Эътироф

Мамлакатимизда юртбошимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги мавқеини, ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини ошириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу, аввало, оналик ва болаликнинг ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган изчил ишларда ўз ифодасини топмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, бир қатор қонунлари ва Президентимизнинг 1995 йил 2 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ва бошқа ҳужжатларда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сиёсати белгилаб қўйилган. 

Хотин-қизларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётидаги тўлақонли иштирокига кўмаклашиш, ҳокимият вакиллик органларида гендер тенглигига эришиш мақсадида 2004 йилда сайловлар тўғрисидаги қонунларга ўзгартириш киритилди. Унга кўра, депутатликка сиёсий партиялар томонидан кўрсатиладиган номзодларнинг камида 30 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлиши белгиланди. Бу хотин-қизларни сиёсий жараёнларга кенг жалб этиш, қонунлар ва қарорлар қабул қилишда фаол иштирок этишига имкон яратди. Бугунги кунда вилоятимизда халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларида 79 нафар, вилоят Кенгашида 8 нафар хотин-қиз депутат фаолият кўрсатмоқда. Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаол иштирокини кўришимиз мумкин. Бугунги кунда таълим ва тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётганларнинг 80-90 фоизи аёллардир. Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган шароит ва имкониятлар туфайли фермерлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳам уларнинг сафи тобора кенгайиб бормоқда. Айни пайтда вилоятда 6 мингга яқин аёл тадбиркорлик соҳасида меҳнат қилади. Элликка яқин фермер хотин-қизларимиз деҳқончиликда юқори натижаларга эришмоқда. Вилоят адлия бошқармаси тизимида 30 нафардан ошиқ аёл ҳуқуқшунос фаолият юритади. ФҲДЁ бўлимлари мудиралари Хадича Аслонова, Манзура Акрамова, Мамлакат Каримова, Гулҳаё Расулова ва бошқалар адлия тизимида кўп йиллар фаолият кўрсатиб келишмоқда. Нотариуслар Муҳаббат Худойбердиева, Шириной Қаршиеваларни ҳам вилоятимиз аҳолиси яхши танишади. Шуни ҳам айтиш керакки, ҳуқуқшунос опа-сингилларимиз аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот масаласига жиддий ёндошиб, вилоят нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва ОАВ билан ижтимоий шерикликда иш олиб бормоқдалар.

Жорий йилда жойларда касб-ҳунар коллежлари битирувчи қизлари учун туман ва шаҳарларда хотин-қизлар қўмиталари раислари раҳбарлигида тузилган битирувчи қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи гуруҳлар таркибида “Тадбиркорлик мактаби” ўқув амалий машғулотлари ўтказишга кўмаклашилди. Улар учун меҳнат ҳуқуқи ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишнинг ҳуқуқий жиҳатларига бағишланган ўқув-семинарлари ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга ФҲДЁ бўлимлари қошида ташкил этилган “Ёш никоҳланувчилар мактаби” да йигит-қизларимиз учун олиб борилаётган машғулотлар ҳам катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Вилоятдаги барча ФҲДЁ бўлимлари, шу жумладан, Боёвут туман ФҲДЁ бўлимимиз ходимлари ёш оилаларнинг ажрими олдини олиш, репродуктив саломатлик, никоҳ шартномалари, фарзанд тарбияси масъулияти тўғрисида турмуш қуриш остонасида турган йигит-қизларимизга ўзларининг керакли маслаҳатларини бериб келмоқдалар.

Бугун юртимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида турибмиз. Ушбу муборак санани ҳар бир юртдошимиз ўзининг муносиб совғаси билан кутиб олмоқда. Шу жумладан, биз ҳам жамиятнинг пойдевори бўлган оиланинг мустаҳкамлиги борасидаги тарғибот ишларимизни самарали ташкил этишга, жамиятнинг тинчлиги ва фаровонлигига ҳисса қўшишга астойдил киришганмиз. Бугун аёл депутат, сиёсатчи, тадбиркор, муаллима, шифокор, ҳуқуқшунос, қўйингки, халқ хўжалигининг бирор соҳаси йўқки, аёл кирмаган ва ишламаган бўлсин. Юртбошимиз ўзбек аёлларини ҳамиша ардоқлаб, “…дунёда гўзал аёллар кўп, аммо, ўзбек аёллари ҳаммадан гўзал” дейдилар, ўзбек аёлларининг вафодорлиги, садоқати, меҳрибону меҳнаткашлиги ҳақида доимо ғурурланиб гапирадилар. Биз аёллар, айнан шу таърифларга муносиб эканлигимизни кўрсатиш фурсати келди. Қўлни қўлга бериб, Ватан тараққиёти йўлида хизмат қилайлик!

Л.Муратова, Боёвут тумани ФҲДЁ бўлими мудираси


Рўйҳатга қайтиш