Болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш – барчамизнинг бурчимиздир

Дата: 20.04.2016    

Маърифатли одам мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун фидойи­лик кўрсатиши табиий. Чунки ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат, биринчи навбатда, ўзининг юксак маданияти ва маънавияти билан кучлидир. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Президентимиз томонидан илгари сурилган: «Келажакда Ўзбекистон юксак даражада тараққий этган иқтисоди билангина эмас, балки билимдон, маънавий жиҳатдан етук фарзандлари билан ҳам жаҳонни қойил қолдириши лозим» деган фикр бугун ижобат бўлмоқда.

Дунёда «болаларни ҳимоя қилиш» деган тушунча бор. Албатта, буни глобал миқ­ёс­­даги умуминсоний масала сифатида қабул қиламиз. Яъни очликдан, оммавий эпидемиялардан, уруш ҳаракатлари оқибатларидан, ахлоқсиз зўравонликлардан ҳимоя қилишга халқаро ташкилотлардан тортиб ҳамма, ҳар бир киши баҳоли қудрат­ сафарбар. Назаримда, бола­ларни ҳимоя қилиш бундан-да чуқурроқ масалаларни­ қамраб оладики, дунё ҳамжамияти ҳам, биз ҳам энг аввало ана шу муаммо билан жиддийроқ шуғулланишимиз лозим.

Ҳар бир бола оламнинг бир парчаси, унинг қалби ва онгидаги об-ҳаво бутун башарият ҳаётининг об-ҳавосини белгилайди, боланинг бирор миллат, мамлакатга мансублиги нуқтаи назаридан қарасак, бола ўша миллат, ўша мамлакатнинг бир парчаси эканини билдиради.­ Бирор юртга тажовуз бўлса, ўша халқ сафарбар бўлади. Демак, бола онги ва ахлоқига қаратилган тажовузни ҳар ким мамлакатга тажовуздай қабул қилмоғи ва унинг ҳимоясига ҳамма бирдек отланмоғи лозим. Токи, болаликнинг дунё ҳақидаги пок тасаввурлари, ўзининг ҳаммага яхшилик қиладиган,­ ҳамма нарсага қодир, қудратли инсон эканига, қолаверса, одамларга, одамийликка бўлган ишончига дарз кетмасин. Токи, ўзининг тўғрисўзлиги ва меҳрибонлигидан ҳафсаласи пир бўлмасин.

Болаларнинг қалби ва онгини ҳимоя қилиш борасида эзгулик ва ёвузлик му­возанати сақлаб келинган.­ Аммо бугун – ХХI асрга келиб бу мувозанат бузилди.­ Бировнинг чиройли уйчаси­ни бузиб ташлашни истовчилар, ўзгаларга «сен қўлимдан тушиб кетган коптокни ердан олиб бериш учун ту­ғилгансан» деб қаровчилар бутун дунё болаларига таҳдид солмоқда. Улар Ватанимиз чегарасига тўпу тўпхонаси билан босиб келаётгани йўқ, улар Ватанимизнинг асосий чегарасини – болаларимизнинг онги, юраги, эътиқоди, дунёқараши чегараларини бузиб ўт­моқда. Интернет, қўл теле­фонлари, кино-видео, ком­пьютер­ ўйинлари, «оммавий маданият»нинг турли шоу, муси­қа, мода каби воситалари уларнинг қуроллари.

Инсониятнинг келажаги ҳақида қайғуда бўлган дунё аҳли бу тажовуздан безовта,­ албатта. Натижада «Кибер жиноятлар тўғрисида»ги конвенция халқаро амалиёт­да қўллана бошланди, Евро­па Иттифоқи парламенти ассамблеясининг «Вояга ет­маганлар учун хавфсиз интернет ва онлайн ресурсларни жорий қилиш тўғрисида»ги тавсия­лари ишлаб чиқилди, БМТ­нинг «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги кон­венцияси қабул қилинди. Германияда «Ёш­ларни ҳимоя­лаш тўғрисида», Литвада «Вояга етмаганларни оммавий ахборотнинг салбий таъсиридан ҳимоялаш тўғрисида» ва Россияда «Болаларни соғ­лиғи ва ривожланишига зиён етказувчи ахборотдан ҳимоялаш тўғрисида»ги қо­нунлар кучга кирди. Аммо бу чора-тадбирлар самарасидан ўша давлатларнинг ўзи ҳам тўла қониқмаётгани маълум.

Бизда эса мамлакатимиз мустақилликка эришган биринчи кунларданоқ ёшларнинг, болаларнинг маънавий ва жисмоний баркамоллиги давлатимизнинг бош сиёсатига айланди. Буни йилларнинг номланишига, чиқарилаётган қарорларнинг мазмунига бир қур кўз ташлаган инсон англаб олади. Масалан, «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонунда ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, жумладан, зўравонлик, ҳаёсизлик ва шафқатсизликни тарғиб қилишга­ қаратилган ҳар қандай хатти­-ҳаракатлар, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда эса беҳаёлик, шафқатсизлик ва зўравонлик ҳақида ҳикоя қилувчи, инсон қадр-қимматини таҳ­қирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этиш­ларига сабаб бўлувчи ада­биётларни тарқатиш, фильмларни намойиш этиш тақиқланиши белгилаб қў­йилган. Президентимиз Ислом­ Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида бу масаланинг оқилона ечимини кўрсатиб бериб, шундай таъкидлайди:­ «…ёш­ларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ юзага келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз керак». Демак, кураш майдони – болалик, йўл эса – «жаҳолатга қарши маърифат» йўли. Бу йўл – ота-боболаримиздан қолган «Сувга тупурма, ҳаром бўлади», «Кечаси саёқ юрма, жин чалади» деган насиҳатлар ва эртагу ривоятлар ўқиб беришдек оддий маърифатдан бошланади. Бу йўл – кўчада ва экранлардаги фақат «ҳаётдан лаззатланиб қол» мазмунидаги рекламаларни, танини ва машинасини кўз-кўз қиладиган клипларни камайтиришдан бошланади. Бу йўл – боласига меҳрибонлигини қиммат телефон олиб беришда эмас, унинг вақтини қандай ва кимлар орасида ўтказаётганидан хабардор бўлишда деб биладиган ота-оналардан бошланади. Бу йўл – мактабдаёқ яхшироқ билим беришга интиладиган фидойи муаллимлардан бошланади. Бу йўл – интернетдаги шафқатсизлик ва беҳаёликдан сабоқ берадиган сайтлар ҳамда ўйинларга чеклов қўйишдан бошланади. Бу йўл – дастур­хонга ҳалол топилган нонни қўйиб, унинг нақадар лаззатли экани болаларга айтиб бериладиган оилалардан бошланади. Болаликнинг одамлар ҳақидаги пок тасаввурлари ана шундай ҳаёт тарзи ҳамда ҳар биримизнинг мунтазам саъй-ҳаракатларимиз туфайли сақланиб қолади.

Хотиржамлик ҳукм сураётган давлатда яшаётганимиз учун шукр қилишимиз керак. Бошқарув жилови қўлдан кетган давлатлардаги­ аҳволни ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Уларда ҳар ку­ни уруш, жанжал, бир сўз билан айтганда, кўнгилда ҳаловат йўқ. Тинчлик бор жойда эса инсон қадр-қимма­тини улуғлашга, одамларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга вақт ҳам, маблағ ҳам топилади.

Ёшлар барча даврларда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиб келинган. Шу билан бир вақтда ўзгарувчан ва мунтазам шаклланиб борувчи бу қатлам доимий йўналтирилиб ва қўллаб-қувватлаб туришни талаб этади. Мазкур вазифалар қонунлар ижросининг кафолати саналмиш давлат томонидан амалга оширилади. Бу жараён қандай кечади? Фарзандларининг ижтимоийлашуви, ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланиши, жамиятда ўз ўрнини топиши учун ўзини масъул, деб билган ҳар бир давлат ёшлар ҳаётига ёшларга оид сиёсати билан таъсир ўтказади. Баркамол авлодни ижтимоий тўғри йўналтириш, уларга ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун моддий ва маънавий шароит яратиб бериш асносида давлат ва ёшлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб боради ва бу, ўз навбатида, ёшларнинг ҳуқуқ ва бурчларга риоя қилиш масъулиятини ҳам оширади.

Ҳар бир давлат ёш авлодни демократик, умуминсоний ва миллий қадриятлар руҳида тарбия қилишнинг уддасидан чиқиши, уларни ижтимоий жиҳатдан етарли даражада қўллаб-қувватлаши шарт. Акс ҳолда мамлакат аҳолиси фақатгина ишсиз ва салоҳиятсиз фуқаролар ҳисобига ортиб, кескин криминоген вазият ва ижтимоий зиддиятлар пайдо бўлиши мумкин.

Хўш, ёшлар муаммоси нега айнан бугунга келиб кун тартибидаги долзарб масалага айланди? Бир тоифа мутахассислар уни дунёнинг турли нуқталарида кечаётган урбанизация жараёни билан изоҳласа, бошқалари бироз мав­ҳум, бироз ҳавотирли жараён — глобаллашув билан боғлаб талқин этади. Учинчи тараф эса ахборот оқимининг тезлашуви ва мафкуравий хуружларнинг ортиб бораётганини сабаб қилиб келтиради. Мазмунан бир-бирини тўлдирувчи бундай қарашларга муносабат билдиришни кейинга қолдириб, ёшларга оид давлат сиёсати тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, ривожланиш босқичлари ва шаклланишига турки бўлган шарт-шароит­ларга қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.

ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб аксарият ривожланган давлатларда ёшлар қатламига “муаммо”, деб эмас, балки жамият тараққиётини таъминловчи куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қарала бошланди ва бу ёндашув турли мамлакатларда ёшларга оид давлат сиёсатининг шаклланишига ша­рои­т яратди.

Ўтган асрнинг 60-80-йилларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ёшлар қатламига бўлган муносабатнинг янгича принципларини белгилаб берувчи бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди ва ёшларнинг ижтимоий муаммо­лари ташкилот эътибор марказидаги вазифага айланди. Бошқа халқаро ташкилотлар томонидан ҳам ёшлар муаммо­лари ва ёшлар сиёсатига дахл­дор бир қанча ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, ёш­лар муаммоларини бартараф этишда Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТнинг ЮНИСЕФ фонди, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти алоҳида ўрин тута бошлади. Мазкур саъй-ҳаракатлар халқаро ва алоҳида давлатлар миқёсида расман ёшларга оид давлат сиёсати юритила бошланишига туртки бўлди.

Ёш авлод камолоти йўлида сарфланаётган маблағ ва ресурсларга келажакка тикилган сармоя, деб ёндашилаётгани айни муддаодир. Бу маблағлар келажакда мамлакатга, жамиятга, халққа ортиғи билан қайтади. Шу сабабли ёшларга оид сиёсат юритиш, бу борада муайян сиёсий институтлар, жамоат ташкилотларининг фао­лият олиб бориши кўплаб давлатлар ҳаётида салмоқли ўрин тутади.

Ёшлар турли жамоат ташкилотлари, маданий марказлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар ишида иштирок этиш орқали ўзларининг ижтимоий фаоллигини намоён қилишга интилади. Мана шу жойда ёшлар ташкилотларининг аҳамияти кўзга ташланади.

“Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасида “Ёшларнинг жамоат бирлашмалари ёш­ларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича давлатнинг комплекс ва аниқ мақсадли дастурларини ишлаб чиқишида қатнашадилар”, деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган.

Айни пайтда республикамиздаги ёшлар ташкилотлари ичида беш миллионга яқин ёшларни бирлаштирган “Камолот” ЁИҲ етакчи ўрин тутади. Шунингдек, бевосита ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода қиладиган “Янги авлод”, “Камалак”, “Соғ­лом авлод учун”, “Болалар спортини ривожлантириш”, “Истеъдод”, “Сен ёл­ғиз эмассан” каби жам­ғар­малар, “Келажак овози” каби бир қатор ташкилотлар ҳар бир боланинг ўзига хос қобилиятини ва истеъдодини ўз вақтида пайқаш, тарбиялаш ва рўёбга чиқариш мақсадида самарали фаолият юритиб келмоқда.

Бугунги кунга келиб ёш­лар ҳар қандай давлат ва жамиятнинг нафақат келажагини, балки бугунги ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий салоҳиятини ҳам белгилаб берувчи ўзига хос тўлқин, таъсирчан, фаол куч сифатида намоён бўлмоқда. Ёшлар муаммолари ўз вақтида ҳал этиб борилмаган, улар тўғри йўналтириб турилмаган жамиятда ёшлар ижтимоий-сиё­сий барқарорликка таҳдид солувчи кучга айланиши мумкин. Ёшлар онгида мафкуравий бўшлиқ бўлса, уни ғайриижтимоий, давлат ва жамият тараққиётига зид ғоялар эгаллаб олиши ҳеч гап эмас.

Юқорида очиқ қолган саволга мана шу жойда биргаликда жавоб топишга уриниб кўрамиз: нима учун ёшлар муаммоси бугунги кунда энг долзарб масалалардан бирига айланди?

Баркамол авлод ёшларимиз ўз ҳаёти давомида соғ­лиқни сақлаш, таълим олиш (умумий ва касбий, соҳавий), тарбия (мактаб, оила, жамият), касб ва мутахассисликни танлаш, ишга жойлашиш (бандлик), оила қуриш каби масалаларни ҳал этишга тўғри келади. Санаб ўтилганларнинг биронтасида узилиш бўлса, инсоннинг нормал ҳаёт кечириши қийинлашади. Бундай ҳолатга жамиятнинг ёш аъзолари дуч келса нима бўлади? Афсуски, бундай ҳолатларнинг аксарияти ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этиш билан якун топиши мумкин.

Шу сабабли мазкур масалаларни ҳал этиш давлатнинг соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя, маданият соҳаларига мутасадди бўлган идоралари, ОАВ зиммасига улкан масъулият юклайди.

Баркамол авлод ёшларини жамиятнинг энг фаол қатлами, дедик. Шу билан бирга ёшлар сиёсий манипуляция нуқтаи назаридан энг нозик қатлам саналади. 2011 йилнинг бошларида Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларида юз берган оммавий тартибсизликлар, МДҲга аъзо айрим мамлакатларда содир этилган “рангли инқилоблар” халқаро ҳамжамият эътиборини одатдагидан бошқачароқ тарз­да ўзига тортди: содир этилган оммавий тартибсизликлар марказида ёшлар тургани ёшларга доир сиёсат нечоғлик муҳим эканини яна бир бор эслатиб қўйди.

Давлатимиз суверенитетининг дастлабки давридаёқ, яъни 1991 йилнинг 20 ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани, мамлакатимиз раҳбари томонидан 1993 йил 4 мартда таъсис этилган дастлабки орден “Соғлом авлод учун”, деб номланиши, 1992 йилда ёшларнинг ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг инсонпарвар нормаларини ўзида жамлаган “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциянинг парламентимиз томонидан ратификация қилингани республикамизда ёшлар масаласига қаратилаётган эътибор юқори даражада эканлигини кўрсатади.

Жорий йилда эса ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дас­тури қабул қилиндики, у ақлан етук, жисмонан бақувват, маънан соғлом авлодни камолга етказиш борасидаги ислоҳотларнинг узвий давомини акс эттирувчи муҳим ҳужжатдир. Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан 2016 йил мамлакатимизда «Соғлом она ва соғлом бола» йили деб эълон қилиниши ҳам бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш билан бирга ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва маънавий етук шахс этиб вояга етказиш нақадар муҳим вазифалардан бири эканлигини англатади.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий мавқеи, жинси, маълумоти ва сиёсий эътиқодидан қатъи назар, ёшлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш; ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш; миллий, маданий анъаналарнинг авлоддан авлодга ўтиши; авлодларнинг маънавий алоқаси; ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жамият ривожига, айниқса, ёшлар ҳаётига оид дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ёшларнинг бевосита иштирок этиши; ҳуқуқ ва бурч­ларнинг, эркинлик ва фуқаролик масъулиятининг бирлиги каби тамойилларга асосланади.

Ўтган йиллар давомида Конституция ва кодекслардан ташқари ёшларга оид 24 та қонун, Президентнинг 15 та Фармони ва 11 та Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 41 та қарори, 32 та идоравий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон бевосита ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг иштирокчиси ҳисобланади. Бундан кўринадики, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати миллий қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳу­қуқнинг умумэътироф этилган қоида-тартибларига асосланади.

Ўзбекистонда ёшлар, яъни 30 ёшгача бўлганлар аҳолининг қарийб 64 фоизини ташкил этади. Бу, бир томондан, давлатимиз зиммасига улкан масъулият юкласа, иккинчи томондан ёшларга оид мақбул сиёсат юритиш натижасида улкан имкониятлар ҳам беради. Ҳозир Ўзбекистон меҳнат ресурсларининг ярмидан кўпи ёшлардир. Келгусида ҳар учинчи сайловчи ҳам ёшлардан бўлади. Мамлакатимиз аҳолиси ҳар йили салкам ярим миллионга кўпая­ётганини инобатга олсак, соҳага доир вазифалар кўламини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ўзбекистоннинг Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури, Мактаб таълими умуммиллий дастури, аёллар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, уларни тизимли равишда соғломлаштириш, соғ­лом авлод туғилиши ва тарбиясини таъминлашга қаратилган ва муваффақият билан амалиётга татбиқ қилинган дастурлар ва уларнинг натижасида эришилаётган ижобий натижалар МДҲ мамлакатларининг бирортасида ҳам учрамайди. Ўзбекистонда соғ­лиқни сақлаш, мактаб ва касб-ҳунар таълимига сарфланаётган давлат харажатлари ҳажми Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг катта эканининг ўзи истиқлол йилларида юртимизда ёш­ларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган улуғвор, асрларга татигулик эзгу ишлар салмоғи ҳақида тасаввур бера олади.

Мамлакатимиз ёшлари улкан ижодий, интеллектуал, ижтимоий-сиёсий салоҳиятга эга. Ёшларнинг ана шу куч ва салоҳиятни юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги учун сафарбар этишига кўмаклашиш, уларни ҳар томонлама соғлом ва маънавий етук шахс қилиб тарбиялаш барчамизнинг бурчимиздир.

Ш.Наркулов, Янгиер шаҳар 1-сон ДНИ стажёр нотариуси