Ўзбекистонда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги ҳақида эшитган эдим.

Савол:   Қонун қачондан бошлаб кучга киради?

А.Убайдуллаев, Тошкент шаҳри

Жавоб: Мамлакатимизда 2016 йилнинг 10 июнь кунидан электрон давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш бўйича «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонун кучга кирди.

Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йилнинг 18 ноябрида қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2015 йилнинг 3 декабрида маъқулланганди.

Савол: “Электрон ҳукумат” тизими ҳақида билмоқчи эдим. Ушбу тизим аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қандай қулайликларни яратиб беради? Умуман олганда, тизимнинг асосий вазифалари нималардан иборат?

Б.Йўлдошев,  Самарқанд шаҳри

Жавоб: Давлатимиз раҳбари 2012 йилда Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида “электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш, жумладан, бизнес соҳаси ва фуқароларга интерфаол давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Қонунга кўра, электрон ҳукумат – давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизими ҳисобланади.

Ушбу тизимнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратиш;

ариза берувчилар учун мамлакатнинг бутун ҳудудида давлат органлари билан ўзаро муносабатларни электрон ҳукумат доирасида амалга ошириш бўйича имкониятлар яратиш;

ўз зиммасига юклатилган вазифалар доирасида давлат органларининг маълумотлар базаларини, Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ва Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини шакллантириш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда электрон ҳужжат айланиши, давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва уларнинг маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви механизмларини шакллантириш ҳисобига давлат бошқаруви тизимида «бир дарча» принципини жорий этиш;

тадбиркорлик субъектларини электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга, шу жумладан статистика ҳисоботини тақдим этиш, божхона расмийлаштируви, лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар бериш жараёнларида, шунингдек давлат органларидан ахборот олиш жараёнларида электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга ўтказиш;

тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотни сотиш ва харидларни амалга ошириш тизимларидан фойдаланишини, шунингдек коммунал хизматларни ҳисобга олишнинг, назорат қилишнинг ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни кенгайтириш;

нақд бўлмаган электрон тўловлар, давлат харидларини амалга ошириш, масофадан фойдаланиш тизимларини ва банк-молия соҳасидаги фаолиятнинг бошқа электрон шаклларини ривожлантириш.

Савол: Электрон давлат хизматлари қандай кўрсатилади, уларга доир талаблар мавжудми?

Ю.Ахмедов, Бухоро шаҳри

Жавоб: Қонунда электрон давлат хизматлари кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланган. Унга асосан, электрон давлат хизматлари ахборот ва интерактив давлат хизматлари тарзида бўлиши мумкин. Ахборот давлат хизмати ариза берувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган, давлат органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш ва бошқача тарзда тарқатиш йўли билан кўрсатиладиган электрон давлат хизматидир. Интерактив давлат хизмати эса ариза берувчига ариза берувчи ва электрон давлат хизмати кўрсатувчи давлат органи ўртасида икки томонлама электрон ҳамкорлик йўли билан кўрсатилади.

Албатта, электрон давлат хизматларига доир талаблар Қонунда белгилаб берилган. Уна кўра, ахборот давлат хизматлари тўлиқ ва ишончли ахборотни ўз ичига олиши керак. Интерактив давлат хизматлари эса, қонун ҳужжатлари асосида ва ахборотни тўплаш, сақлаш, унга ишлов бериш, уни узатиш ҳамда алмашиш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида ташкил этилиши, электрон давлат хизматларининг тасдиқланган регламенти асосида кўрсатилиши, шахсга доир маълумотларга ишлов беришни назарда тутувчи хизматлардан ариза берувчиларнинг хавфсиз фойдаланишини таъминлаши, сўров юбориш ва электрон давлат хизматининг натижасини олиш имкониятини таъминлаши, тўлиқ, ишончли бўлган ва рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилинган ахборотни ўз ичига олиши керак.

Савол: Электрон давлат хизматларини кўрсатишга оид муносабатлар яна қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади?

И.Бобомуродов, Навоий шаҳри

Жавоб: Жорий йил 3 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 188-сон Қарори қабул қилинди. Ҳужжат «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонунни амалга татбиқ этиш доирасида қабул қилиниб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва давлат органларининг расмий веб-сайтлари орқали Электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги ва Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали тўғрисидаги низомлар тасдиқланиб, Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Ҳужжатда давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш жараёнида ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, аҳоли ва бизнес вакилларидан талаб қилинадиган ҳужжат ва сўровларни қисқартириш, хизмат кўрсатиш жараёнини соддалаштириш, шунингдек, давлат органлари ҳужжатларини ягона шаклга келтириш каби вазифалар белгилаб берилган.

Саволларга Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Жасур Асадов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш