Кексаларнинг дуосини олайлик!

Баъзан матбуотда “фалон мамлакатда юз ёшдан ошиб кетган кишини аниқлашади. Ундан узоқ умр кўриш сирларини сўрашганида...” деган хабарларни ўқиб қоламиз. Бундай жаҳоншумул воқеа сифатида кўрилаётган ҳодиса эса бизда оддий ҳол. Ҳатто ёнгинамизда куйманиб ҳамон болаларининг оғирини енгил қилиш ниятида тинмаётган момонинг ёши юздан ошиб кетганига ҳам эътибор бермаймиз. Мисол момо Ҳасановани юз ёшдан ошган дейишганида Гулистон туманининг Деҳқонобод шаҳарчасидагилар ҳайрон қолишди, биров ишонди, биров ишонмади. Ҳамон ҳаракатчан, ҳамон тонгда туриб тангри таолога тавалло қилувчи, хотиралари теран Мисол момо ҳақиқатдан Сирдарёдаги энг ёши улуғ инсон. 1903 йилда туғилган. 112 ёшга кирган момонинг болалиги, ёшлиги Фориш туманидаги Нарвон қишлоғида ўтган.

“Арпа буғдой ош бўлди, олтин кумуш тош бўлди” деган замонларни кўрдик, болажоним, – Гулистон туманининг Ўювли қишлоғидаги 101 ёшли Минаввар она Мадаюпованинг хотираларидан ҳайратга тушамиз, – Оғир кунларни кўрдик. Бир бурда нон учун одамлар бисотидаги ҳамма нарсаларини сотдилар. Аммо шундай оғир кунларда ҳам ўғрилик, хиёнат, нарса учун одам ўлдириш деган холатлар бўлмаган. Одамлар гуноҳдан қўрқишарди, эшиклар қулфланмасди. Далада ишлаймиз, тушликда ҳамма топганини ўртага ташлайди,биров бир қисм туршак, биров талқон, яна биров бир бурда нон. Ҳаммамиз иноқ эдик. Орамизда каттароғимиз бор нарсани тенг бўлиб чиқарди. Баъзида ҳеч нима олиб келмаганлар чеккароққа чиқиб турса каттамиз уришарди. “Бугун сенда йўқ бўлса эртага менда йўқ, боримиз барчамизники” дерди. Туз ҳам танқис. Бир марта нонга тўярмикинмиз, дердик.

Сирдарё вилоятида юз ёшдан ошган отахон ва онахонлар 28 нафарни ташкил этади. Бугунги кунда улар фарзандлари, невара-чевараларининг ардоғида. “Кексаларнинг эъзозлаш йили” бизнинг онахону отахонларимизга бўлган чексиз ҳурмати, муҳаббати намунасидир. Уларнинг тарих билан юзлашган нурли чеҳраларига тикилиб, олис хаёлларга ва ҳайратга чўмасиз. Ҳар биттаси ёзилмаган китобга ўхшайди. Ҳаёт кечмишлари, замонасининг аҳволи, оғир кунлар изтироби бошдан кечирган ҳаётий ҳикояларида ўз ифодасини топади. Юқорида тилга олинган юз ёшли табаррук инсонлар сафида гулистон туманилик Жумагул Жабборова, боёвутлик Омонжон Ҳусанова, сайхунободлик Рухсатой Элмуродова ва Ҳайдар бобо Маматов сингари онахону отахонларимиз бор.

Кексаси бор хонадондаги муҳит бошқача бўлади. Борига шукр қилишни, сабру қаноатни, оқибатлиликни ва одамгарчиликни, бировга яхшилик қилишни, имони софликни ўрагатади улар бизга. Нуронийларнинг олтинга тенг дуосини олсак асло кам бўлмаймиз. Зотан улар бизнинг мана шу жаннатдек ҳаётимиз учун жон куйдиришган. Келажак авлоднинг тўкис яшаши учун яхшиликни ҳамроҳ қилишган. Кўнглида эзгулик ва оқибати бор одамлардан айнан ота-оналаримиздан, нурли сиймо кексаларимиздан ибрат олишимиз албатта хайрли ишларга ундайди. Ўз навбатида кексаларни ҳурматини жойига қўйишимиз, бой ҳаётий тажрибаларини ўрганишимиз ва дуосини олишимиз лозим. Зеро уларнинг дуосини олсак асло кам бўлмаймиз, дуолари бизни ҳамиша қўллаб туради ва олға интилишимизга мадад беради.

Г.Эргашева, Мирзаобод туман ФХДЁ бўлими инспектори 


Рўйҳатга қайтиш