароликка эга бўлиш, шунингдек, ўз ота онасини билиш ва уларнинг ғамхўрликларидан бахраманд бўлиш ҳуқуқларини олишга ҳақли ҳисобланади.

Бола ўзининиг фикрини эркин ифодалаш ҳуқуқига эга, бу ҳуқуқлар хар қандай турдаги ахборотни, чегарасидан қатъий назар, оғзаки, ёзма ёки босма шаклда, санъат асари кўринишида ёки боланинг танловига кўра бошқа воситалар ёрдамида излаш, олиш ва узатиш эркинлигини ўз ичига олади. Боланинг фикрлаш, виждон ва дин эркинлиги ҳуқулари хурмат қилиниши лозим.

Ўзининг оила ғамхўрлигидан вақтинча ёки доимий маҳрум бўлган бола давлат томонидан кўрсатиладиган алохида ҳимоя ва ёрдамни олиш, яъни ижтимоий таъминот неъматларидан жумладан, ижтимоий суғуртадан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ақлий ва жисмоний жиҳатдан ривожланмаган бола ўзини қадр қимматини таъминлайдиган, ўзига ишонч туғдирадиган ва унинг жамият хаётидаги фаол иштирокини енгиллаштирадиган шароитларда тўлақонли ҳамда муносиб тарзда яшаши лозим. Ақлий ва жисмоний жиҳатдан ривожланмаган болага унинг алоҳида эҳтиёжлаарини ҳисобга олиб, бепул ёрдам берилади. Бунда асосий мақсад боланинг ижтимоий ҳаётга жалб қилиш, унинг ривожланиши, маданий ва маънавий ҳимоя топишига қаратилгандир. Хар бир бола жисмоний, ақлий, маънавий, аҳлоқий ва ижтимоий камол топиши учун зарур турмуш даражасига эга бўлиш, соғлиқни сақлаш тизимининг такомиллашган хизматларидан, касалликларни даволаш ва саломатликни тиклаш воситаларидан фойдаланиш хуқуқига эгадир...

Боланинг бундан ташқари тенг имкониятларда илм олиш ҳуқуқи, дам олиш ва бўш вақтини ўтказишда ўзининг ёшига мос келадиган ўйинлар ва кўнгилочар тадбирларда иштирок этиш, маданий ҳаётда эркин қатнашиш, санъат билан шуғулланиш ҳуқулари ҳам бор.

Шунинг учун ҳам “Оила” кодексининг 2-моддасига биноан ота она зиммасига унинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолга етиши ҳақида ғамхўрлик қилиш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилади. Шу билан қонун оила ва боланинг ҳуқуқларининг муҳофаза қилишга қаратилган ўз функциясини бажаради. Аммо боланинг ҳуқуқи оилада камситилса, бундай оилага нисбатан қонун йўли билан зарур таъсир ўтказишга, ота–онанинг ота–оналик ҳуқуқини чеклашга, хаттоки умуман маҳрум қилиш чорасини қўллашга ҳам тўғри келади.

Ҳар бир давлат боланинг иқтисодий эксплуатациядан ҳамда унинг соғлиги учун хавф-хатар етказиши мумкин бўлган ёки таълим олишига тўсқинлик қиладиган ёхуд соғлиғи, жисмоний ақлий, маънавий аҳлоқий ва ижтимоий ривожланишига зарар келтирадиган ҳар қандай ишлардан ҳимоя қилиниши ҳуқуқини таъминлаши лозим.

Юртбошимиз ташаббуси ва раҳнамолигида бошқа давлатлардан фарқли равишда “Соғлом авлод учун” орденининг таъсис этилиши ҳам мамлакатимизда болалар ва ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир исботидир.

Бола ҳуқуқлари инсон ҳуқуларининг асосидир. Инсон болалигиданоқ энг аввало, оилада, мактабда, кейинчалик жамиятда хар томонлама ҳимояланганлигини хис этса, англаса, ўзига бўлган ишончи ортиб бораверади. Бу эса келажакда комил, билимли, етук инсонлар камол топаётганлигидан далолатдир.

М.Худойбердиева, Гулистон шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси