Огоҳлик-давр талаби Тинчлик-энг буюк неъмат

Тинчлик... Бу сўз замиридаги жозиб оҳанг етмиш икки томиримизга хотиржамлик ва таскин беради. Тинчлик- онанинг фарзандига кечалари мижжа қоқмай айтган алласи. Тинчлик-жамиятда янги пайдо бўлган ёш оила. Тинчлик-ҳар бир кун учун айтиладиган шукроналик туфайли тортиқ. Тинчлик-энг улуғ бахт. Ҳа, тинчликнинг мадҳи таърифларга сиғмайди. Унинг қадри тириклик қадар муқаддас, ҳаёт қадар юксак.

Шу туфайли ҳам истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб Президентимиз Ислом Каримов раҳномолигида жамиятимизда барқарорликни таъминлаш, фуқароларимизнинг тинчлиги ва осойишталигини асраш ҳал қилувчи вазифалардан бирига айланди. Юртбошимизнинг “Инсоннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири бу-тинч яшаш ҳуқуқидир. Давлат ва жамиятнинг бурчи ана шу ҳуқуқни барча қонуний воситалар билан кафолатлаб беришдир. Бу ҳуқуқни амалга ошириш-давлат ва жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим шартдир. Демократиянинг инсонпарварлиги ҳам шу билан белгиланади”, деган ғоялари жамиятимиз тараққиётининг устувор йўналишига айланди.

Ўзбекистон минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим рол ўйнамоқда. Республика ўз ташқи сиёсатида тенг ҳуқуқлик ва ўзаро манфаатдорлик асосида фаолият олиб бориш, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, чегараларнинг дахлсизлиги ва давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, мунозарали масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмасликни қўллаб-қувватлашини амалда исботлаб келмоқда. Афғонистонда давом этаётган қуролли тўқнашувларни тинч йўл билан ҳал этиш масалалари бўйича Юртбошимизнинг конструктив ташаббуслари минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Республикамизнинг ташқи сиёсий фаолияти “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепцияси”да эълон қилинган. Ушбу Концепциянинг бош мақсади-давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатида унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, энг ривожланган демократик давлатлар сафига кириш, қўшни ҳудудларда хавфсизлик, барқарорлик, аҳил қўшничилик маконини яратишдан иборат эканлигидан келиб чиқиб, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфааторликка эришиш, давлатлар суверентитетини тан олиш сигари долзарб масалаларни ўз ичига олади.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгач, фуқароларнинг чин маънодаги виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланди. Масалан, собиқ шўролар ҳукмронлиги даврида мамлакатимизда саксондан ортиқ масжид фаолият кўрсатган бўлса, эндиликда уларнинг сони беш мингтадан ошиб кетди. Одамларни қирғин қилиш, қўпорувчилик ҳатти-ҳаракатлари орқали жамиятда қўрқув, ҳадиксираш, парокандаликни юзага келтириш аввалги замонларда ҳам кузатилган. Ўшанда булар ўзгача ном билан аталган бўлиши ҳам мумкин. Лекин 20 асрнинг биринчи ярмидан эътиборан юридик луғатда “террорчилик”, “терроризм”, “теракт” каби атамалар пайдо бўлди. Ўтган асрнинг 60-йилларида самолётларни эгаллаш, ундаги йўловчилар ҳаётини хавф остида қолдириш каби террорчилик ҳаракатлари кучайди. Ҳозирда эса бу миқёс бошқача кўринишларда янада кенгайди.

Ватанга фидойилик билан бир вақтда, минг афсуски, Ватанга ҳиёнат ҳам нур ёнидаги соя каби ҳамиша мавжуд. Аслида ҳиёнат жоҳилликдан келиб чиқади. Маърифатли киши эса ҳамиша диёнатли бўлади. Юрагида фақат бадниятлар ниш урган, кимларнингдир қўлида тирик қўғирчоқ, роботга айланиб, арзимаган садақа эвазига бутун бир халқни, Ватанни сотган, панапастқамларда чаёндек пайт пойлаб, заҳарли нишини буюк эл кўксига санчишга уринаётган манқуртлар яна бир бор билиб қўйсинларки, ўзбекнинг иродасини ҳеч ким бука олмаган, бука олмайди ҳам.

Небахтки, бугун мустақил Ўзбекистонимизнинг порлоқ келажаги-маърифатли кишилар, илмли ёшлар қўлида. Шу боис юртимиз фидойи кишилар масканига, меҳру шафқат, мухаббат барқарор бўлган, тафаккур ва ижод қайнаган муқаддас масканга айланиши шак-шубҳасиз. Чунки, ота-боболарининг маърифат маскани бўлган улуғ Шарққа муносиб бўлган фарзандлар вояга етмоқда.

Соғлом бўлишни истаган киши мунтазам равишда бадантарбия машқлари билан шуғулланиб туриши лозим бўлганидек, юртимизда тинчлик-тотувлик бўлишини истаймизми, “Унинг ҳимояси учун нима қилаяпман?”, деган саволга аниқ жавобимиз бўлиши шарт. Глобаллашаётган бугунги ахборот майдонининг характерли жиҳатларидан бири шуки, бузғунчи ғоя, мафкура, ахборот хуружлар турли шаклу шамойилда мунтазам “ўз кучини” кўрсатишга интилаётир. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Хозирги замондаги энг катта хавф-инсонларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун узлуксиз давом этаётган мафкуравий курашдир”, дея таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

Огоҳлик... бу сўз ва унинг мағзи мужассам асл маъно халқимизнинг фикри-ҳаёлидаги уй-кечинмага айланмоғи лозим. Чунки халқимиз тинчлик туфайлигина 
ҳар қандай қийинчиликни енгиб, фаровон ҳаёт кечириш мумкинлигини яхши билади. Фақат тинчлик бўлсагина еган луқмаи ҳалолиги ичига тушишини, хурсандчилик қлиш кўнглига сиғишини, эртанги ҳур, фаровон ҳаёт умиди ила яшаш мумкинлигини қалбан ҳис этади. Шундай экан, неча-неча авлодлар орзу-армони бўлган, машаққатлар билан қўлга киритилган Истиқлол бизларга насиб этган экан, уни авайлаб-асраш ҳаммамизнинг олий бурчимиздир.

Д.Набиева, Мирзаобод тумани ФХДЁ бўлими мудири.


Рўйҳатга қайтиш