Мен, Қашқадарё вилоятида яшайдиган танишимдан унинг автомашинасини сотиб олмоқчи эдим,

Савол:  эшитишимга қараганда автомашина олди-сотди қилинаётганда автомашина тақиқда турган ёки турмаганлик ҳақида маълумотнома олиниши керак экан, ушбу масала юзасидан тушунтиришлар беришингизни ҳамда маълумотнома (тақиқ)нинг амал қилиш муддати ҳақида ҳам маълумот беришингизни сўрайман.

Н.Холматовадан, Сайхунобод тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.03.2006 йилдаги “Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низом ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 30.04.2010 йилдаги “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномалар автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларини, бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента), ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномаларини расмийлаштириш тартибини белгилайди.

Низомнинг 7-бандида Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш бошқа шахсга бериш тақиқланмаганлиги ва хатлаб қўйилмаганлиги текширилгандан кейин амалга оширилади, тасарруф этиш ҳуқуқисиз ишончномалар бундан мустаснолиги, нотариуслар томонидан бошқа шахсга бериш шартномалари тасдиқлангунга қадар автомототранспорт воситалари автомототранспорт воситаси рўйхатга олинган жойдаги ёки битим содир этилган (сотиб олувчининг танловига кўра) жойдаги ДЙҲХХ органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилиши керак. Агрегатлар рақамларининг рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлигини кўздан кечирган мансабдор шахснинг фамилияси ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, кўздан кечирилган сана кўрсатилган ва мансабдор шахс имзоси қўйилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш ҳужжатидаги штамп билан тасдиқланади. Штамп 10 кун мобайнида амал қилади деб кўрсатиб ўтилган.

Низомнинг 12-бандида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат нотариал идораларида автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш ва тақиқланганлиги ва хатлаб қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотлар банки (ҳужжатли) шакллантирилишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан ДЙҲХХ органлари билан биргаликда қўшимча равишда тегишли ҳудуд бўйича бошқа шахсга бериш тақиқланган ва хатлаб қўйилган автомототранспорт воситалари тўғрисидаги электрон маълумотлар банки юритилади.

Йўриқноманинг 8-§., 102 ва 105-бандларида Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлашда Нотариус жисмоний шахслар ўртасида, жисмоний шахслар ва юридик шахслар ўртасида ҳамда юридик шахслар ўртасида тузиладиган автомототранспорт воситаларини ва бошқа ўзиюрар машина ҳамда механизмларни, уларнинг номерли агрегат ва тиркама, ярим тиркамаларини бошқа шахсга ўтказиш (олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш, рента) ва бошқа турдаги битимларни тасдиқлашлиги, бундай битимларни тасдиқлашда ҳар бир фуқаро ёки юридик шахс хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақлилиги кўрсатиб ўтилган.

Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги текширилгандан кейин амалга оширилади, тасарруф этиш ҳуқуқисиз ишончномалар бундан мустасно. Тақиқ ва хатловнинг йўқлиги ҳақидаги маълумот беш кун муддатда амал қилади.

Сиз, бошқа шаҳсга тегишли бўлган автотранспорт воситасини сотиб олишда автотранспорт воситаси рўйхатга қўйилган туман (шаҳар) Давлат нотариал идорасидан ҳақиқатдан ҳам ушбу транспорт воситаси тақиқда турган ёки турмаганлиги ҳақида маълумот олинганидан кейин олди сотди шартномасини расмийлаштиришингиз мумкин.

Савол: Мен, савдо дўконимни ижарага бермоқчиман, ижарага беришлик учун қандай хужжатлар нотариал идорага тақдим этишим кераклиги ҳақида тушунтириш беришингизни сўрайман.

Д.Эсанова, Сайхунобод тумани

Жавоб:Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 30.03.2010 йилдаги 64-мҳ-сон буйруғига асосан қабул қилинган “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида Йўриқнома”нинг 133 банди талабларига асосан мулк ижараси шартномасини тасдиқлашда нотариус қуйидагиларни талаб қилади: мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади); ижара нарсаси умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги; васийликдаги шахсга қарашли бўлган мол-мулк ижарага берилганда, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги.

Ижарага берилаётган мулк давлат рўйхатидан ўтказиладиган мулк бўлса, нотариус шу куннинг ўзида тегишли нотариал идорадан ушбу мулкнинг бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотномани олиши лозим. Бунда ушбу маълумотнома олинганлиги учун тўлов ундириш тақиқланади.

Фуқаролик кодексининг 541-моддасига асосан ижарага берилаётган мол-мулк топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида топширилиши лозимлиги тарафларга тушунтирилади ва бу ҳақда шартнома матнида кўрсатилади.

Ушбу Кодекснинг 541-моддада ижарага олувчига мол-мулкни топшириш кўрсатиб ўтилган. Унда ижарага берувчи ижарага олувчига мол-мулкни шартнома шартлари ва мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолатда топширмоғи лозим.

Мол-мулкни топширишга тайёрлаш, шу жумладан топшириш далолатномасини тузиш ва имзолашга тақдим этиш ижарага берувчининг бурчи бўлиб, унинг ҳисобидан амалга оширилади.

Агарда шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулк барча мансуб ашёлари ва унга алоқадор ҳужжатлар (техник паспорт, сифат сертификати ва ҳоказолар) билан бирга ижарага топширилади. Агарда бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатлар топширилган бўлмаса ва уларсиз ижарага олувчи мол-мулкдан унинг ўз вазифаси бўйича фойдалана олмаса ёхуд шартнома тузиш пайтида мўлжаллашга ҳақли бўлган анча нарсасидан маҳрум бўлса, у ижарага берувчидан бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатларни топширишни ёхуд шартномани бекор қилишни, шунингдек зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Агар ижарага берувчи ижарага олувчига ижарага берилган мол-мулкни шартномада кўрсатилган муддатда, башарти шартномада бундай муддат кўрсатилган бўлмаса, оқилона муддатда топширмаган бўлса, ижарага олувчи ушбу Кодекснинг 331-моддасига мувофиқ бу мол-мулкни ундан талаб қилиб олиш ва ижронинг кечикканлиги туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ёки шартномани бекор қилиш ва унинг бажарилмаганлиги сабабли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Савол: Мулкни ижарага беришда мулк ижара шартномаси муддатлари ва мулкни топшириш ва қабул қилиш ҳақида тушунтириш берсангиз.

Э.Холимовдан, Сайхунобод тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 540-моддасида мулк ижараси шартномасининг муддати кўрсатилиб ўтилган бўлиб, мулк ижараси шартномаси шартномада белгиланган муддатга тузилган хисобланади, агар мулк ижарасининг муддати шартномада белгиланмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисоблананади. Бунда тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин, кўчмас мулк ижарасида эса - уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин. Қонун ёки шартномада номуайян муддатга тузилган мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақида олдиндан огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.

Қонунда мулк ижарасининг айрим турлари учун, шунингдек мол-мулкнинг айрим турларини ижарага олиш учун энг кўп (охирги) муддатлар белгилаб қўйилиши мумкин. Бундай ҳолларда, башарти ижара муддати шартномада белгиланган бўлмаса ва қонунда белгиланган охирги муддат тугагунича тарафлардан ҳеч қайсиси шартномадан воз кечмаса, охирги муддат ўтиши билан шартнома бекор бўлади. Қонунда белгиланган охирги муддатдан ортиқ муддатга тузилган бундай мулк ижараси шартномаси охирги муддатга тенг муддатга тузилган ҳисобланади.

Ушбу Кодекснинг 541-моддасида ижарага олувчига мол-мулкни топшириш кўрсатиб ўтилган. Унда ижарага берувчи ижарага олувчига мол-мулкни шартнома шартлари ва мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолатда топширмоғи лозим.

Мол-мулкни топширишга тайёрлаш, шу жумладан топшириш далолатномасини тузиш ва имзолашга тақдим этиш ижарага берувчининг бурчи бўлиб, унинг ҳисобидан амалга оширилади.

Агарда шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулк барча мансуб ашёлари ва унга алоқадор ҳужжатлар (техник паспорт, сифат сертификати ва ҳоказолар) билан бирга ижарага топширилади. Агарда бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатлар топширилган бўлмаса ва уларсиз ижарага олувчи мол-мулкдан унинг ўз вазифаси бўйича фойдалана олмаса ёхуд шартнома тузиш пайтида мўлжаллашга ҳақли бўлган анча нарсасидан маҳрум бўлса, у ижарага берувчидан бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатларни топширишни ёхуд шартномани бекор қилишни, шунингдек зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Агар ижарага берувчи ижарага олувчига ижарага берилган мол-мулкни шартномада кўрсатилган муддатда, башарти шартномада бундай муддат кўрсатилган бўлмаса, оқилона муддатда топширмаган бўлса, ижарага олувчи ушбу Кодекснинг 331-моддасига мувофиқ бу мол-мулкни ундан талаб қилиб олиш ва ижронинг кечикканлиги туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ёки шартномани бекор қилиш ва унинг бажарилмаганлиги сабабли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Савол: Мен мулкимни маълум бир муддатга ижарага берсам, лекин ижарага берган мулкимдаги камчиликларни билмаган ёки кўрмаган бўлсам, ундай холларда жавобгарлик масаласи қандай ҳал қилинади.

Х.Алимова, Сайхунобод тумани

Жавоб: Фуқаролик кодексининг 542-моддасида ижарага топширилган мол-мулкдаги камчиликлар учун ижарага берувчининг жавобгарлиги масаласи кўрсатиб ўтилган бўлиб, бунда ижарага берувчи ижарага топширилган мол-мулкнинг ундан фойдаланишга тўлиқ ёки қисман тўсқинлик қиладиган камчиликлари учун, ҳатто у шартнома тузиш вақтида булар ҳақида билмаган бўлса ҳам, жавобгардир. Бундай камчиликлар аниқланганда ижарачи ўз хоҳишига кўра: ижарага берувчидан ё мол-мулкдаги камчиликларни текинга бартараф этишни ёки мол-мулкдан фойдаланганлик ҳақини мутаносиб камайтиришни ёхуд мол-мулкдаги камчиликларни бартараф этиш учун қилган ўз харажатларини қоплашни талаб қилишга; ижарага берувчини олдиндан огоҳлантирган ҳолда ўша камчиликларни бартараф этишга сарфлаган харажатлари суммасини мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақдан бевосита чегириб қолишга; шартномани муддатидан олдин бекор қилишни талаб қилишга ҳақлидир.

