Ёшларимиз ҳуқуқ ва манфаатлари – қонун ҳимоясида

Дата: 11.04.2016    

Президентимиз Ислом Каримовнинг «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт» деган сўзларида Ўзбекистонда ёш авлодни тарбиялаш борасидаги давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ўз ифодасини топган.

Ёшларнинг манфаатларини янада тўлароқ таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилиб келинмоқда.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг маънавиятини юксалтириш соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳаётимизнинг бошқа соҳалари билан ўзаро чамбарчас боғланган ҳолда, тизимли, босқичма-бос­қич амалга ошириладиган стратегияси белгилаб олинди.

Унга асосан, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг устувор йўналишларида бир қанча ислоҳотлар амалга оширилмоқда, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати, биринчидан, миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий мавқеи, жинси, маълумоти ва эътиқодидан қатьи назар, ёшлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш, иккинчидан, ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, учинчидан, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари доирасида ўз манфаатларини амалга ошириш йўлларини эркин танлаб олишларига кафолат бериш, тўртинчидан, жамиятни ривожлантиришда, айниқса, республика ёшлари ҳаётига оид сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ёшларнинг бевосита иштирок этиши, бешинчидан, ҳуқуқ ва бурчларнинг, эркинлик ва фуқаролик масъулиятининг бирлиги қоидаларига асосланади.

Мамлакатимизда вояга етмаганлар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли ташкилий-ҳуқуқий асослар, қонуний негизлар тўла шакллантирилди. Бунинг асосий йўналишлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида аниқ белгилаб берилди. Конституциямизнинг 45-моддасида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги мустаҳкамланган бўлса, унинг 64-моддаси билан ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантириши белгиланган.

Бундан ташқари, Асосий Қонунимизнинг 65-моддасида фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатьи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши мустаҳкамланган. Кейинги йилларда ёшларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини янада тўлиқ таъминлаш йўлида янги қонунлар қабул қилиниб, амалдаги қонун ҳужжатлари изчил такомиллаштирилиб борилаётгани диққатга сазовордир.

Юртбошимиз ташаббуси билан мустақилликнинг дастлабки ойларида – 1991 йилнинг 20 ноябрида "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Унда ёшларга оид давлат сиёсатининг мақсади ва вазифалари қатъий белгилаб қўйилди.

Қонуннинг мақсади ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати миллий қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида-талабларига асосланади. Ўзбекистон Республикаси бевосита ёшларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ўттиздан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг иштирокчиси ҳисобланади.

Бугунги кунда шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунчилик тизими халқаро ҳуқуқнинг демократик тамойилларига мос келиши билан бирга, ривожланган демократик давлатларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ижобий жиҳатларини ҳам ўзида тўлиқ ифодалайди. Мазкур демократик стандартлар ёшларга оид давлат сиёсатининг асосини ташкил этиб, қонунчилик жараёнида ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида кенг татбиқ этилмоқда. Бу борада талайгина ишлар амалга оширилмоқда.

М.Ўралов, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими