Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги Фармони билан ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга оширганлик учун белгиланган жавобгарлик чоралари қўлланилиши бўйича қонунларга қандай ўзгартишлар киритилди?

О.Бердиқулов,  Сайхунобод тумани.

Жавоб: Мазкур Фармон билан ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилиши белгиланди.

Савол: Яқинда, тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинганлиги тўғрисида эшитдим. Шу масала юзасидан атрофлича маълумот берсангиз.

О.Бердиқулов, Сайхунобод тумани.

Жавоб: Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги Фармони билан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши белгиланди.

Бироқ, юридик шахслар тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно;

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинди.

Савол: Амалдаги солиқ қонучилигида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун қандай солиқ имтиёзлари жорий этилган?

З.Артикова, Гулистон шаҳри.

Жавоб:Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексининг 3741-моддасида якка тартибдаги тадбиркор, якка тартибдаги тадбиркорнинг касб-ҳунар коллежи битирувчиси бўлган ходими учун қатъий белгиланган солиқни тўлашдан ушбу ходим коллежни тамомлаганидан эътиборан ўн икки ой мобайнида озод этилиши, шунингдек, ушбу кодекснинг 375-моддасида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилиши белгиланган.

Савол: Тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланмаган солиқ тўловлари ўз вақтида бартараф этилса, енгиллаштирилган жазо чораси қўлланиладими?

З.Артикова, Гулистон шаҳри.

Жавоб:Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сонли “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонига кўра 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) биринчи марта содир этган, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ва у жавобгарликдан озод қилинади.

Савол: Жорий йилнинг октябр ойида солиқ ходимлари томонидан менинг фаолиятимда қисқа муддатли текшириш ўтказилиб, натижаси бўйича анча миқдорда молиявий жарима қўлланилган, бироқ ҳозирги вақтда ушбу жариманинг ҳаммасини тўлашга имкониятим йўқ. Ушбу жаримани бўлиб-бўлиб тўлашнинг имкони борми?

Д.Султонов, Гулистон тумани.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 54-моддаси 3-қисмига асосан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органига ёзма билдириш юбориб, текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек молиявий санкциялар суммаларини тўлашни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ой мобайнида тенг улушларда амалга оширишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Савол: Мен 2015 йилда фермер хўжалигини ташкил этганман. менинг фаолиятим бўйича режали текшириш қачон ўтказилиши мумкин, шу ҳақда маълумот берсангиз.

Д.СултоновГулистон тумани.

Жавоб: “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасига кўра фермер хўжаликларининг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан режали тартибда кўпи билан тўрт йилда бир марта амалга оширилиши белгиланган.

Савол: Мен якка тартибдаги тадбиркорман. Ёлланма ишчи олиб ишлатишим мумкинми?

Д.Султонов, Гулистон тумани.

Жавоб: “2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилади.

Саволларга тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси А.Хаитов жавоб берди


Рўйҳатга қайтиш