Давлат органларига мурожаат қилишнинг ҳуқуқий асослари

Дата: 14.02.2013    

Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий муносабатлар соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар давлат органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини ошириш зарурлигини ҳамда давлат органларининг фуқаро ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилишга доир ишлари самарадорлигини кўрсатди. Бу вазифаларнинг тизимли хусусияти фуқароларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатларини кўриб чиқишни ташкил этиш тартибини такомиллаштиришга доир талабларни шакллантиради.

Фуқароларнинг мурожаатлари инсон ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш, давлат органларининг аҳоли билан алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим воситадир. Бир томондан – фуқароларнинг мурожаатлари жиддий ахборот манбаи бўлиб ҳисобланади ва у давлат ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш учун зарурдир, иккинчи томондан – бундай мурожаатлар фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кафолатлашнинг энг муҳим шаклларидан биридир. Бундан ташқари, фуқароларнинг мурожаатлари фуқаролар учун зарур бўлган қонун ҳужжатларни қабул қилишга кўмаклашади, шунинг баробарида аҳолининг давлат органлари фаолияти устидан назоратини кучайтиради.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини таъминлашда фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш, кўриб чиқиш ва қонуний ҳал қилиш масалалари алоҳида аҳамият касб этади. Шу боисдан, бугунги кунда фуқароларнинг мурожаатларини ҳал этишнинг миллий қонунчилик базаси яратилган бўлиб, унинг асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил этади. Асосий Қонунимизнинг 35-моддасида: “Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”, деб белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам тартибга солинган. Булар жумласига фуқароларнинг аризалари ва бошқа хабарларини жиноий иш қўзғашга сабаб ва асослар сифатида кўриб чиқувчи Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексини, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши муносабати билан меҳнат низолари бўйича мурожаатларини кўриб чиқишга доир қисмини, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини, Солиқ кодексини, шунингдек “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузувчи ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги ва “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини киритиш мумкин.

Шу билан бирга, бугунги кунда кўплаб хорижий мамлакатларда электрон технологиялар фуқароларга ўз мурожаатларини давлат органларига Интернет тармоқлари орқали юбориш имконини берибгина қолмай, балки муайян вақт мобайнида амалдорлар билан мулоқот қилиш имкониятини ҳам яратади.

Жумладан, электрон шаклда маълумотларнинг тўлиқ айирбошланишини, сўровларни расмийлаштириш тартиботларини жадаллаштириш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш асосида давлат органлари билан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги 378-сон “Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисида низом қабул қилиниб, мазкур Низом интерактив давлат хизматларидан фойдаланишда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг (фойдаланувчилар) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлиги шартлари ва тартибини белгилаб берди.

Ягона порталнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фойдаланувчиларга давлат органларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш учун имконият бериш;

фойдаланувчиларни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги бошқа лойиҳалар билан интеграциялаш;

фойдаланувчиларнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш;

давлат органларига мурожаат қилинганда фойдаланувчилар учун бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва уларни бартараф этиш;

“электрон ҳукумат”ни янада ривожлантириш ва давлат бошқарувига замонавий ахборот технологияларини жорий этишда кўмаклашиш.

Ягона порталдан эркин фойдаланишга рухсатнома фойдаланувчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Жисмоний шахслар (ариза ва паспорт асосида) ва юридик шахслар (ариза ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома асосида) учун шахсий кабинетдан эркин фойдаланиш учун рухсатнома Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг “Ўзинфоком” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Компьютерлаштириш маркази томонидан бир иш кун мобайнида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги компьютерлаштириш марказлари томонидан икки иш куни мобайнида берилади.

Фойдаланувчилар шахсий кабинет орқали ўз мурожаатларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва давлат органларига (кейинги ўринларда – олувчи деб аталади) юборишлари мумкин. Мурожаат бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳамда бир нечта давлат органларига юборилиши мумкин. Фойдаланувчи ўз мурожаатига: мурожаат шакли тўлдирилганда кўрсатилган почта манзилига электрон шаклда – электрон почта манзилига ёхуд ёзма равишда жавоб олиш турини танлаш имкониятига эга.

