Озод юрт мулкдорлари

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Анвар УСМОНОВ билан мулкдорларнинг ривожланиш босқичлари, кичик бизнес ва хусусийтадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари ҳақида суҳбатлашди.

Президентимиз Ислом Каримов мустақиллигимизнинг илк кунларидан мулк эгалари ҳуқуқларининг давлат йўли билан ҳимоя қилинишини таъминлаш ва барча мулкчилик шаклларининг ҳуқуқий тенглигини қарор топтиришни иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаб берди. Натижада мамлакатимизда мулкдорлар синфи пайдо бўлди. Собиқ тузумдан қолган маъмурий буйруқбозлик, боқимандалик барҳам топди. Одамларда янгича дунёқараш, мулкка янгича муносабат шаклланди.

— Истиқлолнинг дастлабки йилларидан Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда хусусий тадбиркорлик шаклланиши учун шароит яратилди, — дейди А.Усмонов. — Ўша пайтларда ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотлари билан бўшаб қолган пештахталар, ҳувиллаб қолган дўконларга қайта “жон” бағишлаганини халқимиз яхши эслайди. Бу тузилмалар озиқ-овқат, кийим-кечак, пойафзал ва бошқа товарлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириб, халқимизни зарур маҳсулотлар билан таъминлаган.

Ота-боболаримиз азалдан касбу ҳунарга эга бўлиш, омилкорлик билан иш юритишга одатланган. Аждодларимиз айнан шу соҳа ҳисобидан рўзғор тебратиб, эл-юртига хизмат қилган.

1991 йилда “Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани тарихий аҳамиятга эга бўлди. Айнан шу қонун билан биринчи марта тадбиркорлик тушунчаси, кимлар тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилди. Кейинчалик ушбу қонун негизида “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, ҳозирги кунда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи асосий қонун сифатида хизмат қилмоқда.

1991 йилдаги “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун хусусийлаштириш жараёнига янада кенг йўл очди. Аҳолига мулк қилиб берилган корхоналар, бино ва иншоотлар, савдо мажмуаларида турли тадбиркорлик субъектлари фаолият юрита бошлади. Қишлоқларда ерни ҳа­қи­қий эгасига беришга қаратилган сиёсат туфайли фермер хўжаликлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикасининг Конс­титуцияси тадбиркорлик билан шуғулланиш эркинлигини кафолатловчи ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлади. Бош қомусимизнинг 53-моддасида давлат фуқароларнинг тадбиркорлик ва меҳнат қи­лиш эркинлигини кафолатлаши, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги қатъий белгилаб қўйилди.

Ушбу конституциявий нормадан келиб чиққан ҳолда, яъни фуқароларимизнинг тадбиркорлик фаолияти билан эркин шуғулланишини таъминлаш мақсадида ўтган даврда 1 минг 200 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатларда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш, тафтиш қилиш белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилиши, уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларининг фақат суд тартибида қўлланилиши белгиланди. Барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди. Бу амалда ана шу идораларнинг тадбиркор манфаатини таъминлаш йўлида хизмат қилишига кенг йўл очди.

Назорат органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари ўз ваколатлари ва назорат соҳаси доирасидан ташқаридаги масалалар бўйича текшириш ўтказганлиги, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлиги учун етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилди. Бу тартиблар ҳаётимизда ўзининг амалий ифодасини топгани боис ноқонуний текширишлар сони кескин қисқарди.

Мамлакатимизда текширишлар билан боғлиқ муносабатлар МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлиб қонун даражасида тартибга солинди. Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонуни 1998 йилда қабул қилинган. Бу соҳани тартибга солувчи қонун Россияда 2008 йилда, Қозоғистонда 2011 йилда, Украина ва Молдовада 2012 йилда қабул қилинган.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида тадбиркорлик фаолияти ҳимояси, хусусий мулк муҳофазасига оид янги қонунлар қабул қилингани соҳа ривожида янги босқични бошлаб берди. Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқ­ларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингани фикримиз исботидир.

Хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлаш, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизими яратилгани туфайли жаҳон молиявий инқирози шароитида ҳам мамлакатимизда дунёдаги саноқли давлатлар қаторида иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг барқарор суръатлари таъминланаётир. Аниқроқ айтганда, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши сўнгги ўн бир йил давомида саккиз фоиздан зиёдни ташкил этиб келмоқда.

Халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олди.

— Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари сони кўпайгани, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши йил сайин ошиб бораётганига қайси омиллар сабаб бўлмоқда?

— Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг энг қисқа ва соддалаштирилган тартиби жорий этилгани, бу йўлда учраши мумкин бўлган ҳар қандай тўсиқнинг бартараф этилаётгани ҳамюртларимизнинг тадбиркорликка қўл уришига кенг йўл очмоқда.

Бундан ўн йил аввал кичик корхонани рўйхатдан ўтказиш учун ўнга яқин идорага мурожаат қилиш ва қирққа яқин ҳужжатни тақдим этиш талаб қилинар эди. Тадбиркор ҳали иш бошламасдан туриб ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни рўйхатдан ўтказишдан бошлаб қанча вақт йўқотишга, сарф-харажатлар қилишга мажбур бўларди. Қолаверса, мустақилликнинг дастлабки йилларида тадбиркорлар нафақат рўйхатдан ўтиш, балки фаолият юритишда ҳам анча муаммоларга дуч келгани сир эмас. Ўшанда айрим мансабдорлар бозор муносабатларининг туб моҳиятини тушуниб етмай тадбиркорларга турли бюрократик тўсиқларни вужудга келтирган. Текшириш ниқоби остида тадбиркорлар фаолиятига турли кўринишда ноқонуний аралашувлар тез-тез учраб турган.

Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 1996 йилда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ташкил этилди. Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширишларнинг барчасини ушбу Кенгаш билан келишилган ҳолда ўтказилиши бўйича янги тартиб жорий этилди. Ўтган даврда бу тизим ўз самарасини бериб, назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларининг олди олинмоқда.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида мамлакатимизда бошқа давлатлар амалиётида учрамайдиган тизим жорий этилди. 2000 йилда Адлия вазирлиги таркибида ушбу вазифа билан бевосита шуғулланувчи алоҳида тизим шакллантирилди. Ҳозир вазирлик тизимида Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси ҳамда ҳудудларда унинг бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.

Адлия органлари томонидан тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишларга йўл қўймаслик бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга 1 минг 208 та тақдимнома киритилди. Натижада 979 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 52 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Давлат идораларининг 837 та ноқонуний қарори бекор қилинди. 566 нафар мансабдор шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Тадбиркорлар фойдасига 8,5 миллиард сўм ундириш юзасидан судларга 604 даъво аризаси киритилди.

Адлия органларида ташкил этилган махсус 1008 рақамли “Ишонч телефони” тадбиркорларнинг таянчига айланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларидан 419 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 76,6 фоизи кўриб чиқилиб ҳал этилди. Қолганлари ижрода. Жумладан, Наманган вилояти Чортоқ туманидаги бир гуруҳ фермер хўжаликлари вакиллари “Агробанк” Чортоқ туман филиали томонидан уларнинг ҳисобварақларидаги пул маблағлари асоссиз равишда бошқа жойга ўтказиб юборилганидан шикоят қилди. Адлия органи томонидан тўпланган ҳужжатлар Чортоқ туман прокуратурасига юборилди ва пул маблағларини қайтариш бўйича банк вилоят филиалига тақдимнома киритилди. Натижада фермер хўжаликларига маблағи қайтарилди. Бу ҳолатга йўл қўйган банк филиали бош­қарувчиси Д.Ҳамидов, бош ҳисобчиси М.Содиқовга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра жиноят иши қўзғатилди.

Адлия вазирлиги томонидан таъсис этилган “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шакли яратилгани унга киритилаётган қайдларни он-лайн тарзда кузатиш имконини бермоқда. Бу ноқонуний текширишлар бутунлай барҳам берилишига шароит яратаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили асосида Давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилгани катта қулайлик яратди. Жорий йил 1 январдан иш бошлаган марказларда тадбиркорлик субъектларига 16 турдаги давлат хизмати кўрсатилаётир. Эндиликда тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтиш, инженерлик коммуникация тармоқларига уланиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш, ташқи рекламани жойлаштириш, тураржойни нотураржойга айлантириш каби масалалари бир жойда ҳал бўлади. Ўтган давр­да “Ягона дарча” марказлари орқали тадбиркорларга 48 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилди.

Бундай кенг имкониятлар натижасида ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилда 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етди. Ҳозирги пайтда ушбу соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд жами аҳолининг 77 фоиздан ортиғи мазкур тармоқда меҳнат қилаётгани, ўз пешона тери билан нафақат оиласини боқаётгани, балки мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшаётгани мустақиллик берган имкониятларнинг самарасидир.

— Мамлакатимиз ишбилармонлик ва инвестиция муҳити даражасининг халқаро рейтингини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган шарт-шароит ва ҳуқуқий кафолатлар қандай самаралар бермоқда?

— Маълумки, инвесторлар ўз сармоясини фойда олиш эҳтимоли юқори бўлган давлатлар иқтисодиётига киритади. Бу жиҳатдан Ўзбекистон бугун жаҳондаги энг юқори ва қулай инвестиция муҳити яратилган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бунда Президентимиз Ислом Каримов томонидан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш ва уни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимиздаги бой минерал-хомашё ресурслари, малакали ишчи кучи, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик каби омиллар хорижий инвестициялар оқимининг янада кўпайишига йўл очаяпти.

Ташқи иқтисодий фаолият эркинлаштирилди. Хорижий инвес­тициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатиши изчил рағбатлантирилмоқда. Товарлар импорт-экспорти билан шуғулланувчи чет эл инвесторларига ўз даромадларидан эркин фойдаланишлари бўйича қонунчиликда имтиёзли тартиб жорий этилди. Натижада иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида хорижий сармоялар иштирокида 4,5 мингдан ортиқ корхона самарали фаолият юритаяпти.

Бир сўз билан айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жамиятимиздаги ижтимоий ва сиёсий барқарорликнинг муҳим кафолати, юртимиз тараққиётининг фаол кучларидан биридир, десак, янглишмаймиз. Бу мамлакатимиз иқтисодиёти жадал ривожланаётгани, экспорт салоҳияти юксалаётгани, обод ва кўркам қиёфа касб этаётганида, халқимизнинг фаровон турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик — жамиятимизнинг, бугунги ва келажак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиши шарт, деган сўзлари тўлиқ ўз ифодасини топмоқда.

ЎзА мухбири Норгул АБДУРАИМОВА суҳбатлашди.


Рўйҳатга қайтиш