Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланган

Дата: 20.05.2013    

Самарали инвестиция сиёсати кўп жиҳатдан давлатнинг муваффақиятли тараққиётини белгилайди. 2013 йил биринчи чорагида Ўзбекистонда инвестиция сиёсатини амалга ошириш натижалари келажакка катта ишонч билан қараш имконини беради. Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 7,2 фоизга ўсди. Бу борадаги юқори кўрсаткичлар мамлакатимиз иқтисодиётида шаклланган институционал муҳит корхоналарни модернизация қилиш ва ривожлантириш учун инвестициялар жалб қилиш кафолати эканидан далолатдир.

Бугун инвестиция муносабатларини янада ривожлантириш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, инвестиция фаолиятининг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, узоқ муддатли инвестиция стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига ўзгартишлар киритишни кўзда тутадиган қонун лойиҳасини парламентда кўриб чиқиш учун тақдим этиш режалаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Есемурот Каньязов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирига мазкур ҳужжатга киритилаётган ўзгартишларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

– Ўзбекистонда инвесторлар учун қулай инвестиция муҳити, имтиёз ва преференциялар тизими яратилган, – деди Е.Каньязов. – Иқтисодиётимизга жалб қилинаётган хорижий инвестициялар ҳажмининг йилдан-йилга ўсиб бораётгани ҳам бундан далолат беради. Мамлакатимизнинг инвестиция киритиш жиҳатидан жозибадорлиги, аввало, халқаро инвестиция ҳуқуқининг асосий қоидаларини ўзида мужассам этган самарали қонунчилик базаси яратилгани билан боғлиқдир.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича умумий ҳисобда 400 дан зиёд қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қабул қилинди ва ҳаётга жорий этилди. Уларнинг барчаси иқтисодиётимизни янада либераллаштириш ва модернизация қилишда нафақат мустаҳкам ҳуқуқий асос, балки амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг ортга қайтмаслиги кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунлари бу борада энг аҳамиятли ҳужжатлар бўлиб, қулай инвестиция муҳитини шакллантириш имконини берди. Бундан ташқари, мамлакатимиз инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида элликка яқин икки томонлама шартнома имзолади, ушбу соҳада қатор кўп томонлама халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилди.

Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, инвестицияларга етказилган зарарни қоплаш, инвестицияларни хорижга эркин кўчириш масалаларини ўз ичига олган мазкур шартномалар инвестициялар билан боғлиқ низоларни ҳал этиш масалаларини ҳам тартибга солмоқда.

– Инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал этиш механизми нималардан иборат ва халқаро амалиётда бу борада қандай аниқ мисоллар бор?

– Узоқ муддатли хўжалик муносабатларини амалга ошириш жараёнида турли низолар юзага келиши мумкин. Шу муносабат билан инвесторнинг мулкка эгалик ҳуқуқларини таъминлайдиган, бошқа ҳуқуқларини кафолатлаш, зарур ҳолларда эса уларни ҳимоя қилишнинг тегишли восита ҳамда услубларини ушбу инвестор ихтиёрига топшириш имконини берадиган амалий тизимнинг мавжудлиги ҳар қандай мамлакатда қулай инвестиция муҳитининг муҳим омили ҳисобланади.

Одатда, халқаро майдонда томонлар ўртасида чет эл инвестициялари билан боғлиқ барча низони улар ўртасида музокаралар ўтказиш, келишув мавжуд бўлмаган тақдирда эса инвестицияларни қабул қилувчи мамлакат судлари ёки халқаро ҳакамлар судида (арбитраж) кўриб чиқиш орқали ҳал этиш қабул қилинган. Бунда ҳар икки томоннинг ҳакамлар судига бундай низони тақдим этиш учун ёзма равишда розилик бериши ўзига хос хусусият ҳисобланади.

Давлатлар ва чет эллик шахслар ўртасидаги инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги конвенциянинг 25-моддаси халқаро ҳакамлар судидан ёзма равишдаги розилик мавжуд бўлгандагина фойдаланиш мумкинлигини тасдиқлайди. Унда Инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказ аҳдлашаётган давлат ёки бошқа аҳдлашаётган инвестор ўртасида бевосита инвестициялар билан боғлиқ муносабатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқий низоларни ҳал этиш, бунда низо иштирокчилари уни марказга кўриб чиқиш учун ёзма розилик берган тақдирдагина амалга ошириш ваколатига эга экани қайд этилган.

Бундай розилик, одатда, давлатлар ўртасида тузиладиган шартномалар ёки инвестор ва инвестицияларни қабул қиладиган давлат ўртасидаги шартнома доирасида қайд этилади. Бу, шунингдек, ўз фуқароларининг бошқа давлат ҳудудидаги инвестицияларини ҳимоя қилиш, бундай шартномани тузишга интилаётган мамлакатларни рағбатлантиради. Барча ҳолатда инвестицияларни қабул қилаётган давлатнинг маълум бир низони ҳакамлар судига бериш тўғрисидаги розилигини олиш мажбурий ҳисобланади.

– Ўзбекистонда инвестиция билан боғлиқ низолар қандай тартибда ҳал этилмоқда?

– Юқорида таъкидланганидек, мамлакатимиз инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида қатор шартномалар иштирокчиси ҳисобланади. Бу шартномалар инвестиция киритиш бўйича қулай тартиб ўрнатишдан ташқари, инвестицияларни қабул қилувчи давлат билан низолар юзага келган ҳолатда инвесторнинг мулкка эгалик ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тартибга соладиган нормаларни ҳам ўз ичига олади. Хусусан, Ўзбекистон имзолаган қатор шартномаларда инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳакамлар судига Инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказ (Вашингтон), Халқаро савдо палатаси ҳузуридаги Халқаро ҳакамлар суди (Париж), Стокгольм савдо палатаси ҳузуридаги Ҳакамлар суди (Стокгольм) қоидалари бўйича ёки бошқа мунтазам фаолият кўрсатадиган ҳакамлар суди ёхуд «ad hoc» ҳакамлар судига (маълум бир низоларни ҳал этиш учун махсус ташкил этиладиган ҳакамлар суди) тақдим этиш имконияти кўзда тутилган.

Бундан ташқари, инвесторлар инвестиция билан боғлиқ низоларни Ўзбекистон Республикаси билан маҳсулотни тақсимлаш тўғрисида тузиладиган шартномалар, концессион ёки инвестиция шартномалари доирасида ҳал этиш тартибини кўзда тутиш имконига ҳам эга. Мамлакатимиз 1995 йилдан буён 1958 йил 10 июнда қабул қилинган Чет эл ҳакамлар суди қарорларини тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги Нью-Йорк конвенцияси аъзосидир.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал этишнинг умумэътироф этилган халқаро ҳуқуққа тўлиқ мос келадиган бир қанча йўналишлари мавжуд. Бироқ, амалиёт шуни кўрсатадики, айрим чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикасининг ушбу соҳани тартибга соладиган қонунчилигини нотўғри талқин қилаётган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги қонуни 10-моддасида томонлар инвестициялар билан боғлиқ низони ҳал қилишга эриша олмасалар, бундай низо Ўзбекистон Республикасининг хўжалик суди томонидан ёхуд ҳакамлик воситасида инвестицияга оид низоларни ҳал этишга доир Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларнинг (битимлар ва конвенцияларнинг) қоидалари ва тартибларига мувофиқ ҳал этилиши лозимлиги белгиланган.

Бундан кўриниб турибдики, юқорида келтирилган норма фақат инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал этишнинг мумкин бўлган вариантларини белгилайди ва унда давлатнинг инвестиция билан боғлиқ маълум бир низони ҳакамлар судига тақдим этиши бўйича розилигини олиш кўзда тутилмаган.

Мазкур нормани тўғри шарҳлашни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2006 йил 20 ноябрда ушбу нормага расмий шарҳ берди. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз Конституциясига мувофиқ қонунларга расмий шарҳ бериш Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ваколатига киради.

Ушбу ҳужжатда Конституциявий суд томонидан қонуннинг 10-моддаси мамлакатимизнинг инвестиция билан боғлиқ муайян низони халқаро ҳакамлар судига ҳал этиш учун тақдим этиш бўйича розилигини англатмаслиги аниқ изоҳлаб берилган.

– "Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида"ги қонуннинг 10-моддасига аниқликлар киритиш зарурати қандай асосларга эга?

– Конституциявий суд томонидан расмий шарҳ берилганига қарамай, афсуски, бугун айрим инвесторлар мазкур моддани нотўғри талқин қилаётган ҳолатлар учрамоқда. Улар буни Ўзбекистон Республикасининг инвестиция билан боғлиқ ҳар қандай низони ҳакамлар суди, масалан, Инвестиция билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказга тақдим этишга розилиги сифатида қабул қилмоқда. Мазкур ҳолат чет эл инвестициялари оқимини таъминлашга интилаётган ҳар қандай давлат сингари Ўзбекистонни ҳам ташвишга солади, албатта. Зеро, мамлакатимиз истиқлолнинг дастлабки кунларидан ўз қонунчилигини имкон қадар қўллаш учун очиқ ва тушунарли бўлишга ҳаракат қилмоқда.

Шу муносабат билан жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига ўзгартишлар киритишни кўзда тутадиган қонун лойиҳасини Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун тақдим этишни режалаштирмоқда. Чунончи, 10-модданинг биринчи қисми мамлакатнинг инвестиция билан боғлиқ муайян низони халқаро ҳакамлар судига ҳал этиш учун тақдим этиш бўйича розилигини англатмаслигига аниқлик киритиш кўзда тутилмоқда.

Бироқ бу Ўзбекистонда инвестиция билан боғлиқ ҳеч бир низо халқаро ҳакамлар судида кўриб чиқилмайди, дегани эмас. Юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистон қонунчилигида низоларни ҳакамлар судига давлатлар, давлат ва инвестор ўртасида тузиладиган икки томонлама шартномалар орқали тақдим этишга ёзма розилик беришнинг турли вариантлари кўзда тутилган.

Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан мақсад “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 10-моддасининг мазмунини ўзгартириш ёки чет эллик инвесторлар ҳуқуқларини чеклаш эмас, балки унга аниқлик киритишдан иборатдир. Ўзбекистон Республикасининг розилик бериш масаласи ҳар бир ҳолатда кўриб чиқилиши ва бу розилик ёзма равишда ифодаланиши керак. Шундай экан, мамлакатимиз халқаро ҳакамлар судига розилик бериши учун бу ҳолат унинг икки томонлама ёки кўп томонлама инвестиция шартномалари ёхуд битимларида қайд этилиши лозим.

– Қонун лойиҳасида чет эллик инвесторлар учун қандай афзалликлар кўзда тутилган?

– Таклиф этилаётган ва чет эллик инвесторлар манфаатларини тўлиқ ифода этадиган мазкур қонун лойиҳаси уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш ва Ўзбекистон билан муносабатларда бирон-бир ноаниқликларни истисно этувчи қонунчилигимизни улар томонидан тўғри тушунилишини таъминлашга қаратилган. Мазкур қонун лойиҳаси чет эл инвестициялари соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг асосий стандартларига мос келади. Зеро, бу стандартлар давлатни чет эллик инвесторлар билан муносабатларда очиқ-ошкора ҳаракат қилиши, жумладан, улар инвестиция фаолиятини тартибга соладиган барча қоида ҳамда нормалардан олдиндан хабардор қилишни таъминлайди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, қонунга киритиш учун таклиф этилаётган ўзгартишлар миллий қонунчилигимизнинг очиқ-ошкоралигини ва Ўзбекистон Республикасига сармоя киритган ёки киритиш ниятида бўлган чет эллик инвесторлар унинг қоидаларини тўғри тушунишини таъминлашга ёрдам беради, бинобарин мамлакатимизнинг сармоявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.