Шахсий кабинетдан мурожаат олингандан кейин уни кўриб чиқиш ишлари ёзма мурожаатлар учун белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади. Мурожаат олувчи мажбурий тартибда фойдаланувчига мурожаат электрон шаклда қабул қилинганлиги тўғрисида билдиришнома жўнатиши лозим.

Одобсизлик мазмунидаги мурожаатлар (уятсиз ёхуд ҳақоратли иборалар, таҳдидлар, мантиқ ва маъноси бўлмаган таклифлар ва шунга ўхшаш мурожаатлар), мурожаат матнида тушунарсиз қисқартиришлар ёки реклама материаллари мавжуд бўлган, таркибида аниқ аризалар, шикоятлар ёки таклифлар бўлмаган мурожаатлар фойдаланувчининг шахсий кабинет орқали тушган мурожаатини кўриб чиқишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Олувчи томонидан мурожаатни кўриб чиқиш рад этилганда бир иш куни мобайнида мурожаатни кўриб чиқишни рад этишнинг асосланган сабаблари кўрсатилган ҳолда фойдаланувчига электрон шаклда рад этиш тўғрисида хабарнома юборилади.

Фойдаланувчи томонидан шахсий кабинет орқали юборилган мурожаат унда кўрсатилган масалаларни ҳал этиш ваколатига кирмайдиган давлат органларига тушганда, беш кун муддатдан кечикмасдан танланган хабар бериш турига асосан бу тўғрида фойдаланувчини хабардор қилган ҳолда тегишли органга юборилади. Шахсий кабинет орқали берилган мурожаат мажбурий қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши керак, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бунда ушбу мурожаат олувчининг электрон почтасига келиб тушган сана мурожаат қабул қилинган сана ҳисобланади.

Олувчига шахсий кабинет орқали келиб тушган фойдаланувчининг мурожаати давлат органи раҳбарининг ички буйруғига асосан тайинланган мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилади. Давлат органи битта ва айнан ўша фойдаланувчининг олувчи бир неча бор ушбу масала бўйича жавоб берган мурожаатини, агар унда янги важлар ёки ҳолатлар келтирилмаган бўлса, кўриб чиқмайди. Ягона порталда “Кўпинча бериладиган саволлар” бўлими ташкил этилиб, ушбу бўлимни шакллантириш ва сақлаш учун жавобгарлик Олувчига юклатилади.

Фойдаланувчининг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатлари:

таклифлар – келиб тушган кундан бир ойгача, қўшимча ўрганишлар талаб қилинадиган таклифлардан ташқари, бу тўғрида таклиф киритган шахсга ўн кун муддатда хабар берилади;

аризалар ёки шикоятлар – Олувчига келиб тушган кундан бир ойгача, унинг томонидан масалани моҳияти бўйича ҳал этиши, қўшимча ўрганишлар ва текширишлар талаб қилмайдиганлари эса – ўн беш кундан кечикмасдан ҳал этилиши шарт.

Ўз ўрнида айтиб ўтиш керакки, фуқароларнинг мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланиши бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги керак.

Бозор иқтисодиётига асосланган, ижтимоий йўналтирилган демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамият қуриш йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида, шубҳасиз, инсон манфаатлари ётади. Ҳар бир фуқаро бирор-бир муассасага мурожаат этар экан, қонуний ҳуқуқлари тикланиши юзасидан талаблар қўяди, адолат қарор топишига ишонч билдиради. Ҳар бир ваколатли орган ёки муассаса бу масалага улкан масъулият билан ёндашиши зарур. Зеро, фуқаролар мурожаати қонун муҳофазасида экан, уларнинг ҳеч бирига бефарқ қарашга ҳаққимиз йўқ.

Махмуд Абдижалиев,

Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи