Ҳукумат портали ишга тушганидан хабардормиз.

Савол:  Лекин унинг вазифалари, порталдан қандай фойдаланишни яхши билмаймиз. Шу тўғрида маълумот берсангиз.

А.Мамадалиев, Фарғона вилояти

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали (www.gov.uz) Интернет тармоғидаги асосий ва расмий давлат ахборот ресурси ҳисобланади.

Ҳукумат портали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 17 декабрдаги “Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишга туширилган.

Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталининг ташкил этилиши ва қўллаб-қувватланиши, Ўзбекистон Республикасининг «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги ва «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунлари, Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари режасига мувофиқ амалга оширилаяпти.

Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг функционал жараён ва тартибини қўллаб-қувватловчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг электрон ҳамжиҳатлик инфратузилмасининг тизимини ташкил этувчи қисм ҳисобланади.

Савол: Ҳукумат порталининг асосий мақсадлари нималардан иборат?

С.Маманов, Самарқанд вилояти

Жавоб: Ҳукумат порталининг асосий мақсадлари:

· Фуқаролар ва хўжалик субъектларига давлат ҳокимият ва бошқаруви органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот ресурслари ва хизматларининг ҳажмини оширишга мўлжалланган ихтисослаштирилган ахборот тизимини яратиш;

· Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали мақсадли аудиториясини зарур муассасалар билан ўзаро алоқа қилиш жараёнлари ва имкониятлари тўғрисида, фуқароларнинг мажбуриятлари ва ҳуқуқларининг келиб чиқиши тўғрисида, давлат ҳокимияти органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотлардан тўлиқ, тезкор ва фойдаланишда қулайлиги, давлат ҳокимияти органлари ва бошқарувининг расмий позициясини акс эттирувчи кенг кўламдаги ахборотлар билан таъминлаш;

· Чекланган хизматланишга мўлжалланган ахборотга киритилган маълумотлардан ташқари, тегишли ахборот ресурсларини жойлаштириш ва ташкил этиш йўли билан фуқаро ва ташкилотларни давлат ижро ҳокимияти органларининг фаолияти тўғрисидаги расмий ахборотга киришини таъминлаш;

· Давлатлараро ахборотлар алмашинувининг интенсификацияси яъни тезкорлигини ошириш.

· Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини ошириш ва миллий иқтисодиётимизга инвестицияларни жалб этиш учун шарт-шароитларни яратиш;

· давлат ахборот ресурсларини шакллантириш ва ривожлантириш, ташкилотлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга интерактив давлат хизматлари кўрсатиш учун мўлжалланган ихтисослаштирилган ахборотлар тизимини яратиш;

· тегишли ахборот ресурсларини ташкил этиш ва жойлаштириш йўли билан республика аҳолиси ҳамда халқаро жамоатчиликнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати фаолияти тўғрисида, республиканинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлигини таъминлаш;

· ташкилотларнинг юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга кўмаклашиш;

· аҳолининг тегишли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятлари ва тартиботлари тўғрисида уларни хабардор қилиш;

· ахборотларни айирбошлаш ва тарқатиш тезлиги даражаси, ташкилотларнинг хабардорлиги даражаси ўсиши ҳисобига ташкилотлар фаолиятининг сифати ва самарадорлигини оширишга кўмаклашиш;

· ахборотларни идоралараро электрон айирбошлашни бирхиллаштириш.

Асосий функциялари эса:

· давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот ҳамжиҳатлигини таъминлаш;

· маълумотларни белгиланган форматдаги тақдимида давлат муассасалари ўртасида «ҳукумат» даражасида ахборотларни горизонтал алмашинуви;

· маълумотларнинг марказлаштирилган базасига кириш асосида ягона ахборот ресурсларидан биргаликда фойдаланиш;

· иқтисодий, ҳуқуқий, статистик ахборотлар билан вертикал ахборот алмашинуви;

· давлат-жамият ҳамжиҳатлигини таъминлаш;

· давлат-фуқаро;

· давлат-иқтисодий муносабатлар субъектлари;

· давлат-жамоат институтлари (сиёсий, диний, миллий, маданий, нотижорат ва ҳ.к.. ташкилотлар ва бирлашмалар);

· ташқи аудиторияга мўлжалланган, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кўп сонли ахборот ресурсларига, идораларнинг «ёйилган» серверига киришнинг ягона нуқтасини яратиш;

· давлат институтларининг фаолияти тўғрисида ахборотларни тақдим этиш;

· ҳуқуқий ахборотга киришни таъминлаш (республика, минтақавий қонунчилик, вазирлик ва идораларнинг меъёрий актлари);

· давлатда «Глобал ахборотлашган жамият»га мос муносабатларни бунёд этиш ва шакллантиришга кўмаклашиш;

· давлат институтларининг ишлаш самарадорлигини ошириш;

· идоравий ва бюрократик тўсиқларни енгиб ўтишга кўмаклашиш;

· давлат хизматининг обрўси ва нуфузини ошириш.

Савол: Ҳукумат порталидан фойдаланувчиларга қандай қулайликлар яратилган?

Ф. Норқобилов, Қашқадарё вилояти

Жавоб: 2015 йилда Ҳукумат портали тўлиқ янгиланган бўлиб, унда фойдаланувчилар учун бир қатор қулайликлар яратилган. Жумладан:

- Ҳукумат порталининг қорақалпоқ тилидаги кўриниши ишлаб чиқилган;

- Ҳукумат порталининг мобил иловаси ишлаб чиқилган;

- имконияти чекланган шахслар учун, овоз жўрлиги, шрифтни катталаштириш, ҳира кўрувчи шахслар учун ёрқин кўринишлари ишлаб чиқилган;

- олдинги версияга қараганда кўплаб янги бўлимлар очилган ва долзарб маълумотлар жойлаштирилган.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур портал ҳар бир фойдаланувчи учун кенг қамровли ахборот олиш имконини яратди. Хусусан,

Ҳукумат портали орқали Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар;

республиканинг давлат тузилиши таркиби, республикани бошқаришнинг давлат, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий институтлари тўғрисидаги маълумотлар;

ташкилотларнинг фаолияти, шунингдек тузилмаси, функциялари, вазифалари, ваколатлари ва алоқалари тўғрисидаги маълумотлар;

юридик ва жисмоний шахслар учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ёки олиш шартлари, шакллари, бланкалари, тартиби ва тартиботлари тўғрисидаги маълумотлар;

ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари тўғрисидаги маълумотлар;

ташкилотларда ва давлат ахборотлаштириши соҳасида ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши тўғрисидаги маълумотлар;

мамлакатдаги муҳим воқеалар тўғрисидаги маълумотлар, фотоархив, ташкилотларнинг турли тузилмаларидан ва давлат ҳокимияти органларидан олинган тадбирлар ҳақидаги маълумотларнинг қисқача мазмуни ва бошқа долзарб турдаги маълумотларни қулай олиш имконияти яратилган.

Саволларга Адлия вазирлиги Ҳуқуқий ахборот  билан таъминлаш маркази бўлим бошлиғи Жанболат Балтабаев жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш