2015 йил – “Кексаларни эъзозлаш йили”нинг қонунчилик асослари

Ўтган “Соғлом бола йили” ҳам ютуқларга бой йил сифатида Ўзбекистон тарихи саҳифаларида ўчмас из қолдирди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистонда “ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот инсон учун, инсон манфаати учун” тамойили илгари сурилди ва у изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Албатта, эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, галдаги вазифаларни белгилаб олиш ютуқлар кўламини янада кенгайтириш имконини беради.

Таъкидлаш жоизи, ҳар йили Конституциямиз қабул қилинган кун муносабати билан ўтказиладиган анжуманларда Юртбошимиз томонидан кириб келаётган йилга ном бериш яхши анъанага айланган.

Агар йилларнинг номларига эътибор берсак, уларнинг барчаси замирида халқимизнинг ижтимоий турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган юксак тушунча сингдирилганига гувоҳ бўламиз. Энг муҳими, эълон қилинган ҳар бир йилда Давлат дастури қабул қилиниб, кенг миқёсдаги амалий ишларнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинади.

Ўтган йиллар давомида бошланган хайрли ишларни давом эттириш мақсадида Давлатимиз раҳбари таклифи билан 2015 йил мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинди.

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конститутсияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган анжумандаги маърузасида қуйидагиларни таъкидлади:

“.......Азиз ватандошлар! Барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, она юртимизнинг оғир юкини, унинг қувонч ва ташвишини умр бўйи елкасида кўтариб келган мўтабар боболаримиз ва момоларимизни, ота-оналаримизни рози қилиш, уларнинг дуосини олиш – дунёдаги энг улуғ, энг савобли иш десам, ўйлайманки, барчангизнинг фикрингизни ифода этган бўламан.

Кириб келаётган янги йилга Кексаларни эъзозлаш йили деб ном бериб, уни мана шундай пок ният ва ҳаракатлар билан бошлаётганимиз 2015 йилнинг тинчлик ва осойишталик, фаровонлик ва тўкинлик йили бўлишига, унинг янада мазмунли ўтишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади, иншоолло”.

2015 йил 18 февралда Президентимизнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ–2302-сон қарори қабул қилинди.

Давлат дастури 6 та бўлим ва 66 та банддан иборат бўлиб, унда жорий йилда барча соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Давлат дастурида жами 17 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Жумладан, Давлат дастурининг I бўлими кекса авлодга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш ҳамда улар ҳаёти мазмуни ва сифатини оширишга йўналтирилган қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, бу борада 8 та қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш лозимлиги белгилаб берилган.

Қонун ижодкорлиги доимий ҳаракатдаги жараён бўлиб, давр тақозоси ва тараққиёт унинг олдига доимо янги-янги вазифалар қўйиши табиий. Давлат дастурининг мазкур бўлими ҳам бевосита қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёни билан боғлиқ бўлганлиги сабабли уни шакллантириш ҳар йилгидек Адлия вазирлигига юклатилди. Зеро, Адлия вазирлиги қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Давлат дастурида қуйидаги қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган:

“Ҳарбий, ички ишлар, божхона органларида хизматни ўтаган шахслар ва уларнинг оила аъзоларининг пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси. Ушбу қонун лойиҳаси ҳарбий, ички ишлар, божхона органларида хизмат ўтаган шахсларнинг пенсия таъминотининг асослари ва механизмини белгилашга қаратилади;

“Қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифаларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси. Мазкур қонун лойиҳаси:

қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифаларига ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг асосий принцип ва механизмларини, шунингдек, ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий асосларини мустахкамлаш;

аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг тури ва шаклларини белгилаш;

аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

 ва бошқа масъул идораларнинг ваколатлари ва мажбуриятларини белгилашга йўналтирилади;

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси. Ушбу Қонун лойиҳасида кекса авлодга нисбатан жиноят қонунчилиги нормаларини янада либераллаштириш мақсадида Жиноят кодексининг 50-моддасига озодликдан маҳрум қилишнинг энг кўп муддатини 3/4 (75%)дан 2/3 (67,7%)гача камайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш киритиш назарда тутилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “100 ёшга тўлган шахсларнинг пенсияларига энг кам иш ҳақининг 100 % миқдорида устама ҳақ тўлаш ҳақида”ги Фармони лойиҳаси;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2015–2020 йилларда ёлғиз қариялар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ҳақидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси. Мазкур қарор лойиҳаси ёлғиз қариялар, пенсионерлар ва ногиронларга нисбатан манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва уларга тиббий ва маиший хизматлар кўрсатиш турларининг сифатини оширишга қаратилади;

75 ёш ва ундан ошган фуқароларни пенсия ва ёрдам пулининг тўғри тайинланишини текшириш натижалари бўйича аниқланган қарздорликдан озод қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2015–2017 йилларда пенсия таъминотининг ягона идоралараро интеграциялашган ахборот тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кексаларга ижтимоий ҳизматлар тайинлаш ва кўрсатиш, ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг индивидуал дастурларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси. Ушбу қарор лойиҳасида:

халқаро стандартларга мувофиқ қариялар ва аҳолининг бошқа тоифаларига ижтимоий хизматларни тайинлаш ва кўрсатишнинг ягона тартибини белгилаш;

уйда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз қарияларга кўрсатиладиган ижтимоий химатларни такомиллаштириш, шунингдек, индивидуал дастурларга асосан қарияларнинг эҳтиёжларини, талаб ва имкониятларини инобатга олган ҳолда уларга ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш масалалари белгиланади;

фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 1941-1945 уруш ва меҳнат фронти фахрийларини эсдалик юбилей медаллари билан тақдирлашни ташкил этишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси;

II жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллигини кенг нишонлашга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси;

1941–1945 йиллар уруш ва меҳнат фронти фахрийларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ўтказилишини ташкиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси;

1941–1945 йиллар уруш ва меҳнат фронти фаҳрийларини коммунал хизматларни тўлашдаги имтиёзлари эвазига ойлик компенсация тўловларини тегишли равишда 50 ва 25 фоиз миқдорида (45 ва 18 фоиз ўрнига) белгилашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси;

санатория-соғломлаштириш муассасаларига даволанишга кетаётган 1941–1945 йиллар уруш ва меҳнат фронти фахрийларига бир йилда бир марта имтиёзли равишда (бориб келиш учун) темир йўл транспортидан текинга фойдаланиш, шунингдек ҳаво транспортидан фойдаланишда 50 фоиз чегирмани қўллашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси; 

ёлғиз қарияларга манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва биринчи навбатда зарур бўладиган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси;

Вазирлар Маҳкамасининг “Қариялар вақтинча бўладиган нодавлат пансионатлари ва дам олиш уйларининг фаолияти тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси;

қарияларни ҳурмат қилиш бўйича комплекс маданий-маърифий ва ҳомийлик тадбирларини ўтказишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, шунингдек унинг ҳудудий кенгашларига қария ва ногинларга ижтимоий хизмат кўрсатадиган идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ваколатларини беришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Адлия вазирлиги ҳар йилги Давлат дастурларида назарда тутиладиган қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг тегишли вазирлик, идоралар томонидан ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилиши билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириб боради.

Бундан ташқари, Давлат дастурида белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик, идоралар билан келишилгандан сўнг, Адлия вазирлигига тақдим этилади. Адлия вазирлиги мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг Конституция ва бошқа қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларга қанчалик мослигини таҳлил қилади ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказади ҳамда натижаси юзасидан тегишли хулоса беради.

Ўйлаймизки, Давлат дастурида назарда тутилган қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши Юртбошимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, дунёдаги энг улуғ, энг савобли иш – барчамизни оқ ювиб,  оқ тараган, она юртимизнинг оғир юкини, унинг қувонч ва ташвишини  умр бўйи елкасида кўтариб келган мўтабар боболаримиз ва момоларимизни, ота-оналаримизни рози қилиш, уларнинг дуосини олишга сабаб бўлади.

МУСТАФО ХОДЖАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчлик бошқармаси бўлим бошлиғи


Рўйҳатга қайтиш