Уй жой олди-сотди битимини нотариал тасдиқлашнинг зарурий қоидалари ва уни ҳақиқий эмас деб топиш асослари

Дата: 29.03.2016    

Фуқаролик муносабатларини тартибга солишда нотариат соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ўзига хос ўрни бор.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 декабрда қабул қилинган “Нотариат тўғрсида”ги Қонуни, Президент фармони, Қарорлари ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласига киради.

Мазкур қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат нотариал идораларининг нотариуслари томонидан амалга оширилади. Нотариуслар амалга оширадиган нотариал ҳаракатлардан бири бу битимларни тасдиқлашдир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 101-моддасига асосан битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқи ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаркатларига айтилади.

Нотариуслар қонун ҳужжатларига биноан нотариал шаклда тасдиқланиши мажбурий қилиб қўйилган битимларни тасдиқлайди. Битимни нотариал тасдиқлаш қонун талабларига мос келадиган ҳужжатда нотариус ёки бундай нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан тасдиқловчи устхат ёзиб қўйиш йўли билан амалга оширилади. Битимлар қонунда кўрсатилган ҳолларда ва тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланади.

Кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлган барча битимлар мулк жойлашган ҳудуддаги нотариал идорада бажарилади. Амалиётда кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни нотариал тасдиқлашда нотариуслар аввалом бор, бошқа шахсга ўтказилаётган мулк, ўтказувчига (сотувчи, ҳадя қилувчига) тегишли эканлигини ҳужжатлар асосида текшириб кўради. Шахснинг мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган асосларга кўра тасдиқланади.

Уй-жой квартирани бошқа шахсга ўтказиш тўрисидаги битимни тасдиқлаш вақтида нотариус бу мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ бор йўқлигини текшириши лозим. Тақиқ мавжуд бўлган тақдирда уй-жой квартирани бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битим кредитор билан харидор қарзни харидорга ўтказишга рози бўлган тақдирда, арест мавжуд бўлганда эса, у олиб ташлангандан кейин тасдиқланади. Ушбу шартномалрни тасдиқлаш вақтида нотариус мулкни эр-хотиннинг никоҳ қайд этилганидан сўнг умумий мулки эканлигини аниқласа, бундай ҳолларда бошқа шахсга ўтказиш ҳақида эр ёки хотиннинг розилигини олгач амалга оширади. Эр ёки хотиннинг ёзма равишда берган аризасини расмийлаштириш йўли билан олинади.

Нотариал идоралар нотариуслари томонидан тасдиқланган битимлар қонун ҳужжатларида белгиланган асосларга кўра, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 2-бобида битим белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли ёки бундай деб топилишидан қатъи назар ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Битимнинг қонун талаб қиладиган шаклига риоя этмаслик қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолдагина унинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлса, қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шунингдек, вояга етмаган шахслар, муомалага лаёқатсиз деб топилган ва муомала лаёқати чекланган шахслар томонидан тузилган битимлар ҳамд қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда тузилган битимлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

М.Худойбердиева, Гулистон шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси