Мустақиллик – бу ҳуқуқ

Мълумки, тарихда биронта халқ, бирон-бир миллат ўз мустақиллигини ҳеч қачон осонлик билан қўлга киритмаган. Шу билан бирга, истиқлолга эришиш ва унинг неъматларидан фойдаланиш бир кун ва ҳатто, бир неча йил давомида амалга ошмаган. Ўз юртининг озодлиги ва халқининг бахт-соадати учун ҳаёт-мамот жангларида жонини қурбон қилган аждодларимизнинг муқаддас номларини ғурур билан тилга оламиз. Тўмарис, Широқ, Спитамен, Нажмиддин Кубро, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Маҳмуд Таробий, Амир Темурлар ажнабий босқинчиларга қарши озодлик учун кураш олиб бордилар ва авлодлар хотирасида абадий сақланиб қолдилар. 1991 йил 31 август куни Ватанимиз тарихида оламшумул воқеа содир бўлди. Президент Ислом Каримов Республика Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. Сессияда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисидаги» Олий Кенгаш Баёноти қабул қилинди. Баёнотда бундай дейилган эди: “Мустақиллик декларациясини амалга ошира бориб, Ўзбекистон Совет Республикаси Олий Кенгаши Ўзбекистоннинг Давлат мустақиллигини ва озод суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси ташкил этилганлигини тантанали равишда эълон қилади”. Олий Кенгаш сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Бу Қонун 17 моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллигини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб берди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил ноябрда бўлган VIII сессисияси Давлат мустақиллиги масаласи бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масалани кўриб чиқди. 1991 йил 29 декабр куни умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Референдумда 9.898707 киши ёки сайлов рўйхатига киритилганларнинг 94.1 фоизи қатнашди. Овоз беришда қатнашганларнинг 98.2 фоизи Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини маъқуллаймиз, деб овоз берди.

Барчамизга аёнки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб Конституциямизнинг муқаддимасида қайд этилганидек, миллий давлатчилигимизни инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибаси, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлиги, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашдек эзгу мақсадларга эришишга интилдик. Интилганга толе ёр, деганларидек, истиқлолимизнинг биринчи ўн йиллиги давомида ўтиш даврига хос қийинчиликларни бартараф этиб, ҳаётнинг синовларини енгиб ўтдик. Барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг изчил ва тизимли йўналишларини эгаллашга муваффақ бўлдик.

Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, мустақиллик йилларида жамият ҳаётини демократлаштириш жараёнида юртимизда инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият эканлиги амалда рўёбга чиқарилгани туфайлидир. Дарҳақиқат, ҳуқуқий давлатда инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият ҳисобланади.

Чунки замонавий миллий давлатчиликнинг моҳиятида демократияга хос ҳуқуқий давлат ривожини таъминлаш мужассам экан, мазкур тузилманинг фаолияти билан боғлиқ асосий ва муҳим принциплардан шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳеч ким томонидан бузилмаслиги; Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминлаш ва халқаро ҳуқуқ меъёрларининг миллий ҳуқуқ меъёрларидан устун бўлиши кабиларга алоҳида эътибор бериш талаб этилади.

Шуниси эътиборга лойиқки, мамлакатимизда мустақиллигимизнинг ўтган даврида жамият ҳаётининг уйғун ривожини таъминлаш ва ижтимоий муносабатлар мувозанатига эришиш, асосийси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган амалий ишлар, тадбирлар натижасида аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалиб, маънавий дунёқарашида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, навқирон авлоднинг соғлом ва жисмонан бақувват бўлиб ўсиши, мустақил фикрлайдиган, тафаккури теран, глобаллашув жараёнлари билан боғлиқ ўзгаришларга ўз муносабатини шакллантиришига шароит яратилгани боис фарзандларимиз баркамоллик сари интилмоқда, дейишга тўлиқ ҳақлимиз. Шу ўринда ҳар бир инсон ҳаётига бевосита дахлдор бўлган «Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият», деган муқаддас тамойил моҳиятига тўхталиб ўтсак. Аслида бу тушунчанинг мағзида қандай маъно бор? Аввало шуни айтиш керакки, дунёда ўтган асрнинг иккинчи ярми, яъни талофатли урушлар, улкан йўқотишлар, жабр-зулм, миллат ва элатларнинг ўзаро адоватга берилиши, бир-бирини камситишга уринишлар натижасида илғор фикрли халқлар бундан хулоса чиқаришга ҳаракат қилишди. Ўзаро ҳамкорликда инсонларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириш йўл-йўриқлари изланди. Ўшанда асосий эътибор инсоннинг асосий ҳуқуқларига, яъни инсон қадр-қиммати, шаънига ҳурмат билан қараш, жинслар ва миллатларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаш, халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ва бошқа қатор илғор ҳамда эзгу ғояларни қарор топтиришга эътибор қаратилди. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида халқлар ва давлатларни бирлаштирувчи куч сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) (1945 йил) таъсис этилди. 1948 йилда мазкур ташкилот томонидан «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатнинг биринчи моддасида «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин улар бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак», деб қайд этилган. Умуман олганда, ўтган давр мобайнида БМТ томонидан қабул қилинган олтмишдан ортиқ ҳужжатлар моҳият жиҳатдан дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашни ўзида мужассамлаштиргани билан эътибор молик. Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлгани ҳам мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларига чексиз ҳурмат ва эътиборда эканлигини кўрсатади. Инсоният цивилизациясининг бугунги босқичидаги давлатчиликда инсон ҳуқуқлари энг юксак, юқори ва ҳеч бир ўлчовга тенг бўлмаган қимматга эга бўлиб, улуғвор саналгани сабабли олий мақомга, яъни олий қадрият деб баҳоланади. Давлатимиз раҳбарининг «Мустақиллик — ҳуқуқ демакдир» деган таърифи ҳам истиқлолнинг нечоғлик буюк ва улуғворлигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, ҳеч муболағасиз айтиш ўринлики, Ватанимиз мустақиллиги халқимизга ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга бўлиш имконини берди. Шахснинг жамиятда тўлақонли эркинлигини таъминлашга кўмаклашувчи бир қатор узвий ҳуқуқларини амалга оширишда етарлича шарт-шароит ва имкониятлар яратилгани ҳам инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият даражасига кўтарилганини кўрсатади.

