Тадбиркор – юртга мададкор

Юртимизнинг энг улуғ, энг азиз шодиёнаси - мустақиллик байрами арафасида ўз тараққиёт йўлимиз давомида эришган натижаларимизни сарҳисоб қилиш, келгусидаги режаларни белгилаб олиш яхши анъанамиз ҳисобланади. Тарихан қисқа давр мобайнида Ўзбекистон асрларга татигулик ютуқларни қўлга киритдики, бундан ҳар биримиз чексиз фахр ва ифтихор ҳиссини туямиз.

Хамманинг ёдида, Республикамиз мустақиллигини эълон қилиниши юртимизда ишлаб чиқариш самарадорлиги кескин пасайган, ялпи ички маҳсулот ҳажми тушиб кетган, иқтисодиётимизнинг асосий тармоқлари оқсаб қолган мураккаб ижтимоий-иқтисодий шароитга тўғри келди.

Ана шундай мураккаб вазиятда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг беш тамойилга асосланган “ўзбек модели” ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Тараққиётнинг ўзимизга хос ва мос бўлган ушбу йўли нечоғли тўғри ҳамда самарали эканлигини бугун ҳаётнинг ўзи яққол тасдиқлаб турибди.

Бунинг амалий исботини юртдошларимизнинг фаровон ҳаёти таъминлангани, шаҳар ҳамда қишлоқларимиз тобора гўзал қиёфа касб этаётгани, ҳар йили кўплаб замонавий корхона ва заводлар ишга туширилиб, уларда жаҳон бозорида харидоргир бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани мисолида яққол кўришимиз мумкин. Шунингдек, ушбу даврда иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 9 баробардан зиёд, товар ва хизматлар экспорти 18 баробар кўпайгани алоҳида эътироф этиш зарур.

Тадбиркорлик фаолияти, хусусан кичик бизнесни ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишлар туфайли бугунги кунда халқимиз хонадонларидаги маиший техника воситаларидан тортиб, дастурхонларидаги ноз-неъматларгача, кўчаларимизни тўлдириб юрган замонавий автомобиллардан тортиб, қишлоқ хўжалиги машиналаригача - барча-барчаси ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани кўнгилимизни тоғдек кўтаради.

Маълумки, истиқлолимизнинг илк йилларидан бошлаб иқтисодий тараққиётнинг муҳим пойдевори сифатида хусусий мулкчилик шаклидаги тадбиркорликни ривожлантиришга юксак эътибор қаратиб келинмоқда. Бунинг учун, энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий асоси яратилиб, тадбиркорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий қилинди. Яъни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик кодекси ҳамда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, 1200 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Бизнес юритиш учун яратилган ана шундай қулай ишбилармонлик муҳити туфайли кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жамиятнинг ижтимоий-сиёсий таянчи, иқтисодий тараққиётнинг локомотивига айланди. Ушбу соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етгани, унинг тармоқларида жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилаётгани, иш билан банд аҳолининг 77 фоиздан ортиғи қамраб олингани ана шундан далолат беради.

Қолаверса, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қўлга киритилаётган муваффақиятлар дунё ҳамжамиятининг юксак эътирофига ҳақли равишда сазовор бўлаётгани сизу бизни қувонтиради. Хусусан, Жаҳoн иқтисoдий фoруми рeйтингига кўра, Ўзбeкистoн 2014-2015 йиллардаги ривoжланиш якунлари ҳамда 2016-2017 йилларда иқтисoдий ўсиш прoгнoзлари бўйича дунёдаги энг тeз ривoжланаётган бeшта мамлакат қатoридан жoй oлди. Осиё тараққиёт банки экспертлари эса республикамизнинг иқтисодий ривожланиш суръатлари ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон 2035 йилда Марказий Осиёнинг янги иқтисодий етакчисига айланишига катта ишонч билдирди.

Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг “Бизнесни юритиш — 2016” навбатдаги йиллик ҳисоботида мамлакатимиз бизнесни юритиш шарт-шароитлари бўйича рейтинг кўрсаткичи 189 мамлакат орасида 16 поғона кўтарилиб, 87-ўринга лойиқ кўрилган бўлса, кредитлаш шартлари бўйича 63 поғона юқорилаб, 42-ўринга сазовор бўлди.

Бу каби ижобий натижалар нуфузли халқаро рейтинг агентликлари, жумладан, “Мудис”, “Стандарт энд Пурс” ва “Фитч Рейтингс” рейтинг агентликларининг баҳоларида ҳам ўз аксини топмоқда.

А.Хаитов, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси 


Рўйҳатга қайтиш