Пуч ваъдаларга учманг!

Дата: 20.05.2013    

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон ва фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида белгилаб қўйилганидек, "Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас". Бу конституциявий-ҳуқуқий норма Инсон ҳуқуқлари умумжахон Декларациясининг 5-моддасига тўла мос келади. Қийноққа солиш, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон кадр-қимматини камситувчи тазйиқлар халқаро ҳамжамият томонидан ғайриинсоний ва йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат сифатида баҳоланади.

Одам савдоси-бу алоҳида шахсни (ёки гуруҳни) ёллаш, уларни муайян бир давлат чегарасидан ташқарига олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлар бўлиб, у шахсни сотиш, сотиб олиш, алдаш, қийнаш, мажбурлаш йўли билан унга тазйиқ ўтказиш каби ҳаракатларни ўз ичига олади.

Одам савдоси қадимдан мавжуд бўлган жиноятлардан биридир. Бироқ ҳозирги вақтда бундай қилмишга мутлақо йўл қўйилмайди. Бу жирканч иллат фақат миллий қонунчилигимизда эмас, балки халқаро миқёсда ҳам кенг таъқиб қилинмоқда.

Хусусан, БМТ нинг маълумотларига кўра, Лотин Америкаси, Африка, Жанубий Осиё мамлакатларида 12 миллион одам қулчилик шароитида яшамоқда.

Мамлакатимизда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларимизнинг қуллик тузоғига тушиб қолмаслигини таъминлашга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Чет элларга бориб ишлаш истагида бўлганлар учун қонуний жиҳатдан шарт-шароитлар яратилган бўлсада, бироқ шунга қарамасдан айрим фуқароларимиз пуч ваъдаларга учиб, фирибгарлар тузоғига илиниб, одам савдосининг қурбонига айланмоқдалар.

Туманимизда одам савдосига қарши кураш борасида аниқ, мақсадга йўналтирилган тадбирлар амалга оширилмокда. Маҳалла ҳудудларида, ўқув даргоҳларида мунтазам ўтказиб келинаётган учрашув ва семинарларда одам савдоси ва унинг салбий оқибатлари юзасидан кенг тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Одам савдоси жинояти курбонига айланган шахсларга ёрдам кўрсатиш масаласига маҳаллалар, мактаб, коллеж раҳбарлари, фуқаролар йигинларининг мутасаддилари, кенг жамоатчилик жалб этилган. Шунингдек, узоқ муддат хорижий давлатларда бўлиб келган фуқаролар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш ҳам йўлга қўйилган.

Шириной Қаршиева, Ховос тумани ДНИ нотариуси