Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд қилишда ҳуқуқни қўллаш амалиёти

Дата: 02.05.2016    

Қонунчилигимиз фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоялашни ҳамда давлат ва жамият манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, фуқаролар ҳаётидаги муҳим воқеалар – туғилиш, никоҳ тузиш, ўлим ва инсоннинг муҳим субъектив ҳуқуқлари ва мажбуриятларнинг юзага келиши, ўзгариши ва тўхтатишига сабаб бўладиган бошқа ҳолатларнинг ваколатли органларда қайд этилишини белгилайди.

Фуқаролик ҳолатини қайд этиш фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларини пайдо бўлишига сабаб бўлиб хизмат қилувчи ҳужжат, яъни гувоҳнома бериш учун асос бўлади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишнинг аҳамияти шундаки, унга асосан ФҲДЁ органи томонидан берилган гувоҳнома, унда кўрсатилган фактнинг тўғрилигини тасдиқловчи шаксиз далил ҳисобланади.

Кейинги йилларда адлия органлари ва муассасаларида олиб борилаётган ислоҳатларнинг муҳим йўналишларидан бири фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишда фуқароларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш сифат ва самарадорлигини оширишга қаратилган чора тадбирлар ҳисобланади.

Ушбу ислоҳотларда марказий ўринни қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар эгалламоқда. Амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар соҳада ҳуқуқни қўллашнинг замонавий мамлакатимиз ва хорижий тажрибаси асосида амалга оширилади.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан 2015 йил 24 апрель куни адлия вазирининг “Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғига мувофиқ тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, туғилганлик, никоҳ ҳақидаги, никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини электрон шаклда тўлдириш жорий этилди. Бу орқали фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга ажратиладиган вақт қисқартирилиши ва сифат даражасининг ошиши таъминланди. Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувини қайд этиш учун кетадиган вақт ўртача 5-7 дақиқагача қисқартирилди ҳамда далолатнома ёзувини тўлдиришда йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоларнинг олди олинишига эришилди.

Ҳозирги кунда ҳам Адлия вазирлиги томонидан ФҲДЁ органлари соҳасига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тўпланмоқда. Ушбу таклифларни ишлаб чиқишда миллий қонунчилигимизга киритилган охирги ўзгартиришлар, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий давлатларнинг қонунчилик тажрибаси инобатга олинган.

Жумладан, фуқаролик ҳолати далолатномаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, бунда фуқаролардан ортиқча ҳужжатларни талаб қилишларга ва уларни оворагарчиликларга олиб келишларига чек қўйиш режалаштирилмоқда.

Унга биноан кўзи ожиз, кар ва соқов фуқароларга нисбатан ҳамда давлат тилини билмайдиган чет-эл фуқароларига нисбатан ва уларнинг мурожаатларига асосан фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этишда таржимон ёки тегишли мутахассис жалб этилиши ҳақида тартиб ўрнатилмоқда.

Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларидан нусха олиши мумкин бўлган органлар аниқ кўрсатилмоқда, яъни далолатнома ёзувларидан нусхалар фақат Адлия вазирлиги, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, нотариуслар, ФҲДЁ органлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги консуллик муассасаларининг сўровларига асосан берилиши мумкин.

Бундан ташқари, эр ёки хотиндан бирининг аризаси асосида суд томонидан бедарак йўқолган деб ҳамда руҳияти бузилиши сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар билан никоҳдан ажратишни қайд этишда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахснинг васийсидан ёки бедарак йўқолган деб топилган шахс мол-мулкининг бошқарувчисидан, агар улар бўлмаса тегишли васийлик ва ҳомийлик органидан болалари тўғрисида, биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр(хотин)га таъминоти учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқлаш тартибини, агар низо мавжуд бўлса никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, суднинг фарзандликка олиш ҳақидаги ҳал қилув қарорини ФҲДЁ органи томонидан ижро этилиши механизми, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришни рад этишнинг асослари ва бошқалар киритилмоқда.

Д.Алланазаров, Адлия вазирлиги масъул ходими