Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, унинг аҳамияти ва ўзига хос хусусиятлари

Дата: 17.05.2016    

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, бу борада мукаммал ҳуқуқий базани яратиш, қонунчилик механизмларини такомиллаштириш бўйича изчил, босқичма-босқич ислоҳатлар амалга ошириб келинмоқда. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ҳаётга жорий этилгани ҳам бу борада навбатдаги қадам бўлди.

Қонуннинг мақсади давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Яъни, ушбу ҳуқуқий ҳужжат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинадиган қарорлар учун жавобгарлигини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг улар фаолияти тўғрисидаги ахборотдан кенг фойдалана олишларини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш шаклларини кенгайтириш, жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида хабардор қилиштартиб-таомилларини белгилаб беради.

Қонун ҳар кимнинг давлат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ҳамда тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан ҳам диққатга сазовордир.

Бундан ташқари, мамлакатимиз ва дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида фикрлар хилма-хиллиги принципига амал қилган ҳолда, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг шаффофлигини тўлиқ таъминлаш имконини яратади.

Таъкидланганидек, ушбу қонун давлат ва жамоат ташкилотларининг ахборот хизматлари, медиа тузилмалари фаолиятининг фаоллашишига кўмаклашади. Яъни, фуқароларни давлат хокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида объектив, тезкор, ҳолис, хаққоний ва янада тўлиқ хабардор қилиш ҳамда бу органлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари кенгаяди. Бу жараёнда ахборот хизматларининг Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш орқали турли медиа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш йўли билан мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларида амалга оширилаётган ислохотлар тўғрисидаги ижобий тасаввурлар ва объектив фикрлар шаклланади. ”Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунда шаффофликни таъминлашнинг бир қатор усуллари белгиланган. Улар қуйидагилардан иборат. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти ҳақидаги ахборотни эълон қилиш, чоп этиш ва бу тўғридаги маълумотларни уларнинг веб сайтларида жойлаштириш ва янгилаб бориш. Шунингдек мазкур ахборотларни ҳамма кириши мумкин жойлар ва хоналарга жойлаштириш, ахборот кутубхона ва архив орқали тақдим этиш. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўрови асосида керакли маълумотларни оғзаки ва ёзма, шунингдек электрон тарзда тақдим этиш. Гувоҳи бўлганингиздек, мазкур ҳужжатда мустаҳкамланган нормалар фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти билан яқиндан танишиш, улар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш имкониятини яратади.

Ана шу нуқтаи-назардан қонун ижросини таъминлашда кенг жамоатчилик, аҳолининг барча қатламларига қабул қилинаётган қонунлар, Президент фармонлари, ҳукумат қарорларининг мазмун-моҳиятини, ижро механизмини тушунтиришимиз, бугунги демократик жараёнлар хар бир фуқаронинг нафақат ўз ҳуқуқини билиши балки амалда уни қўллай олиши даркорлигини халқимиз онгига сингдиришимиз керак.

А.Бабаев Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими