Кексалар-хонадонимиз файзу-фариштаси

Кўпинча суҳбатлар орасида, “Ота-онангиз ҳаётми?” деб сўрашади, шунда, “худога шукур, ота-онам ҳаётлар” деб жавоб қайтарсак суҳбатдошларимиз бизга хавас билан боқишиб, “ҳақиқатдан ҳам бахтли инсон экансиз”,- дейишади. Шунда беихтиёр кўз олдимизга ота-онамизнинг нуроний чеҳралари келиб, ёруғ хаёллларга чўмамиз.

Қайсики уйда кексалар бўлса, шу уйга гўё кўкдан нур ёғилиб турганга ўхшайди. Қариялар бор уйда тинчлик-хотиржамлик, дастурхонларда файзу-барака, қилинаётган ишларда ривож ва самара бўлади.

Бутун умрини, ёшлигини, куч-қувватини, бор орзу ҳавасларини бизга фарзандларига бағишлаган, бизнинг ўй-ташвишларимиз деб сочларига оқ, юзларига ажин оралаган. Бизни шу ёруғ кунларга, орзу-ҳавасларимизга етказиш, ҳаётда ўз ўрнимизни, бахтимизни топишимиз учун юрак қўрини, белидаги мадорини, кўз нурини сарфлаб ўтган.

Бугунги кунда кексайиб, кучдан қолибди-ки, ҳамон тиниб-тинчимасдан ўзларининг эзгу дуолари, доно ўгитлари, бой тажрибалари билан ҳаёт йўлларида бизга қанот ва сабот бағишлаб турибди. Ўқишга, ишга отланар эканмиз, дуоларини олиб кўнглимиз мунаввар бўлади. Уйга қайтганимизда меҳридан, теран маслаҳатларидан кўнглимиз таскин-тасалли топади.

Кексаларни эъзозлаш, уларга меҳр оқибат кўрсатиш, оқ дуоларини олиш, айниқса истиқлол йилларида маънавий хаётимизнинг том маънодаги ажралмас қисмига айланди. “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, инсон учун” деган эзгу ғояни илгари сурган муҳтарам юртбошимиз томонидан катта авлод вакилларини ҳурматини жойига қўйиш, уларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш мақсадида улкан ғамхўрликлар яратиб келинмоқда. Кўрсатилаётган ғамхўрликлар самараси ўлароқ, мустақиллик йилларида халқимизнинг ўртача ёши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида 75,8 ёшга етди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимида Ҳурматли Президентимиз И.Каримов 2015 йилни “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилди. Шу муносабат билан жамият олдига кекса авлод вакилларининг ҳурматини жойига қўйиш, ҳар бир қариянинг юрагига етиб бориш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш йўлида олиб борилаётган улкан ишларни янада кучайтириш, самарасини оширишни устувор вазифа сифатида қўйди.

“Халқимизнинг қадимий ва шонли тарихини узвий давом эттиришга, шу тарихнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф-одатларини ёшларимизга етказиш, ҳаётимизни тобора поклаш ва файзу-барокали қилишда, бир сўз билан айтганда, бугун яратганнинг бизга берган ҳар бир кунини маъноли ва сермазмун ўтказишда беқиёс ҳисса қўшаётган ота-боболаримизга ҳар томонлама ҳурмат, эъзоз ва эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз” - деб таъкидлади юртбошимиз ушбу маросимда сўзлаган маърузасида.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 18 февралда қабул қилинган “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тўғрисидаги қарорида кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва эътиборни кучайтиришга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, фахрий ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, ҳар бир кексага ҳар томонлама эътибор қаратиш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигини ошириш ва кексаларни эъзозлашга қаратилган бошқа чора-тадбирлар Давлат дастурини амалга оширишнинг устувор вазифа ва йўналишлари этиб белгиланди.

Юртимиздаги тинчлик, қўлга киритилаётган улкан ютуқ ва марралар, обод турмушимиз яхши ният, эртанги кунимизга катта умид ва соф қалб билан яшаётган нуроний отахону-онахонларимизнинг эзгу дуолари ижобатидир.

Халқимизда “дуо олган омондир” деган пур маъно ҳикмат бор, шу сабаб дуогўй кексаларимиз мудом иззат-ҳурматда. Кексайган чоғларида ҳам, ўзларини ўйламасдан, ҳузур-ҳаловатини бизнинг хотиржамлигимизда кўриб, ҳамиша омонлигимизни, бахту-тахтимизни тилаб, дуойи-жонимизни қилиб ўтирадиган кексаларимиз ҳақиқатдан ҳам ҳар биримизнинг, оиламизнинг, юртимизнинг бахтидир. Ҳаётимизнинг файзу-фаришталари бўлмиш нуроний зотларимиз омон бўлсин, умрларига умр қўшилсин.

Муҳаббат Чориева, Денов туман ФҲДЁ бўлими мудираси  


Рўйҳатга қайтиш