Юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш - давр талаби

Дата: 30.05.2016    

Президентимиз томонидан жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш жараёнида қонун ҳужжатларини қабул қилишга ваколатли давлат органлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви соҳасида амалга оширилган чора-тадбирлар қонунийлик ҳамда инсон манфаатлари ҳимоясини таъминлашга хизмат қилаётир.

Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотларида норматив ҳуқуқий ишларни мувофиқлаштиришни амалга ошириш, уларни яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқиш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Қонунлар ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тайёрланадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифати билан бевосита боғлиқ. Бунда ҳар бир ташкилотнинг юридик хизмати зиммасига катта масъулият юкланади.

Шу боис ҳам юртимизда юридик хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий база тўлиқ янгиланиб, юридик хизмат мақомини белгилашга қаратилган ҳукумат қарорлари қабул қилинган. Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан мазкур соҳага услубий ёрдам кўрсатиш, уни ривожлантириш мақсадида амалий тадбирлар мунтазам ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида юридик хизмат ходимлари малакаси ошириб борилмоқда. Бугунги кунга қадар вилоятдаги давлат органларининг 50 нафардан зиёд юридик хизмат ходимларининг малакаси оширилгани бунинг тасдиғидир.

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувининг барча соҳаларини етук мутахассислар билан таъминлаш масаласига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Хусусан, ҳуқуқшуносликка ихтисослашган олий таълим муассасаларида юрист-консультантларни тайёрлаш билан боғлиқ бир қатор фанлар, шу жумладан, юридик хизмат ва қонунчилик техникасини ўқитиш жорий этилган.

Давлат органларининг юридик хизматлари фаолиятини ташкил этиш соҳасида Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларининг юридик хизматлар базаси шакллантирилиб, юристларни адлия органларида аттестациядан ўтказиш тизими такомиллаштирилмоқда.

Жумладан, Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан бугунги кунга қадар 52 нафардан зиёд юридик хизмат ходимлари аттестациядан ўтказилган.

Бугунги кунда вилоятдаги давлат органларида 140 дан ортиқ юридик хизмат ходими штат бирлиги ташкил этилган бўлиб, уларда малакали ҳуқуқшунос-мутахассислар фаолият кўрсатмоқда. Юридик хизмат ходимлари шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш, шартномаларнинг тузилиши ва уларнинг бажарилишини таъминлаш, шу жумладан, бу соҳадаги низолар юзасидан даъво ишларини олиб боришда ташкилотларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланмоқда. Ўз навбатида, улар ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда ҳам фаол иштирок этаётир.

А.БабаевСирдарё вилоят адлия бошқармасимасъул ходими