Кексаларни эъзозлаш - бурчимиз

2015 йилнинг Президентимиз томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинишининг замирида катта ҳикмат ётибди. Бу албатта юртимизда ёши улуғ инсонларнинг жамиятимизда ўз ўрни борлигидан далолатдир.

“Қариси бор уйнинг париси бор” деган мақол бор халқимизда, демак қайси юртнинг азиз онахонлари, дуогўй отахонлари кўп бўлса, ўша юрт обод ва келажаги буюк бўлади, деганидир.

Муқаддас китобларда ҳамда ҳадисларда “Каттамизни улуғламаган, кичигимизга раҳм қилмаган биздан эмасдир”, дейилган.

Кексаларни ва ўзидан ёши улуғларни ҳурмат қилиш, ўз қадр-қимматини билган ҳар бир жамиятнинг энг муҳим қадриятларидан бири ҳисобланади.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов Конституциямиз қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда кексаларимизга алоҳида эътибор қаратиб: «халқимизнинг қадимий ва шонли тарихини узвий давом эттиришга, шу тарихнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф-одатларини ёшларимизга етказиш, ҳаётимизни тобора поклаш ва файзу баракали қилишда, бир сўз билан айтганда, уни маънавий юксалтиришда, бугун Яратганнинг бизга берган ҳар бир кунини маъноли ва сермазмун ўтказишда беқиёс ҳисса қўшаётган ота-боболаримизга ҳар томонлама ҳурмат, эъзоз ва эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз», дея таъкидлаган эдилар.

Кексаларни эъзозлаш мақсадида, уларни ҳукумат томонидан ижтимоий ҳимоялаш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тўғрисида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу эса ўз навбатида, кекса авлод вакилларига бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтиришга, ёши улуғ инсонлар ҳамда аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини давлат ва жамият томонидан моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилгандир.

“Кексаларни эъзозлаш йили» муносабати билан амалга оширилаётган чора-тадбирлар кексалар ҳаёти ибрат мактаби эканлигини ёш авлод вакилларига тарғиб қилиш, уларнинг саломатлигини яхшилаш, давлат ва жамоат ишларига кенг жалб этиш, ақлий ва жисмоний фаолиятини кучайтириш, бир сўз билан айтганда, жамиятдаги нуфузи, обрў-эътиборининг янада кучайтиришга хизмат қилиши, шубҳасиздир. Зеро, кексаларни эъзозлаш муҳим миллий қадрият ҳамда юксак маънавият белгиси эканлигини ҳеч биримиз, ҳеч қачон унутмаслигимиз даркор.

Г.Расулова, Гулистон шаҳар Никоҳ уйи мудири


Рўйҳатга қайтиш