Қарз шартномаси

Дата: 26.04.2016    

Қарз шартномаси деб шундай шартномага айтиладики, бунга асосан бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баровар ашёларни қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномасининг ҳуқуқий белгилари қуйидагилардан иборат:

биринчидан, қарз шартномаси реал шартнома бўлиб ҳисобланади, чунки тарафлар ўртасида ҳуқуқ ва бурчлар шартнома предмети бўлган пул ёки ашёнинг топширилиши вақтидан эътиборан вужудга келади ва шартнома ҳам пул топширилган вақтдан кучга киради;

иккинчидан, қарз бир томонлама шартномалар сирасига киради, шартнома юзасидан қарз берувчи ҳуқуқлар олса, қарз олувчида бурчлар вужудга келади;

учинчидан, қарз шартномаси фуқаролар ўртасида агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бароваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклида тузилиши, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, қарз суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт;

тўртинчидан, қарз мулкга нисбатан бўлган эгалик ҳуқуқини ёки мулкни оператив бошқарув ҳуқуқини ўтказишга қаратилган шартномалардан ҳисобланиди. Қарздор қарзга олинган нарсанинг айнан ўзини қайтармасдан, балки олган пулни ёки ўша қарзга олинган нарсанинг хили, сифати ва миқдори бараварида бошқа нарсани қайтаришга мажбур бўлади;

бешинчидан, агарда қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади;

олтинчидан, агарда қарз шартномаси бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, уларнинг миқдори ва шакли (пул ёки натура ҳолидаги) шартномада кўзда тутилган ҳолларда фоизлар тўланиши керак.

Қарз шартномасининг бажариш муддатларига тўхталадиган бўлсак, агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

Қарз олувчи томонидан қарз шартномасини бузган тақдирда, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома мажбуриятини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун фоизлар ундирилиши билан биргаликда, қарз суммасини қайтариб беришни талаб қилиб олишга ҳақли бўлади.

Шунингдек, қарз шартномасининг фуқаролик ҳуқуқий муносабатларида алоҳида иккита тури мавжуд, яъни аниқ мақсадли қарз ва давлат заёми шартномаси.

Оддий қарз шартномаси аниқ мақсадли қарз шартномасидан фарқ қилади, бунга сабаб шундаки, мақсадли қарз шартномаси асосида олинган қарз кўрсатилган аниқ мақсадлар учун ишлатилиши лозим. Масалан, корхона, ташкилот ўз ходимининг уй-жой шароитини яхшилаш мақсадида унга қарз берган бўлса, ходим уни бошқа мақсадларда ишлатса, қарз берувчи пулни ва фоизларни қайтариб олишга ҳақли бўлади. Мазкур шартнома бўйича қарз олувчи қарз берувчига олинган пул маблағини аниқ мақсадларда ишлатилаётганлигини назорат қилиш имкониятини яратиб бериш ёки бошқача сўз билан айтганда ҳисобдор бўлиб туради.

Давлат заёми шартномаси бўйича давлат қарз олувчи, фуқаро ёки юридик шахс эса қарз берувчи бўлади. Давлат заёми ихтиёрийдир.

Ҳукуматнинг розилиги билан юридик шахслар томонидан ҳам давлат заёми чиқарилиши ва реализация қилинишига йўл қўйилади.

Бундан ташқари, қарз шартномаси вексель, облигациялар йўли билан ҳам тузилиши мумкин.

Вексель - тарафларнинг келишувига мувофиқ қарз олувчи вексель берган бўлиб, бу вексель уни берувчининг (оддий вексель) ёки векселда кўрсатилган бошқа тўловчининг (ўтказма вексель) векселда назарда тутилган муддат келгач, қарзга олинган пул суммаларини тўлаш ҳақидаги ҳеч қандай шарт билан боғланмаган мажбуриятини тасдиқласа, тарафларнинг вексель бўйича муносабатлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Облигация- қимматли қоғоз бўлиб, уни сақловчининг облигацияни чиқарган шахсдан облигацияда назарда тутилган муддатда облигациянинг номинал қийматини ёки бошқа мулкий эквивалентини олиш ҳуқуқини тасдиқлайди. Облигация уни сақловчига облигациянинг номинал қийматидан облигацияда қайд этилган миқдорда фоизлар олиш ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни ҳам беради.

Қарз шартномаси юқорида санаб ўтилганидек, яъни қарз шартномаси фуқаролар ўртасида агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бароваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклида тузилиши, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, қарз суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт бўлиб, мазкур турдаги шартномалар нотариал идоралар томонидан расмийлаштирилади.

Қарз шартномасининг ёзма шаклига амал қилмаслик шартноманинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Яъни, қарзга олувчи шартнома шартларини бажармай, қарз суммасини қайтаришдан бош тортган тақдирда, тегишли суд идораларига даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилишига олиб келишини тушуниш лозим.

Унда қарз шартномасини расмийлаштирилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат божи ставкалари” бўйича шартнома суммасининг бир фоизи миқдорида ундирилади. Масалан, қарз шартномаси бўйича қарз олди-берди суммаси 10 миллионни ташкил қилган ҳолларда, давлат божи ставкаси 100 минг сўмни ташкил қилади.

Нотариал идоралари томонидан расмийлаштирилган қарз шартномалари бўйича қарз суммасини қайтариш муддати ўтгандан сўнг, қарз олувчи шартнома шартларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, нотариус томонидан қарз олувчидан қарзга берувчига қарзга берилган суммани ундириш тўғрисида ижро ёзуви ёзиб берилиши мумкин.

Хусусан, амалётда фуқароларнинг мазкур жараёнларнинг билмаслиги оқибатида, уларнинг қарз шартномаси юзасидан судларга мурожаат қилинишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, нотариус томонидан қарз суммасини ундириб бериш бўйича ёзилган ижро ёзуви, қўшимча қоғозбозлик ёки оворагарчиликларни олдини олади.

И.Хотамов, Гулистон шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси