Қонунчилигимизга уй қамоғи тарзидаги  эҳтиёт чораси киритилди  

Бугунги кунда инсон ҳуқуқларни ҳимоя қилиш барча давлатларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Мазкур вазифани амалга ошириш учун давлатлар ўз миллий қонунларида инсон ҳуқуқларига оид нормаларни мустаҳкамлаб борадилар. Мустақил Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда инсоният асрлар давомида орзу қилиб келган демократик ҳуқуқ ва эркинликлар босқичма-босқич амалга ошиб келмоқда. Мустақилликнинг ўтган қисқа даври мобайнида мамлакатимизда бу борада кенг кўламли ҳуқуқий база яратилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умуминсоний тамойиллар мамлакатимиз қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳатларнинг бош мақсади инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлиги таъминлаш, инсонни қадрлаш ва улуғлашга йўналтирилган.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш таъминлангандагина у чинакам ҳуқуқий фуқаролик жамияти бўлади. Бизнинг пировард мақсадимиз инсон ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилинадиган маърифатли жамият барпо этишдан иборат.”

Таъкидлаш жоизки, жиноий жазоларни либераллаштириш, жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, “хабеас корпус” институтига оид нормалар такомиллаштирилиши натижасида жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, ўтган даврда жиноий жазо сифатида ўлим жазосининг бекор қилиниши, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллаш имкониятлари кенгайтирилди.

Бу борадаги ишларни давоми сифатида 2014 йил 4 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги” Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига “уй қамоғи” тарзидаги эҳтиёт чораси киритилди.

Жиноя-процессуал кодексига киритилган янги 2421-моддага асосан, уй қамоғи гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёшини, соғлиғи ҳолатини, оилавий аҳволини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш номувофиқ деб топилган тақдирда қўлланилиши белгилаб қўйилди.

Қонунда назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда ва дастлабки тергов давомида уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланганда прокурор, прокурорнинг розилиги билан терговчи уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш хақида қарор чиқаради. Қарорда  ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчини қамоққа олиш ёки уни уй қамоғига жойлаштириш заруратини келтириб чиқарган асослар баён қилинади. Прокурор уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, илтимоснома қўзғатиш тўғрисидаги қарор ва зарур материалларни судга юборади. Агар илтимоснома ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қўзғатилаётган бўлса, қарор ва кўрсатилган материаллар ушлаб туриш муддати тугашидан камида ўн икки соат олдин судга тақдим қилиниши керак бўлади.

Уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома жиноят содир қилинган ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан кўриб чиқилади. Судья иш ҳолати бўйича ажрим чиқаради.

Амалиётда шу нарса маълумки, айбланувчининг суддан, дастлабки терговдан яширинмоқчи, ҳақиқатнинг қарор топишига тўсқинлик қилмоқчи, жиноий фаолиятини давом эттирмоқчи эканини ҳатто эҳтимолий жиҳатдан ҳам исботлаш жуда мушкул. Баъзи ҳолларда бунинг умуман иложи йўқ.  Эҳтиёт чораси айбланувчи, судланувчига суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш, унинг бундан кейинги жиноий фаолиятига тўсқинлик қилиш, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга ҳалал берадиган уринишларига йўл қўймаслик, ҳукмнинг ижро этилишини таъминлаш мақсадида қўлланилади.

Эҳтиёт чорасини танлашда қўйилган айбнинг оғирлиги, айбланувчининг шахси, машғулот тури, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатлар ҳам асос сифатида эътиборга олиниши зарур.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг соғлиғи ҳолатини ҳисобга олган ҳолда тиббий муассаса уй қамоғида сақлаш жойи этиб белгиланиши мумкин. Уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисидаги қарорда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи дучор қилинадиган озодлик бўйича аниқ тақиқлар (чекловлар), шунингдек ўрнатилган тақиқларга (чекловларга) риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш зиммасига юклатилаётган орган кўрсатилади.

Ўзига нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланган шахсга муайян шахслар билан алоқада бўлиш, хат-хабар олиш ва жўнатиш ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бориш, уй-жойни тарк этиш каби тақиқлар (чекловлар) ўрнатилиши мумкин.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи барча тақиқларга (чекловларга) ёхуд улардан айримларига дучор этилиши мумкин. Уй қамоғига олинган шахснинг яшаш жойи қўриқланиши мумкин. Зарур ҳолларда унинг ҳулқ-атвори устидан назорат ўрнатилади.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг 
уй-жойидан чиқиши бўйича ўрнатилган тақиқларга риоя этиши устидан назорат амалга оширилаётганда, ички ишлар органи унинг яшаш жойида бўлишини сутканинг исталган вақтида текширишга ҳақли. Текшириш кундузги вақтда кўпи билан бир марта ва тунг вақтда кўпи билан бир марта ўтказилади.

Зарур ҳолларда уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсга нисбатан электрон кузатиш воситалари қўлланилиши мумкин. Уй қамоғини ижро этиш гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг яшаш жойидаги ички ишлар органи зиммасига юклатилади.

Агар тиббий кўрсатмаларга кўра, гумон қилинувчи ёки судланувчи соғлиқни сақлаш муассасасига олиб келинган ва ётқизилган бўлса, суд ўрнатган тақиқларнинг (чекловларининг) амал қилиши гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш масаласи суд томонидан ҳал этилгунига қадар давом этади. Тегишли соғлиқни сақлаш муассасасининг ҳудуди уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини ижро этиш жойи ҳисобланади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи суриштирув органига ёки дастлабки тергов органига, шунингдек судга назорат қилувчи органнинг транспорт воситасида олиб борилади. Уй қамоғида жамиятдан тўлиқ ажратиб қўйилган шароитда бўлган гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимоячи, қонуний вакил билан учрашувлари ушбу эҳтиёт чораси ижро этилаётган жойда ўтказилади.

Ўрнатилган тақиқлар (чекловлар) уй қамоғида бўлган гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи томонидан бузилган тақдирда унга нисбатан қўлланилган чора қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартирилади.

Шахснинг қамоққа олинишидан асосий мақсад унинг дастлабки тергов ва суддан бўйин товлашига имконият қолдирмаслик, янги жиноятлар содир этишининг ва иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилишининг олдини олишдан иборат.

Қайд этиш лозимки, Жиноят-роцессуал кодексининг 237-моддасига асосан муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат, шахсий кафиллик, жамоат бирлашмаси ёки жамоанинг кафиллиги, гаров, қамоққа олиш, вояга етмаганларни кузатув остига олиш учун топшириш, ҳарбий ҳизматчининг ҳулқ-атвори устидан қўмондонлик кузатуви каби эҳтиёт чоралари тизимига уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасининг киритилиши жиноят содир этган шахсларнинг ижтимоий мослашувига қулай шароитлар яратилиши билан бир қаторда, оилаларни сақлаб қолиш, ножўя қилмиш содир этган шахсга ўз оиласи бағрида бўлган вақтда тегишли хулоса чиқариб олишга, қамоқдаги шахслар сонининг камайишига хизмат қилади.


У.Маҳмудов, Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси масъул ходими