АЁЛГА ЭЪТИБОР МИЛЛАТГА ЭЪТИБОРДИР

Дата: 06.05.2013    

Барча оналар опа-сингиллар ҳаммамиз учун азиздир.

Шоира, тадбиркор, каҳрамон, раҳбар аёллар барча халқларда мавжуд. Барча халқ аёллари гўзал зотан улар Момо Ҳавонинг жинсдошларидир.

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз: «Аёлларга имкон қадар илиқ муомалада бўлишга ҳаракат қилдим», деганлари бежиз эмас бинобарин, қайси ҳукмдор, қайси давлат хотин-қизларни эъзозласа, шу юрт камол топган, гуллаб-яшнаган. Аёлини эъзозлаган оила бу дунёнинг жаннатига айланган.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига багишланган тантанали маросимдаги маърузасида хам аёллар масаласига алоҳида тўхталиб ўтганлигини - аёл зотининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини, ижтимоий фаоллигини янада оширишга қарата айтган сўзларида ҳам юқоридаги фикрлар ўз ифодасини топган.

Бугуннинг аёлга ҳамма соҳада ўз ўрнини топиши учун талайгина эркинлик, имконият ва имтиёзлар берилган. У раҳбар, зиёли, шифокор, тадбиркор… Халқ депутатлари туман, вилоят Кенгаши, Олий Мажлис Конунчилик палатаси, Ўзбекистон Экологик Харакатига сайланадиган депутатлик ўрнидан 30 фоиз аёллар учун қонунчилик доирасида квота ажратилгани уларнинг сиёсат бобида ҳам изчил фаолият кўрсата олишларига билдирилган ишончдир.

Аёлларимиз қайси соҳада меҳнат қилмасин, аввало оиласига, юртига жонкуярлиги унинг ҳар бир ҳаракатидан сезилиб туради. Оиланинг ободлиги, рўзғорнинг баракаси аёл билан эканлигини кексаларимиз кўп таъкидлашади. Шунингдек, фарзандларнинг яхши тарбия олиши, кизларимизнинг ҳунарли, келинларимизнинг эпли-шудли бўлишида ҳам оналарнинг мехнати беқиёс.

Ўзбек аёлининг ўзига хослиги, аввало, эрга ҳурмати, ибоси, ҳаёси, болажонлиги, оилага садоқати, сабр бардошида кўринади. Биз ўзбек аёлининг оиласига садоқати боқийлигидан фахрланамиз. Айни пайтда унинг дунё гўзалликлари-ю, завқидан баҳраманд бўлишининг тарафдоримиз.

Бир сўз билан айтганда ўзбек аёли ибо-ҳаё, латофат, садоқат ва улуғ бардош, матонат тимсолидир.

Матлуба УММАТКУЛОВА,

Гулистон туман ФҲДЁ бўлими мудираси.