Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...


САВОЛ: Суд ҳужжатларининг қандай турлари мавжуд?

Жавлон Неъматов, Сайхунобод тумани, "Гулистон" МФЙ


ЖАВОБ: Суд ҳужжатлари ФПKнинг 6-моддасига биноан қуйидаги турларга бўлинади:

  • ҳал қилув қарори;
  •  ажрим;
  • суд буйруғи;
  • қарор.

Ҳал қилув қарори – биринчи инстанция суди ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилади.

Ажрим – Апелляция, кассация инстанцияси суди ишни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни назорат тартибида кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.

Суд иш мазмунан ҳал этилмайдиган масалаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.

Суд буйруғи – суд буйруғи низосиз талаблар бўйича суд муҳокамаси ўтказмасдан берилган суд ҳужжатидир.

Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилганидан кейин ўн кунлик муддат ўтгандан кейин ва суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Алимент ундириш ва ходимга уч ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган иш ҳақини ундириб бериш тўғрисидаги суд буйруқлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Қарор – Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати ишни назорат тартибида кўриш натижалари бўйича қарор чиқаради.


Саволга Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими бошлиғи Азиз Мавланов, Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди судьяси Санжар Мирзабоев жавоб берди.