Гиёҳвандлик ва унинг ёшларга салбий таъсири

Дата: 20.04.2016    

Гиёҳвандлик ҳозирги кунда ёшлар ҳаётига хавф солаётган жиддий ва глобал муаммога айланиб қолмокда. Унга ружу қўйиш нафақат ёшлар ҳаётига хавф солади, шунингдек, у кўп давлатларда терроризм, қўпорувчилик ва бошқа салбий оқибатларга сабаб бўляпти. Гиёҳвандликнинг ёшлар ҳаётига хавф солишига қарши курашиш, унга барчани жалб қилиш ҳамда “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” каби шиорни барчамизнинг ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда гиёҳвандлик ва токсин моддаларни қабул қилиш кўрсаткичи шиддат билан ўсиб бормоқда. Энг хатарли томони, ёшлар орасида героинга нисбатан эҳтиёж ортяпти. Бу касалликка чалинган инсон унга қул бўлиб қолиши, оқибатда оғир руҳий, жисмоний, маънавий ўзгаришлар, ижтимоий тушкунликка чалиниши кузатилади.

Гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги учун хавфли томони яна нимада? Мутахассислар мазкур касалликда дастлаб аниқ аломатлар кўзга ташланмаслигини, хасталик авж олганда – белгилари яққол кўринганда эса уни даволаш ниҳоятда қийин кечишини ёки амалда умуман даволаб бўлмайдиган ҳол вужудга келишини таъкидлайдилар.

Бу офатнинг жамият учун қандай хатарли томони бор, деган саволга эса ўнлаб йўналишлар асносида жавоб бериш ва юзлаб мисолларни келтириш мумкин. Гиёҳвандликка мубтало бўлиш киши ҳаётини бутунлай издан чиқаради. У ҳар тарафлама таназзулга юз тутади. Энг асосийси ва даҳшатлиси, гиёҳвандликка ружу қўйган кимса зарур пайтда ўзини ўзи бошқариш қобилиятидан маҳрум бўлади. Демак, у нима қилаётганини чуқур англаб етмайди ва наркотикка руҳий тобелик пайтида қандай топшириқ буюрилса, шуни бажаравериши мумкин. Айни шуни ҳисобга олиб, жиноятчи гуруҳлар уларни ўзларига қарам қилиб оладилар ва улардан қабиҳ мақсадлари йўлида фойдаланадилар. Айниқса, диний экстремистик ва террористик тузилмалар учун бу усул кенг тарқалгани кўпчиликка маълум.

Кейинги йилларда ер юзида гиёҳванд моддаларни истеъмол қиладиган, унинг ғайриқонуний савдоси билан шуғулланадиган одамлар тобора кўпайиб бораётганлиги барчамизни огоҳ бўлишга ундайди. Ахир ногирон фарзандларнинг дунёга келиши, наслнинг бузилиши, оилавий ажралишларнинг ортиши, жиноятчилик, фоҳишабозлик каби иллатлар асосида ҳам айни шу бало – гиёҳвандлик ётади. Демак, унинг салбий оқибатлари жамият учун жуда ҳам хатарлидир.

Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича 200 миллиондан ортиқ киши гиёҳвандлик ботқоғига ботган. Унинг домига тушиб қолаётганлар сони эса кундан-кун кўпайиб боряпти. Энг ачинарлиси, гиёҳвандликка чалинган 1 нафар кимса йил давомида ўнлаб иродаси суст кишиларни ўз сафига қўшиб олиши мумкин. Уларнинг кўпчилиги ёшлар эканлиги ниҳоятда ташвишланарли. Шу боис ҳам БМТ ташаббуси билан 1997 йилдан бошлаб 26 июнь – «Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни» деб эълон қилинган. Мамлакатимизда ҳам бу иллатнинг илдиз отишига йўл қўймаслик мақсадида ҳар йили гиёҳвандликка қарши кураш тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда. Соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадида аҳоли ўртасида кенг кўламда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бироқ, энг аввало оилада бола тарбиясига, унинг юриш-туришига эътибор кучайтирилмас экан, ижобий натижага эришиш ниҳоятда қийин. Чунки гиёҳвандлик нишонида биринчи навбатда ҳар нарсага қизиқувчан ва шу нарсага ўта берилувчан фарзандларимиз туради. Унутмайлик, қурол билан одам ҳаётига таҳдид қилинганда тепкини босгач, нишонда адашиш мумкин. Биз назарда тутган ҳолатда эса ўлжа ҳеч қаерга қочиб қутула олмайди. Чунки гиёҳвандлик нишонга бехато уради

М.Худайбердиева, Гулистон шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси