Жамият равнақи учун дахлдорлик

Дата: 05.04.2013    

тадбиркорларга улкан масъулият юклайди

Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ҳам эркин шарт-шароитлар, имкониятлар яратилган. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилганлиги ҳам шундан далолатдир. Жумладан, янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларига улар рўйхатдан ўтган кундан бошлаб бир йил мобайнида устав фондларини шакллантириш, молия-хўжалик фаолиятини олти ой мобайнида амалга оширмаган корхоналарни тугатиш каби имтиёзлар яратилган бўлишига қарамай, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим тадбиркорлик субъектлари орасида қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатларни менсимаслик, уларга риоя этмаслик ҳолатлари ҳам учраб турибди. Шу билан бирга, кейинги вақтларда тижоратчи юридик шахсларни тугатиш билан боғлиқ айрим муаммолар ҳам вужудга келмоқда. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, юридик шахсларни тугатиш билан боғлиқ ишларни амалга оширишда тегишли органлар фаолиятида тушунмовчиликлар мавжудки, уларни бартараф этиш зарурдир. Бундай вазиятда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги 327-сонли қарори билан тасдиқланган “Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ молия-хўжалик фаолиятини олти ой мобайнида амалга оширмаган корхоналар (банк ҳисобварақлари бўйича уч ой мобайнида операцияларни ўтказмаган савдо, савдо-воситачи корхоналар), шунингдек, қонунчиликда белгиланган муддатда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналар суд тартибида тугатилиши қатъий белгиланган.

Ушбу низомнинг 2.1-бандига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб рақамини ёпиш тўғрисида суднинг тегишли қарори тақдим этилган тақдирдагина банклар мазкур ҳисоб рақамини ёпадилар. Лекин судга хўжалик юритувчи субъектнинг банк ҳисоб рақамлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги мурожаат билан чиқиш қайси орган зиммасига юклатилганлиги кўрсатиб ўтилмаган. Айнан мана шу ҳолат эса, хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тугатиш ишларини белгиланган муддатларда амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда. Назаримда, судга бундай мурожаат билан қайси орган чиқиши кераклигини кўрсатиб ўтиш, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шунингдек, ҳозирги вақтда жойларда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия ишлари етарли даражада ташкил этилмаган. Натижада тугатиш ишларининг махсус комиссия билан боғлиқ қисми лозим даражада бажарилмай келинмоқда. Фикримизча, бунинг сабабларидан бири бу махсус комиссиянинг иш фаолиятини амалга оширишида Регламент белгиланмаганлигидадир. Шу сабабли, аксарият ҳолларда бу иш билан бевосита давлат солиқ идоралари ходимлари шуғулланиб келмоқда. Шунинг туфайли, махсус комиссия иш фаолиятини тартибга соладиган Регламент белгиланиши керак, деб ҳисоблайман.

Жумладан, ўтган йилда Тошкент шаҳри бўйича жами 207 та мурожаатлар келиб тушди. Ҳужжатлар таҳлилига кўра, 113 та корхона тугатилди. Шу билан бирга 6 ой давомида фаолият юритмаган 43 та корхонани тугатиш бўйича хўжалик судига даъво аризалар киритилган ва хўжалик суди томонидан 43 та корхонани тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда қабул қилинаётган қонунларга оғишмай амал қилган, яратилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳар бир тадбиркор, албатта, жамият равнақи учун дахлдор, халқимиз турмуш даражаси юксалишида муҳим аҳамиятга эга бўлган фаолиятни амалга оширган бўладилар.

Махмуджон Дарбишев,

Адлия вазирлиги

масъул ходими