Коррупцияга қарши курашиш – давр талаби

Барчамизга маълумки, ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида тобора кўп қўлланилаётган атамалардан бири бу коррупциядир.

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Чунки порахўрлик - ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган ҳавфли жиноий ҳодисалардан биридир.

Маълумки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади. “Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Лекин фақат давлат хизматчилари коррупция фаолиятининг субъектлари ҳисобланади, чунки коррупция муносабатлари юзага келишига сабаб бўладиган қарорлар қабул қилиш ёки ҳаракатлар содир этиш учун ҳокимият ваколатига фақат улар эга бўлади”.

Умуман олганда, коррупция ҳодисасига сўзнинг кенг маъносида ёндашадиган бўлсак, бу шунчаки жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, балки маънавий бузилиш ҳолатидир. Шундай экан, ўйлаймизки, мазкур иллатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.

Ҳозирда коррупция тушунчасини ёритишда бир қанча таърифлар мавжуд. БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида коррупцияга энг қисқа, лекин кенг қамровли таъриф қуйидагича берилган: “Коррупция – бу шахсий наф кўриш мақсадида давлат ҳокимиятини суистеъмол қилишдир”.

Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу жиноятга “Жиноятнинг ёпиқ ва энг қабиҳ тури бор. Бу коррупция ва порахўрлик, жиноятнинг бу тури бошқарув аппаратини издан чиқарибгина қолмай, бозор асосларини ҳам барбод этиши мумкин. Коррупция, энг аввало, уюшган жиноий тузилмаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланишидир” деб бежиз таъриф берилмаган.

Бугунги кунга келиб республикамизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими шаклланди.

Ушбу иллатга қарши курашишни жаҳон талаблари асосида ташкил этиш мақсадида 2008 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йил 13 октябрдаги "Коррупцияга қарши" Конвенциясини ратификация қилди, шунингдек, "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Коррупцияга қарши" конвенциясига Ўзбекистон Республикаси қўшилиши тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Шунингдек, Давлатимиз 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилди.

Коррупцияга қарши кураш ишларини ташкиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 3 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси тузилмасида ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги порахўрлик, ўғирликлар ва бошқа суиистеъмолчиликларга қарши кураш бошқармасини ташкил этиш тўғрисида”ги, 1994 йил 11 майдаги “Хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни коррупция, рэкет ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа кўринишларидан ҳимоя қилишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 1997 йил 28 майдаги “Коррупция, рэкет ва терроризмга қарши курашни такомиллаштириш ишларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди ва уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда лоқайдлик, бефарқлик, иккиюзламачилик, товламачилик, фирибгарлик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатлар адлия органлари тизимида ҳам ҳали-ҳамон учраётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида адлия бошқармаси томонидан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, бошқарма ва унинг тизимидаги давлат нотариал идоралари ва ФҲДЁ органлари ходимларига ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслардан уларнинг манфаатларини кўзлаган муайян ҳаракатни бажариши ёки бажармаслиги эвазига бевосита ўзи ёки воситачи орқали пул, қимматли қоғозлар, моддий бойликлар, совғалар, ссудалар, мулкий моҳиятга молик бўлган хизматлар (транспорт воситасидан фойдаланиш, даволаниш ва бошқалар) каби таклифлар билан мурожаат қилинган тақдирда, у ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиши ва таклиф қилган шахсни тегишли жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириши лозимлиги, бунда ходим порага мойиллик сифатида баҳоланиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга ва сўзларга йўл қўймаслиги, мазкур ҳолат бўйича зудлик билан тегишли таркибий бўлинма раҳбарларини ёзма тарзда хабардор қилиши, зудлик билан ёзма тарзда хабардор қилишнинг имконияти бўлмаган тақдирда эса, телефон орқали хабар бериши ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга дарҳол мурожаат этиши, ходимнинг огоҳлантиришига қарамасдан пул ёки бошқа моддий бойликлар қонунга хилоф равишда унинг хизмат хонасида қолдириб кетилган тақдирда, бу ҳақда бинога кириш-чиқиш постида хизмат ўтаётган тегишли шахс (қоровул) ва бошқа ходимлар иштирокида далолатнома тузиб, мазкур далолатномани раҳбариятга тақдим этишлари шарт эканлиги хусусида доимий равишда кўрсатмалар бериб келинмоқда.

Шунингдек, кенгайтирилган йиғилишларда барча ходимлар ўз хизмат вазифаларини ҳалол, виждонан, юқори профессионал даражада ва ваколатларидан четга чиқмаган ҳолда бажариши, ҳар қандай вазиятда ўз шаъни ва қадр-қимматини сақлаши, одоб-аҳлоқ касб этика қоидаларига риоя қилиши, камтар, хушмуомалада бўлиши, ҳеч кимга нисбатан қўпол муомалада бўлмаслиги, фуқароларни қабул қилишда унинг холислиги ва беғаразлигини шубҳа остига қўядиган, бирор-бир афзаллик ва нохолис муносабат мавжуд деган тасаввурни ҳосил қилиши мумкин бўлган, шунингдек адлия органларини обрўсизлантириш ва нуфузига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши, ўз хизмат вазифаларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракат ёки ҳаракатсизлик эвазига пул, моддий бойлик ва мулкий аҳамиятга эга хизматлар ёки бошқа кўринишда ҳақ олмаслиги, ўз хизмат мавқеидан ўзи, қариндошлари ва бошқа шахслар учун бирон-бир манфаат, хизмат, тижорат ёки бошқача тарзда фойда олиш мақсадида фойдаланмаслиги, шахсий масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларга мурожаат қилганда хизмат мавқеидан фойдаланмаслиги, бўйсинувидаги ходимларни ноқонуний қарорлар қабул қилиш ёки ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга мажбур этмаслиги кераклигини ҳар куни ёдда тутмоғи лозимлиги таъкидланиб келинмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин.

Демак, биз коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз, барчамиз бирга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Бунда коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционер эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларини бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлишини англаган ҳолда ҳаракат қилмоғимиз лозим бўлади.

Э.Махкамов Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи