1 июнь — халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Дата: 02.06.2016    

Бутун дунё бўйлаб, ҳар йилнинг 1 июнь куни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонланади. Ушбу байрам кўпчилик давлатларда “Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” сифатида ҳам эътироф этилади.

“Халқаро болалар куни” учун махсус байроқ ҳам ишлаб чиқилган. Мазкур байроқ ўзининг рамзий маъносига эга. Орқа фондаги яшил ранг юксалиш, беғуборлик, фаровонлик рамзи бўлса, марказдаги Ер шари ва унинг атрофидаги қизил, кўк, сариқ, оқ ва қора ранглар дунёнинг исталган бурчагидаги болалар ирқи, миллатидан қатъий назар тенг эканлигини ифодалайди.

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида гап кетганда энг аввало кўз олдимизга “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция келади. Мазкур Конвенция Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 1989 йил 20 ноябрдаги қарори билан қабул. Республикамиз мазкур Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Юқори Кенгашининг 1992 йил 9 декабрдаги Қарорига мувофиқ қўшилди.

Бугун, юртимизда болалар спортига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳамда болалар спортида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталишни лозим топдим.

Мамлакатимизда болалар спортига катта эътибор қаратилмоқда. Республикамизда жисмоний тарбия ва спорт билан боғлиқ қонунларнинг қабул қилинганлиги жисмоний маданият ва спортни ривожлантиришга, айниқса, болалар спортига кенг йўл очиб берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 24 октябрда қабул қилинган Фармони, «Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини ташкил қилиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 31 октябрдаги қарори республикамизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилган йўналишда ташланган энг муҳим қадамлардир. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама камол топишида жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни беқиёсдир. Шу боис, мамлакатимизда спорт, хусусан болалар спортини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Президентимиз раҳнамолигида бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар замирида Ватанимиз равнақи, халқимизнинг порлоқ келажагига дахлдор юксак, эзгу мақсадлар мужассам. Юртбошимиз томонидан ёшларнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб улғайишлари учун барча шарт-шароитлар яратилиб берилган Ўзбекистонимизда чин иқтидор соҳиблари доимий эътиборда. Спортчиларимиз орасидан Осиё, Жаҳон ва Олимпиада мусобақалари ғолиблари етишиб чиқмоқда. Ҳеч кимга сир эмаски, болаларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмасдан вояга етиши, спорт соҳасида барча ютуқларнинг пойдевори бўлмиш болалар спортини ривожлантириш биз катталарнинг зиммасига юкланадиган янада масъулиятли вазифаларнинг бири деб ҳисоблайман. Шу билан бир қаторда, давлатимиз томонидан ёшлар ўртасида спортни оммавийлаштиришга, айниқса болалар спортини ривожлантиришга, нуфузли мусобақаларни ташкиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Спортга нафақат ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ва жисмоний етуклиги гарови, айни пайтда ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишнинг самарали воситаси сифатида ҳам қаралади. Ёш авлодни ватанпарварлик, эл-юртга садоқат руҳида тарбиялашда спорт турларининг аҳамияти катта. Улар мустақил Ўзбекистон байроғини халқаро спорт ареналарида юқори кўтариб, халқимизнинг ғурур ва ифтихорига айланмоқда. Президентимиз айтганидек, фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати ва фаровон келажагини қуриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш устувор вазифалардан биридир.

А.Норқўзиев, Тарғибот ва ҳуқуқий маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси