Дата: 11.05.2016
Ҳуқуқий маданиятни ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий таълим орқали шакллантириш мумкин. Шу маънода кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дастлаб бу борадаги тадбирларнинг институционал асослари яратилган бўлса, ҳозирга келиб уларни янада такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Президентимизнинг 1997 йил 25 июндаги “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги Фармонига биноан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва ҳуқуқий тарбиясини яхшилаш борасидаги ишлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Ушбу Фармоннинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқий маданиятнинг аҳамияти ва уни ривожлантириш тамойиллари, жамият, давлат ва фуқаролар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларда инсон ҳуқуқларига риоя этилишининг долзарб муаммолари ва уни бартараф этиш билан боғлиқ вазифалар илгари сурилди.
Фармонга асосан тузилган “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг тадқиқотларига қараганда, респондентларнинг деярли 95 фоизи мустақиллик йилларида аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалганини, 85 фоизга яқини эса жамиятимизда инсон ҳуқуқларига муносабат яхшиланганини, маънавий ва ахлоқий қадриятларнинг аҳамияти ошганини таъкидлашган.
Ўтказган кичик тадқиқотларимиз аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражаси юксалишида давлат органлари ва жамоат бирлашмалари томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий-маърифий тадбирлар яхши самара бераётганини кўрсатди. Маълумотларга кўра, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари томонидан 2015 йилда 1 256 212 та ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилган, бу 2014 йилга нисбатан деярли икки баробарга кўпдир.
Шунингдек, маълумотлар таҳлили бу борада ютуқлар билан бирга, айрим муаммо ва камчиликлар борлигини ҳам кўрсатмоқда. Хусусан, ўтказилган тадбирларнинг аксарияти оғзаки ҳуқуқий тарғибот тадбирлари (маъруза, семинар ва давра суҳбатлари)ни ташкил қилмоқда.
Энди масала моҳиятига эътибор қаратсак, мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этади. Шу боис йигит-қизлар иштирокидаги ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг қизиқарлилиги ва самарадорлиги бўйича кичик сўров ўтказдик. Сўровда таълим муассасаларида ўқиётган ёшлар иштирок этиб, уларнинг 69 фоизи ҳуқуқий тарғибот тадбирларида мажбуран, 21 фоизи ўз қизиқиши билан, 7 фоизи вақтини ўтказиш учун қатнашганини маълум қилган бўлса, 3 фоизи эса умуман жавоб бермаган. Бу, ўз навбатида, ўтказилаётган тадбирларнинг сифатида муаммолар мавжудлигини кўрсатади.
Айрим тарғиботчилар аудиторияни жалб қилолмаётгани, маълумотлар оддий, халқчил тилда берилмаётгани, ёшларнинг қизиқишлари эътиборга олинмаётгани, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланилмаётгани кабилар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, ҳуқуқий тарғибот тадбирларига асосан ўқувчи ва талабалар жалб этилаётганини ҳисобга олсак, мамлакатимиз йигит-қизларининг 10 фоизга яқини ўтказилаётган тадбирларнинг доимий иштирокчисига айланиб қолаётганини сезиш қийин эмас.
Тўғрисини айтганда, ёшларнинг барча қатламларини ушбу тадбирларга қамраб олишнинг ўзи қийин. Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг савиясини ошириш ҳамда ОАВда ҳуқуқий мавзудаги чиқишларни янада кўпайтириш лозимлиги аён бўлмоқда.
Ҳозир аҳолига давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда жамоат бирлашмаларининг интернетдаги сайтлари орқали ҳам ҳуқуқий ахборот ва маълумотлар етказилмоқда. Шундай бўлса-да, сўровда қатнашганларнинг аксарияти бундай сайтларга кирмаслигини, асосий вақтларини ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда ўтказишини айтишган.
Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар имкониятларидан ўз мақсадларимиз йўлида фойдаланишимиз керак. Масалан, қонунчиликдаги янгиликлар ва бошқа ҳуқуқий мавзулардаги ахборотларни ижтимоий видеороликлар, савол-жавоблар, блогпостлар сифатида кенг тарғиб қилиш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга ўтказилаётган оғзаки ҳуқуқий тарғиботлар савияси асосан тарғиботчининг маҳорати ва билимига боғлиқлигини ҳисобга олиб, биринчи навбатда, давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга эътибор қаратсак яхши бўларди.
Шунингдек, ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ишлари таълим муассасаларидаги ихтисослашган таълим тизими, юридик муассасалардаги ҳуқуқий ёрдам, вояга eтмаганлар ҳамда ёшлар жиноятчилигининг олдини олишга қаратилган кўплаб давлат дастурлари орқали амалга оширилиши ҳам натижа беради. Ҳозирги кунда айрим хорижий давлатларда шу амалиёт қўлланмоқда.
Хулоса ўрнида улуғ бобокалонимиз Амир Темурнинг қуйидаги сўзларини келтиришни лозим деб топдик: “Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади”. Қонун устуворлиги таъминланган жойда адолат қарор топади, адолат қарор топган жойда аҳоли фаровон ҳаёт кечиради, бу эса, ўз навбатида, жамият ривожланишига ҳам хизмат қилади.
Б.Каримов, Адлия вазирлиги масъул ходими