Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотга нималар киради?

Савол: Уларнинг манбалари борми?

С.Азимов, Тошкент шаҳри

Жавоб:“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ,давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига қуйидагилар киради:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, норматив ҳамда бошқа ҳужжатлар, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ушбу ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш, шунингдек, уларнинг ижро этилишининг бориши тўғрисидаги маълумотлар;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, норматив ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурлар амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотлар;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар (мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот конференциялари, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органлари, жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги маълумотлар;

амалга оширилишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари иштирок этаётган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шарт­номалари тўғрисидаги маълумотлар;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти соҳасига тааллуқли бўлган тармоқнинг (ҳудуднинг) ҳолатини ва унинг ривожланиш суръатини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар ҳақидаги, шу жумладан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган (ташкил этиладиган) очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар;

бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва бўш иш ўринларини эгаллаш учун номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тузилган мувофиқлаштирувчи ва маслаҳат органлари тўғрисидаги маълумотлар;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт, мажлисларда ҳозир бўлиш тартиби.

Саволга Адлия вазирлиги масъул ходими Акбар Сайдахмедов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш