Мамлакатимизда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини жамоат жойларида истеъмол қилгани учун жазо чоралари кучайтирилган, деб эшитганман.

Савол: Шулар ҳақида батафсил маълумот берсангиз?

М.Облоқулов, Зангиота тумани

Жавоб: 

2015 йилнинг 29 декабрида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, кодекс янги, 561-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, эндиликда чекиш тақиқланган жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилган шахсга энг кам иш ҳақининг учдан бири миқдорида жарима солинади. Муқаддам қонунчиликда бундай жазо санк­цияси мавжуд эмас эди. Қонунга мувофиқ, республикамизда 20 ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш мумкин эмас. Чеклов нормалари баъзи ижтимоий соҳа объектларига ҳам тааллуқлидир. Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда чекиш тақиқланади. Айрим транспорт воситаларининг белгиланган жойларида чекиш учун маъмурий чора аввал ҳам қўлланиларди. Энди жазо кучайтирилган. Поезд вагонлари, сув кемалари, йўловчи автобуслари, шаҳар ичидаги электротранспорт, маршрутка ва такси салонларида сигарет чеккан киши олдингидек энг кам иш ҳақининг йигирмадан бири эмас, балки учдан бир қисми миқдорида жарима тўлайди. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 187-моддасига кўра, бундан буён жамоат жойлари (ишхона, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари)да алкоголь маҳсулотини истеъмол қилувчиларга энг кам иш ҳақининг ярми ҳисобида жарима тайинланади. Илгари жарима миқдори энг кам иш ҳақининг ўндан биридан учдан бир қисмигача ташкил қилган. Борди-ю бу турдаги ҳуқуқбузарлик бир йил мобайнида такрор содир этилса, маъмурий жазо энг кам иш ҳақининг икки баробаригача (аввал учдан биридан бир баробаригача) етказилади ёки ҳуқуқбузар 15 суткагача қамоққа олиниши ҳам мумкин.

Саволга Адлия вазирлиги масъул ходими Ойбек Қаюмов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш