Васийлик ва ҳомийликнинг ҳуқуқий асосларининг яратилиши?

А.Нуриев, Гулситон шаҳри

Жавоб: Энг аввало, Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 2008 йил 16 апрелдаги Қонуни васийлик ва ҳомийликнинг ҳуқуқий асосларининг яратилишида муҳим пойдевор бўлди десак ҳеч муболаға бўлмайди. Ушбу Қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида шу йили Вазирлар Маҳкамасининг “Васийлик ва ҳомийлик органига ота-онасининг қаровисиз қолган болалар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 2-январдаги “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши билан мамлакатимизда васийлик ва ҳомийлик институти фаолиятининг янги даврини бошлаб берди десак ҳеч адашмаган бўламиз. Мазкур Қонунга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга оширишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори қабул қилинди ва бу қарор билан Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги низом, Васийлик ва ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни, уларнинг жойлаштирилганлиги ҳамда мол-мулкини ҳисобга олиш давлат реестри тўғрисидаги низом, Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдини юритиш ва васий ёки ҳомий томонидан ўз мажбуриятларини бажариши тўғрисида ҳисобот тақдим этиш тартиби ҳақидаги низом қабул қилинди, шу аснода васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги қонунчилик базаси изчиллик билан такомиллаштирилди.

Савол: Қайси давлат органлари васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятни амалга оширади?

А.Нуриев, Гулситон шаҳри

Жавоб: Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари жумласига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари киради.

Васийлик ва ҳомийлик бўйича фаолият: туман, шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари томонидан -вояга етмаганларга нисбатан, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари томонидан - суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларга нисбатан, туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан - соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга нисбатан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикасидан ташқарида яшайдиган, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда васийлик ёки ҳомийлик белгилаш чора-тадбирларини кўради.

Саволларга Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бўлими  катта маслаҳатчиси Ж.Шерназаров жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш