Хонадонларимиз файзи ва баракоти бўлган кексалар ҳамиша эъзозда

Маълумки, миллий қадриятларимиздан бири ёши улуғ инсонларни қадрлашдир. Зеро, кексаларнинг олтин ўгитларига амал қилиб яшаш комиллик, турмуш фаровонлигимиз ва тинчлик-осойишта ҳаётимиз гаровидир.

“Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қари билганини пари билмас” каби ҳикматли иборалар неча минг йиллар мобайнида ҳаётда ўз исботини топиб келган ҳақиқат эканлигини яхши англаймиз. Аслида ҳам, бир умр меҳнат қилиб, фарзанд тарбиялаб, эл-юрт корига яраб яшаётган ҳар бир инсон кексайганда ҳурмат-иззат кўриб, эъзозланиб, ҳаётидан рози бўлиб яшашга муносибдир.

Халқимиз кексаларни ҳамиша ҳурматлаб, эҳтиром кўрсатади. Ёшларимиз нуронийни кўрса, қўли кўксида, саломга шай, хизматга тайёр туради. Маслаҳати-ю панд-насиҳатига лаббай, дейди танбеҳига доим қулоқ тутади. Уйининг, дастурхонининг тўрини ёши улуғларга атайди.

Бизнинг мамлакатимизда кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг том маънода ажралмас қисмига айланган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда Юртбошимиз “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қариялар — хонадонларимизнинг файзи ва фариштаси”, деган мақол ва ҳикматли сўзларни бежиз таъкидлаб ўтмадилар.

Давлат дастурида қонунчилик, пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, ёшга оид касалликлар, жумладан, кўриш ва эшитишнинг заифлашуви каби касалликлар профлактикаси ҳамда кекса авлод вакилларини соғломлаштириш тадбирларини янада такомиллаштириш каби кенг миқёсдаги масалалар қаторида, кексалар учун қулайлик туғдирувчи, шу жумладан, улар турли хил маълумотнома ва ҳужжатларни олишларида барча қулайликларга эга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини шакллантириш, кўриш, эшитиш ва ҳаракатланишида муаммоси бор инсонларни реабилитациянинг техник ва бошқа ёрдамчи воситалари билан таъминлаш каби тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, кекса авлод вакилларининг мароқли ҳордиғини ташкил этиш масалалари ҳам муҳим ўрин тутишини инобатга олган ҳолда, уларнинг қизиқишига мос кўрсатувлар, спектакллар ва фильмлар намойишини кўпайтириш, янги кўнгилочар ва маданий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Жисмоний фаоллик — узоқ умр кўриш ва кексалик гаштини суришнинг кафолатидир. Шу сабабли дастурда кекса авлод вакилларининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларига етарли шарт-шароитлар яратиш, уларга мос сайёҳлик хизматларининг тури ва шаклини кенгайтириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Ҳозирги кунда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан Давлат дастури доирасида тармоқ дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Бу борада хорижий тажриба ва амалиётни ўрганишга ҳам эътибор қаратилиб, дастур лойиҳасига киритилаётган таклифлар юзасидан қизиқарли баҳс ва мунозаралар ўтказилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, кекса авлоднинг бирламчи эҳтиёж ва талаблари бўйича мутахассислар — бу уларнинг ўзларидир. Шу сабабли, дастур лойиҳаси улар билан яқин ҳамкорликда, жамоат ташкилотлари кўмагида тайёрланмоқда. Жумладан, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон “Ногиронлар” жамияти, ЎзННТМА ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари дастур лойиҳасини тайёрлашда фаол иштирок этмоқдалар.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан юртимизда фаолият юритаётган корхоналар негизида ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган реабилитациянинг техник ва ёрдамчи воситалари ҳамда алоқа воситалари, санитария-гигиена маҳсулотлари (ногиронлар аравачалари, эшитиш ва ҳаракатланиш мосламалари, кўзи ожизлар учун ҳасса ҳамда ёзув жиҳозлари, ҳожатхона ва ювиниш хоналари учун махсус курси ва стуллар, кўчма пандуслар, махсус кўтариш мосламалари ва ҳ.к.) рўйхати тузилмоқда. Шунингдек, вазирлик томонидан ёлғиз кексалар учун кўрсатиладиган моддий ёрдам (жумладан, ҳар ой бериладиган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар) турини кенгайтириш ва сифатини ошириш, ўта оғир касаликка чалинган ва прогнози нохуш беморларга махсус паллиатив (хоспис) хизмати кўрсатиш бўлимларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Айтиш жоизки, давлатимиз томонидан кекса авлод вакиллари ҳаётини фаровон қилиш борасида барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ уларнинг оғирини енгил, умрини узоқ қилиш жамиятимиз, хусусан, ёш ва ўрта авлод вакилларига ҳам бевосита боғлиқ. Шу сабабли, ҳар биримиз ёнимизда яшаётган ота ва оналаримиз, бобо ва бувиларимизга кўрсатадиган эътибор, эҳтиром ва амалий кўмакни инсонийлик бурчимиз, деб билишимиз лозим.

Дилшод Ашуров, Самарқанд шаҳар 8-сон ДНИ нотариуси


Рўйҳатга қайтиш