Уй-жой ҳужжати (ордери)

Дата: 17.05.2016    

Давлат нотариал идораларида кўчмас мулклар билан боғлиқ нотариал харакатларни амалга оширишда, авваламбор, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилиниб, у асосда белгиланган нотариал харакатларни амалга оширишда таянч сифатида харакат қилинади.

Хусусан, амалдаги қонунларда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар сирасига қўйидагилар қиради:

-умрбод таъминлаш шарти билан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга бериш;

-олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя тўғрисидаги нотариал тасдиқланган шартномалар;

- уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат далолатномаси (ордери);

-меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома;

-эр-хотининг умумий мол-мулкидаги улушига мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома;

-уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи суднинг ҳужжати;

-уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бўлинганлиги тўғрисидаги битим;

-маҳаллий давлат ҳокимияти органининг уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига бўлган мулк ҳуқуқни тан олганлиги тўғрисидаги қарори;

-тугатилаётган юридик шахсга тегишли бўлган мол-мулкни унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишуви;

-уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини очиқ савдода (биржа орқали) сотиб олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

-уй-жой ҳужжати (ордери) ва хаказолар.

Уй-жой ҳужжати (ордери) бу -муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидан уй-жой бериш тўғрисидаги қарор асосида давлат ҳокимияти маҳаллий органи фуқарога ягона намунадаги ҳужжат (ордер) беради. У берилган уй-жойга жойлашиш учун асос бўлиб ҳисобланади. Ҳужжат (ордер) фақатгина бўш, алоҳида бўлган уй-жойга, янги қурилган уй-жой биноларида эса фақат давлат комиссиясининг уйни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатномаси тасдиқлангандан кейин туман, шаҳар (шаҳар таркибига кирувчи туман) ҳокимининг қарори билан берилиши мумкин.

Уй-жой ҳужжати (ордер)нинг шаклини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколат доирасига киради.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 53-моддасида уй-жой ҳужжати (ордерини) ҳақиқий эмас деб топиш асослари ва тартиби белгиланган.

Унга кўра, фуқаролар томонидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтожлик тўғрисида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тақдим этилганда;

- бошқа фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳужжатда (ордерда) кўрсатилган уй-жойга нисбатан ҳуқуқлар бузилганда;

- уй-жой бериш тўғрисида масалани ҳал этиш чоғида мансабдор шахслар томонидан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар қилинганда;

- уй-жой бериш тартиби ва шартларининг бошқача бузилишлари содир этилганда.

Муниципал идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг биноларидаги уй-жойга берилган ҳужжат (ордер) суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ҳужжатни (ордерни) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб ҳужжат (ордер) берилган кундан бошлаб уч йил мобайнида кўтарилиши мумкин. Агарда шу уч йил мобайнида уй-жойдан фойдаланиш ҳужжати (ордери) суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилса, гайриҳуқуқий хатти- ҳаракатлар оқибатида ҳужжатни (ордерни) олган шахс уларга бошқа уй-жой берилмагани холда, яшаб турган уй-жойдан кўчириб чиқарилади.

Агар ҳужжат (ордер)да кўрсатилган фуқаролар илгари давлат уй-жой фондининг биносидаги уй-жойдан фойдаланиб келган бўлсалар, улар илгари эгаллаб турган уй-жойга қайтарилиши ёки бошқа шунга тенг уй-жой билан таъминланаши зарур.

Муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг биноларидаги уй-жойдан фойдаланаётган ижарага олувчи ундан белгиланган мақсадда ва шартнома шартларига мувофиқ фойдаланиши шарт. Агар ижарага олувчи уй-жойдан аниқ мақсадларга мувофиқ фойдаланилмай келса, бу ҳақда ижарага берувчи томонидан ёзма равишда огоҳлантирилган бўлишига қарамай, яна шу ижарага олиш шартномаси шартларига номувофиқ равишда ундан фойдаланса, ижарага берувчи шартномани бекор қилишни ва номувофиқ равишда фойдаланиш оқибатида етказилган зарари миқдорини тўлашни талаб қилишга ҳақлидир.

А.Махсуджанов, Мирзаобод туман ДНИ нотариуси