Фуқаролар ва юридик шахслар ўзларининг ҳуқуқларини вакиллари орқали ҳам амалга оширишлари мумкинми?

М.Сирожиддинов, Гулистон шаҳри

Жавоб: Ҳа. Ҳар бир фуқаро ёки юридик шахс зарурат туғилганида бошқа шахсни у ёки бу топшириқни бажариш учун вакил килиб тайинлаши мумкин.

Ишончномага, қонунга, суд қарорига ёки вакил қилинган давлат органининг ҳужжатига асосланган ваколат билан бир шахс (вакил) томонидан бошқа шахс (ваколат берувчи) номидан тузилган битим ваколат берувчига нисбатан фуқаролик ҳукук ва мажбуриятларини бевосита вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади.

Савол: Васиятнома қандай тартибда расмийлаштирилади?

А.Атаев, Сардоба тумани

Жавоб: Фуқаролик кодексининг 1125-моддасига кўра, нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим. Васиятномани васият қилувчи сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олиш пайтида умумий қабул қилинган техника воситаларидан, ёзув машинкаси ёки шахсий компьютердан фойдаланиши мумкин.

Васият қилувчининг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган васиятномани имзолашдан олдин васият қилувчи унинг матнини нотариус олдида тўлиқ ўқиб чиқиши лозим.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани шахсан ўқий олмаса, васиятноманинг матни васият қилувчига нотариус томонидан ўқиб эшиттирилади. Бу хақда васиятномада тегишлича қайд этилиб, васият қилувчи васиятномани шахсан ўқий олмаганлигининг сабаблари кўрсатилади.

Васият қилувчининг ҳоҳишига кура, васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқилмасдан, яъни махфий васиятнома тарзида тасдиқланиши ҳам мумкин.

Махфий васиятномани васият қилувчи хақиқий саналмаслик хавфи остида ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши лозим. Васиятнома икки гувох ва нотариус иштирокида хатжилдга солиниб, хатжилд елимланиши лозим. Гувохлар ўз фамилиялари, исмлари, оталарининг исмини ва доимий тураржойларини кўрсатган холда хатжилдга имзо қўядилар. Гувохлар имзо қўйган хатжилд гувохлар ва нотариуснинг иштирокида бошқа хатжилдга солинади ва бу хатжилд ҳам елимланади. Нотариус томонидан унга тасдиқлаш устхатини ёзиб куйилиши белгиланган.

Саволга Сардоба туман ДНИ нотариуси Олим Рахимов жавоб берди


Рўйҳатга қайтиш