Ижарага олувчининг талабларидан ёки унинг мол-мулкдаги камчиликларни ижарага берувчи ҳисобидан бартараф этиш ниятидан хабардор қилинган ижарага берувчи ижарага топширилган мол-мулкни тегишли ҳолатда бўлган бошқа шундай мол-мулк билан дарҳол алмаштириб бериши ёки мол-мулкдаги камчиликни текинга бартараф этиши мумкин.

Агар ижарага олувчининг талабларини қаноатлантириш ёхуд унинг камчиликларни бартараф этиш харажатларини мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақдан чегириб қолиши ижарага олувчи кўрган зарарни қопламаса, у зарарнинг қопланмаган қисмини тўлашни талаб қилишга ҳақлилиги кўрсатиб ўтиилган.

Шартнома тузиш вақтида ижарага берувчи олдиндан айтиб қўйган ёки ижарага олувчига олдиндан маълум бўлган ёхуд шартномани тузишда ёки мол-мулкни ижарага топшириш пайтида уни кўздан кечирганда ёхуд унинг созлигини текширганда ижарага олувчи аниқлаши керак бўлган камчиликлар учун ижарага берувчи жавобгар бўлмайди.

Савол: Мулк ижарасини муддатидан олдин бекор қилиш тартиби ҳақида тушунтириш берсангиз.

Х.Алимова, Сайхунобод тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 551-моддада ижарага берувчининг талаби бўйича мулк ижараси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тартиблари кўрсатиб ўтилган бўлиб, мулк ижараси шартномаси ижарага берувчининг талаби билан суд томонидан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин, агар ижарага олувчи: ижарага берувчининг ёзма огоҳлантиришига қарамасдан мол-мулкдан шартнома шартларини ёки мол-мулкнинг вазифаларини жиддий равишда бузган ёхуд бир неча марта бузган ҳолда фойдаланса; мол-мулкни жиддий ёмонлаштирса; шартномада белгиланган тўлов муддатини кетма-кет икки мартадан ортиқ бузиб, мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўламаса; қонун ҳужжатларига ёки шартномага мувофиқ капитал таъмирлаш ишларини бажариш ижарага олувчи зиммасидаги мажбурият бўлган ҳолларда шартномада белгиланган муддатларда, шартномада бундай муддат белгиланган бўлмаса, оқилона муддатларда мол-мулкни капитал таъмирлашни амалга оширмаса. Мулк ижараси шартномасида ушбу Кодекснинг 382-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ ижарага берувчининг талаби билан шартномани муддатидан олдин бекор қилишнинг бошқа асослари ҳам белгиланиши мумкин. Ижарага берувчи ижарага олувчини ёзма равишда огоҳлантирганидан ва унга ўз мажбуриятларини бажариш учун имконият берганидан кейингина шартнома муддатидан олдин бекор қилинишини талаб қилишга ҳақли.

Ушбу кодекснинг 552-моддасида эса, ижарага олувчининг талаби билан мулк ижараси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш кўрсатиб ўтилган бўлиб, унда ижарага олувчининг талаби билан мулк ижараси шартномаси суд томонидан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин, агар: ижарага берувчи мол-мулкни фойдаланиш учун ижарага олувчига бермаса ёки мол-мулкдан шартнома шартларига ёхуд мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ фойдаланишга тўсқинлик қилса; ижарага олувчига топширилган мол-мулкда ундан фойдаланишга тўсқинлик қиладиган камчиликлар бўлиб, уларни ижарага берувчи шартнома тузиш вақтида айтиб ўтмаган, ижарага олувчига олдиндан маълум бўлмаган ва шартнома тузаётганда мол-мулкни кўздан кечириш ёхуд унинг созлигини текшириш вақтида аниқланиши мумкин бўлмаган бўлса; ижарага берувчи шартномада белгиланган муддатларда, агарда шартномада муддат белгиланган бўлмаса, оқилона муддатларда ўз зиммасидаги мол-мулкни капитал таъмирлаш мажбуриятини бажармаса; ижарага олувчи жавобгар бўлмаган ҳолатлар туфайли мол-мулк фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолса. Бу ҳолда ҳам ФКнинг 382-моддасининг иккинчи қисмигамувофиқ ижарага олувчининг талаби билан шартномани муддатидан олдин бекор қилишнинг бошқа асослари ҳам белгиланиши мумкин.

Саволларга Сайхунобод туман ДНИ нотариуси М.Юсупова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш