Одам савдоси - аср муаммоси

Дата: 07.05.2013    

Бугунги кунда одам савдоси дунё халқларини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан бири ҳисобланмоқда. Бу жиноят ҳеч қандай ҳудуд ва чегара танламайди. Шу сабабли, унга қарши самарали кураш олиб боришда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган. Қолаверса, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасида кўплаб халқаро ҳужжатларга қўшилган ва БМТ томонидан мазкур соҳада қабул қилинган халқаро шартномалар иштирокчисига айланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши ва Конституциянинг 26-моддасида эса, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Айниқса, мамлакатимизда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул килиниши, унга асосан одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ташкил этилиши ушбу трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини янада оширди.

Ўзбекистон Республикасида одам савдосининг олдини олиш борасида турли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан мазкур қонун ва қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига, айниқса, ёшларга тушунтириш мақсадида одам савдосига қарши курашиш бўйича жойларда ташкил этилган комиссиялар, ҳудудий давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда бир талай ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, 2012 йилда бошқарма ва унинг тизим ходимлари томонидан одам савдосига қарши курашиш юзасидан 171 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Мазкур тадбирлар ўзининг самарасини бериш билан бир қаторда кенг аҳоли ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлаётир.

Шуни эътироф этиш лозимки, аҳоли ўртасидаги тарғибот ташвиқот ишлари сони 2013 йилда янада кўпайди. Биргина, жорий йилнинг 2013 йилнинг биринчи чорагида вилоятда адлия органлари ташаббуси билан 81 маротаба ҳуқуқий-тарғибот ишлари амалга оширилди.

Жумладан, жорий йилнинг 12 март куни Янгиер шаҳар “Бинокор” маҳалласида вилоят адлия бошқармаси, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси масъул ходимлари, давлат нотариал идораси нотариуслари иштирокида ҳамда 19 март куни Гулистон шаҳар 1-сон педагогика коллежида ИИБ бошқармаси, “Камолот” ЁИҲ Кенгаши, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва давлат нотариал идораси нотариуслари, ФҲДЁ бўлими мудираси иштирокида “Огоҳ бўлинг” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилди.

Адлия бошқармаси ва унинг тизим ходимлари томонидан одам савдосига қарши курашиш борасидаги ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишларини кенг халқ оммаси иштирокида вилоятнинг олис қишлоқларида ҳам ўтказиш мақсад қилиб олинган.

Сардоба тумани вилоятнинг чекка, қўшни Жиззах вилоятига чегарадош туманлари сирасига киради. Ушбу туманинг “Улуғбек” маҳалласида “Одам совдоси-аср қабоҳати” мавзусидаги ўтказилган давра суҳбати вилоят адлия бошқармасининг навбатдаги тадбирларидан бири бўлди. Ушбу тадбирда жиноят ва фуқаролик суди раислари, “Камолот” ЁИҲ Кенгаши масъул ходимлари нотариал ва ФҲДЁ бўлими мудиралари, ҚФЙ ва МФЙ раислари бевосита иштирок этиб ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Вилоят адлия бошқармаси масъулларининг бу борадаги теран фикр мулоҳазалари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Давра суҳбати қизғин савол-жавобларга бой бўлди.

              Ш.Маматов,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

бошлиғининг биринчи ўринбосари