Жумладан Бош қомусимизнинг иккинчи бўлимида инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари билан боғлиқ ўнлаб меъёрлар, масалан, яшаш ҳуқуқи, шахсий дахл-сизлик, айбсизлик презумпцияси, инсон шаъни ва обрўси, тураржой дахлсизлиги, мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш, фикрлаш, сўз ва эътиқод ҳамда виждон эркинлиги каби табиий, яъни инсон туғилганидан кейин бутун ҳаёти давомида фойдаланиши зарур бўлган ҳуқуқлари, шунингдек, жамият ва давлатни бошқаришда бевосита ёки билвосита иштирок этиш, жамоат бирлашмалари (касаба уюшмалари, сиёсий партиялар ва нодавлат ташкилотларининг бошқа турлари)да иштирок этиш, бевосита ва бошқалар билан биргаликда тегишли жойларга мурожаат қилиш каби сиёсий ҳамда мулкдор бўлиш, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, қариганда, меҳнатга лаёқатини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, билим олиш, илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш каби ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ўз ифодасини топгани ва булардан фуқароларимиз тўлиқ фойдаланаётгани ана шу ҳақ-ҳуқуқнинг бекаму кўст қарор топаётганидир.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда барпо этилаётган ҳуқуқий давлатнинг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда давлат аҳолининг конституция ва қонунларимизда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқарилишини тўлиқ кафолатлаш билан бирга уларни амалда таъминламоқда. Давлат органлари ва мансабдор шахслар бош Қомусимиз асосида ишлаб чиқилган юзлаб қонунларда белгиланган инсон ҳуқуқларини амалда бажарилишига масъул бўлиб, у ёки бу тарзда бузилган ҳуқуқлар тегишли тарзда мустақил суд ҳокимияти томонидан ҳимоя қилинмоқда. Масалан, инсоннинг яшаш ёки шахсий дахлсизлик ҳуқуқини таъминлаш жараёнида кейинги йилларда юртимизда муҳим амалий ишлар қилинди.

Хусусан, 2008 й 1 январдан ўлим жазосининг бекор қилингани, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилгани бу йўналишдаги катта қадамлардир. Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши натижасида Жиноят кодексининг махсус қисмидаги жиноятлар турининг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятлар ташкил этаётир. Дарвоқе, судлар томонидан бу тоифадаги жиноятларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар, хусусан жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари билан тайинланмоқда. Ёки 53 та жиноят таркиби бўйича ярашув институти жорий этилгани натижасида ўтган давр мобайнида 100 минг нафардан ортиқ шахс жавобгарликдан озод этилди. Икки йил давомида судлар томонидан тергов органларига 700 маротабадан ортиқ шахсларга нисбатан камоққа олиш билан боғлиқ эҳтиёж чорасини қўллаш рад этилган. Судларда ишларни кўришда тортишувчанлик принципининг янада кучайтирилгани, яъни инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишда адвокатларнинг ролини ошириш борасида қонунчилик базасининг босқичма-босқич мустаҳкамлангани, жиноят натижасида етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганида (Жиноят кодексидаги 11 моддалар) айбдорларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиши ва бошқалар инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият, деб баҳоланган юртимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг энг улкан ва муҳим ютуғи сирасига киради. Мустақиллигимизнинг ўтган даврида ёшларнинг билим олиш ҳуқуқини (кадрлар тайёрлаш миллий дастури амалга оширилгани, 12 йиллик мажбурий таълим олишга эришганимиз) ёки ҳар бир шахснинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш (замонавий асбоб ускуна ёки жиҳозлар ёрдамида ташхис қўйиш), мулкдор бўлиш (хусусий мулкни кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш) каби ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ изчил ислоҳотлар натижасида фуқаролар жамиятда ўзини нафақат эркин ҳис этмоқда, шу билан мамлакатимизни модернизация қилишда бунёдкор кучга айланмоқда.

Р.Боходиров, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими


Рўйҳатга қайтиш