Олис қишлоқларда ҳам ҳуқуқий тарғибот тадбирлари давом этади

Дата: 14.05.2013    

Бугунги кунда одам савдоси дунё ҳалқларини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан бири ҳисобланмоқда. Одам савдоси ҳеч қандай ҳудуд ва чегара танламайди. Шу сабабли, ушбу жиноятга қарши самарали кураш олиб боришда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган. Қолаверса, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб ҳалқаро ҳужжатларга қўшилган ва БМТ томонидан мазкур соҳада қабул қилинган ҳалқаро шартномалар иштирокчисига айланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида мамлакатимизда демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, 26-моддасида эса ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Айниқса, мамлакатимизда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда Президентимизнинг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул килиниши, унга асосан одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ташкил этилиши ушбу трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини янада оширди.

Республикамизда одам савдосининг олдини олиш, унга чек қўйиш борасида турли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан мазкур Қонун ва Қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига, айниқса, ёшларга тушунтириш мақсадида одам савдосига қарши курашиш бўйича жойларда ташкил этилган комиссиялар, ҳудудий давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар йўлга қўйилган.

Хусусан, 2012 йилда бошқарма ва унинг тизими ходимлари томонидан одам савдосига қарши курашиш юзасидан 171 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди. Шундан, 109 маротаба давра суҳбати уюштирилди, 47 маротаба маъруза ўқилди ва 15 маротаба семинар ўтказилди. Шунингдек, мавзу бўйича оммавий ахборот воситалари орқали бир қатор чиқишлар қилиндики, уларнинг 7 таси маҳаллий телевидениеда, 8 таси радиода, 4 таси эса маҳаллий нашрларда эълон қилинди.

2013 йил 1-чораги давомида эса 81 марта ҳуқуқий тарғибот иши амалга оширилди. Оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар сони 9 тани ташкил этди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва коллежларда учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 12 март куни Янгиер шаҳридаги “Бинокор” маҳалласида адлия бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги, прокуратура ва хотин-қизлар қўмитаси масъул ходимлари, давлат нотариал идораси нотариуслари иштирокида ҳамда 19 март куни Гулистон шаҳридаги 1-сон педагогика коллежида ИИБ, “Камолот” ЁИҲ, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда давлат нотариал идораси нотариуслари ва ФҲДЁ бўлими мудири иштирокида “Огоҳ бўлинг” мавзуида ўтказилган давра суҳбатларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Адлия бошқармаси ва унинг тизими ходимлари томонидан одам савдосига қарши курашиш борасидаги ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишларини кенг халқ оммаси ичига кириб, олис қишлоқларимизда ҳам кўплаб ўтказишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Шодибек МАМАТОВ,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси

бошлиғининг биринчи ўринбосари