Кредит шартномаси

Дата: 26.05.2016    

Кредит шартномаси бўйича бир тараф - банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Кредит билан боғлиқ масалаларни ҳуқуқий тартибга солувчи бир қанча қонунлар қабул қилиниб, уларни жорий қилиш натижасида мамлакатимиз ривожига катта хисса қўшилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуни, “Марказий банк тўғрисида”ги қонуни ва “Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни раҳбатлантириш тўғрисида”ги қонуни ва бошқа бир қанча қонунларни санаб ўтиш мумкин.

Ҳурматли Президентимиз И.Каримовнинг ҳар йили тадбиркорликни ривожлантириш, уни қўллаб қўвватлаш ва уларга кўмак бўлиш учун чиқараётган Фармонларининг учдан иккисида ҳам айнан тадбиркорларга берилиши лозим бўлган имтиёзлар, жумладан, уларнинг фаолиятини имтиёзли молиялаштиришга қаратиб келмоқдалар.

Мамлакатимиз ривожидаги тадбиркорлик фаолиятига кўмак шу тарзда режалаштирилганки, молиялаштириш жараёнининг ўзи табақалаштирилган. Жумладан, кичик бизнесни ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тизимида “Микрокредит” тижорат банкларнинг ташкил этилди. Мазкур банклар томонидан берилаётган микро (кичик) кредитлар ҳам мамлакатимиз ривожида катта аҳамият касб этганлиги ўз исботини топмоқда.

Жаҳон тарихидан маълумки, тадбиркорлик фаолиятига берилган имтиёз ва молиявий кўмаклар мамлакат ривожига катта ижобий таъсир этади ва унинг ривожини тезлаштиради.

Кредит муносабатлари жамиятда қўйидаги вазифаларни бажариши билан фойдалидир. Биринчидан, пулга тенглаштирилган (вексель, чек, сертификат ва ҳаказо) тўлов воситаларини юзага чиқариб, уларни хўжалик муомаласига жалб қилади, иккинчидан, у бўш пул маблағларини ҳаракатдаги, ишдаги капиталга айлантиради, учинчидан, қарз бериш орқали пул маблағларини турли тармоқлар ўртасида қайта тақсимлаш билан чиқариш ресурсларининг кўчиб туришини таъминлайди ва тўртинчидан, қарз бериш, қарзни ундириш воситалари орқали иқтисодий ўсишни рағбатлантиради.

Мавзунинг асосий масаласи юзасидан кредит тушунчасига оддий ёндашилганда, Кредит - ўз эгалари кўлида вақтинча бўш турган пул маблағларини бошқалар томонидан маълум муддатга ҳақ тўлаш шарти билан қарзга олиш ва қайтариб бериш юзасидан келиб чиққан муносабатлар тушунилади.

Кредит муносабати икки субъект ўртасида юзага келиб, бири пул эгаси, иккинчиси пулга муҳтожлар ҳисобланиб, шу ўринда, қарз шартномаси билан кредит шартномаси ўртасидаги фарқларни ажратиб олиш муҳим.

Биринчидан, кредит шартномаси бўйича кредитор сифатида фақат махсус объектлар, яъни банк ёки бошқа кредит ташкилотлари қатнашади.

Иккинчидан, кредит шартномаси бўйича қарзга олувчи кредиторга фоизлар тўлаши шарт бўлиб, учинчидан кредит шартномаси фақат ва фақат ёзма шаклда тузилиши шартлиги билан қарз шартномаси билан фарқланади.

Кредит ўзининг кўриниши бўйича қуйидаги шаклларга бўлиш мумкин, яъни тижорат кредити, банк кредити, истеъмолчи кредити ва давлат кредити ҳамда хақаро кредит.

Мазкур кредитларнинг ўзи ҳар усуллар ва шартлар асосида берилиши белгиланган. Масалан, тижорат кредитида вексель, очиқ счёт орқали, тўловни маълум белгиланган муддатда амалга оширилган шароитда, мавсумий кредит ва консигнация усулларида берилади.

Шунингдек, банк кредити банклар ва бошқа кредит ташкилотлари пулни унинг соҳибларига фоиз тўлаш шарти билан ўз қўлида жамлаёдилар ва ўз номидан қарз бериш, фоизлар оладилар.

Бундан ташқари, истеъмолчи кредитида тижорат банклари тадбиркорлик учун фирмаларга, турли хўжалик юритувчи субъектларга қарзга берса, истеъмолчиларга товар сотиб олиш учун қарз беради.

Ҳамда, давлат кредити тўғрисида, шуни таъкидлаш керакки, банклар давлатга ҳам қарз беради ва унинг акси сифатида давлатдан қарз ҳам олади. Қарз ва унинг фоизи бюджет ҳисобидан қопланади. Давлат кредити шароитида қарз берувчилар бўлиб, жуда кам ҳолларда банклар қатнашиб, бу ҳолатда кўпинча қарз берувчилар бўлиб аҳоли ёки фирма, корхона ва ташкилотлар қатнашади.

Ёки, халқаро кредит бу қарз капиталининг халқаро миқёсдаги харакати бўлиб, бу ҳаракат товарлар ва валюта кўринишидаги маблағларни қайтариб беришлик, муддатлик ва ҳақ тўлашлик асосида берилиши мумкин.

Барча кредит шартномаларнинг ҳуқуқий фаолияти билан боғлиқ жараёнлар бир-бирига ўҳшаш нормалар билан тартибга солинади. Хусусан, жаҳон миқёсидаги кредит муносабатида ҳам ҳуқуқий муносабатлар ўҳшаш бўлиб, кредит шартномалари қўйидаги ҳолларда бекор бўлади:

- кредит шартномасининг муддати тугаши билан;

- тарафлардан бири шартномада кўрсатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда;

- кредит шартномасидаги қарздор томонидан муддатидан олдин пул маблағининг қайтарилиши ва ҳоказо холларда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, кредит муносабатлари жамият ривожини тезлаштиради.

И.Хатамов, Гулистон шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси