Ворислик асослари

Дата: 26.04.2016    

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига асосан ворислик икки асосда вужудга келади. Биринчидан, қонун бўйича ва иккинчидан, васият бўйича.

Мулк эгаси ўзига тегишли бўлган хусусий мулк тақдирини васият бўйича ҳал қилмаган ва ўзи вафот этганидан кейин унинг маълум бир шахс томонидан тасарруф қилишини белгиламаган ҳолларда қонун бўйича ворислик вужудга келади.

Қонун бўйича ворислик қуйидаги ҳолларда вужудга келади:

- васиятнома қисман ёки бутунлай ҳақиқий эмас деб топилган ҳолларда;

- мерос мулки ҳаммаси васият қилинмасдан қолган тақдирда, васият қилинмаган қисмига;

- васият бўйича меросхўр мерос очилганидан кейин меросни қабул қилмасдан вафот этган бўлса;

- васият бўйича меросхўр меросни олишдан бош тортган ёки ундан воз кечган холларда вужудга келади.

Қонун бўйича меросхўр мерос қолдирувчи билан қон-қариндошлик ришталари билан боғланган, яъни мерос қолдирувчининг авлодлари, оила аъзолари, меҳнатга лаёқатсиз, унинг қарамоғида бўлган, оила аъзолари бўлмаган шахслар бўлишлари мумкин.

Қонун бўйича меросхўрлар бўлиш учун улар нафақат мерос қолдирувчининг расман қон-қариндошлари бўлиши, шунингдек, амалда ҳаётда ҳам яқин кишилари бўлиши керак.

Қонун бўйича ворислик муносабати билан мерос қолдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўтиш тартиби ва шартлари қонунда белгиланиб қўйилган. Мерос қолдирувчининг мол-мулки қонунда белгилангоан тартибда, миқдорда ва навбатда меросҳўрлар ўртасида бўлинади. Қонунда белгиланмаган шахсларга ёки белгиланган тартибни бузиб, мерос мулкини яқин қариндошларга ёки бошқа яқин кишиларга, мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлмаган шахсларга бериш мумкин эмас. Қонун бўйича ворислик ҳуқуқи мерос қолдирувчининг вафоти ёки унинг суд қарори билан вафот этган деб эълон қилиниши билан бирданига ва тўлиғича меросхўрларга ўтади.

Васият бўйича ворислик мерос қолдирувчининг эрки билан вужудга келади. Васият бўйича ворислик тайинланганда мерос қолдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари меросхўрлар ўртасида тақсимланиши, шунингдек, ворисларни белгилаш фақатгина мерос қолдирувчининг эрки билан амалга оширилади.

Меросдан четлаштириш ёки мерос олишдан маҳрум қилиш фақат қонунда белгиланган асосларда ва тартибда амалга оширилиши мумкин.

Ворислик асослари қонун бўйича ворисликда ҳам, васияти бўйича ворисликда ҳам келишув мавзуи бўлиши мумкин эмас, яъни васият қилувчининг эрки ва иродасини турли важлар билан ўзгартиришга мумкин эмас.

Мерос ҳуқуқининг асосий ўзига хос белгилари қуйидагилардан иборат:

1. Мерос ҳуқуқи хусусий мулкни, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни ҳимоя қилиш ва уни мустаҳкамлаш воситаси ҳисобланади.

2. Мерос қолдирувчи ўз вафотидан кейин хусусий мулкининг сақланиши, уни кўпайишини, ривожланишини, ўсишини, оилани мустаҳкамлашдаги омилларини ҳисобга олиб, уни кимга ўтишига бефарқ қарай олмайди.

3. Қонун бўйича ворислар бўлиб, асосан, қон-қариндош муносабати билан боғлиқ оила аъзолари ҳамда оила аъзолари бўлмаган, лекин меҳнатга лаёқатсиз ва ёрдамга муҳтож, мерос қолдирувчи қарамоғида бўлган шахслар ҳисобланадилар. Қонун бўйича ворислар мерос қолдирувчига расман ва шу билан бирга, амалда энг яқин кишилардир.

4. Мерос ҳуқуқи бўйича мерос мулкдан олинадиган ҳисса эркаклар учун ҳам, хотинлар учун ҳам,қайд этилган никоҳдан туғилган болалар учун ҳам, белгиланган тартибда оталиги аниқланган болалар учун ҳам, фарзандликка олинган болалар учун ҳам баб-баравардир.

5. Васият бўйича мерос қолдирилганда меросхўрлар доираси кенгайиб, нафақат жисмоний шахсларга, шу билан бирга, юридик шахсларга ҳам берилиши мумкин.

6. Қонун бўйича ворислар бўлмаган тақдирда ва васиятнома бўйича ҳам меросхўрлар тайинланмаган тақдирда, мерос мулки суднинг ҳал қилув қарори билан эгасиз деб топилиб, давлат ёки фуқаронинг ўзини-ўзи бошқариш органига ўтади.

И.Хотамов, Гулистон шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси