Хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган нормаларнинг аҳамияти

Конституциямиз ва у асосда қабул қилинган қонунлар ҳамда уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш йўли билан татбиқ этилаётган янгиликларнинг туб негизида аввало инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкам ҳимоялаш, юрт фаровонлиги ва аҳоли турмуш даражасини юксалтириш каби эзгу мақсадлар ташкил этади.

Иқтисодиётни эркинлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратиш соҳасига давлат сиёсати даражасида жиддий эътибор қаратилиб, бу борадаги амалдаги қонунчилик тубдан ислоҳ қилинаётганлигини кейинги йилларда қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатлари билан белгилаб берилаётган янги қонун-қоидалар тўла тасдиқлайди.

Хусусан, 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Республикамиз Президентининг ПФ-4725-сон Фармони, 
20 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, соҳадаги турли тўсиқ ва чекловлар мутлоқ бартараф этиш йўлида ташланган навбатдаги дадил қадам бўлиб, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушни ошириш учун қулай шарт-шароит яратиш ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун зарур рухсат бериш 
тартиб-таомилларининг рўйхати ва турларини кескин қисқартириш учун сари кенг йўл очди.

Қонун асосида қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилди:

- тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш;

- хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш;

- барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат беришва лицензиялаш, шунингдек. ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш;

- хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитини яхшилаш.

Қуйида мазкур янги қоидалар билан белгилаб берилаётган тартиботлар ва уларнинг тадбиркорлик фаолияти ҳамда хусусий мулкчиликни ривожлантиришдаги ўрни тўғрисида фикр юритсак:

Тадбиркорлик субъектлари учун яратилган яна бир қулайлик сифатида “Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги 301-модда (Тадбиркорлик фаолияти субъектларига берилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллашнинг кафолатлари) билан тўлдирилганлигини алоҳида эътироф этиш зарур.

Унга кўра, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларида берилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш тартибини ўз ваколатлари доирасида тушунтиришлари, шунингдек уларнинг қўлланилишини таъминлашлари шартлиги қтъий белгилаб берилди.

Энг эътиборли жиҳати шундаки, кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлар ваколатли органларга ва ташкилотларга (давлат солиқ, божхона хизмати органларига, давлат статистика органларига, банкларга ва бошқаларга) уларнинг ёзма равишдаги мурожаатларисиз берилиши таъминланади.

Бунда, кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференцияларнинг руйхати Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестрида элон қилинади ҳамда доимий равишда янгилаб борилади.

Шунингдек, Фармон ва Қонунда солиқ тўлашдан бўйин товлаш жиноятини биринчи марта содир этган тадбиркор жиноят аниқлангандан кейин 30 кун давомида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қопласа, пеня ва бошқа молиявий жарима турларини тўласа, жиноий иш қўзғатилмаслиги ва у жавобгарликдан озод қилиниши белгилаб қўйилди.

Ўз навбатида, давлат органлари мансабдор шахслари томонидан лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари билан боғлиқ ҳужжатларни бериш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, шунингдек имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш ёки уларни қўллашга тўсқинлик қилиш учун маъмурий жавобгарлик, агар шу 
хатти-ҳаракатлар бир йил ичида такрорланса жиноий жавобгарликка тортиш амалиёти жорий этилди.

Тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини амалга оширишларида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилмаслик мажубрияти юклатилди. Қонун билан экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб қилинадиган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхатини белгилаш масаласи ташқи иқтисодий фаолиятнинг давлат томонидан тартибга солишнинг асосий механизмларидан бири эканлиги тан олинди.

Бундан ташқари, Фармон билан 1 июлдан бошлаб якка тадбиркорларга, фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, бир нафардан уч нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилди ва ҳар бир ёлланган ишчи учун энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва 30 фоизи миқдорида қатъий солиқни тўлаш белгиланди.

Бунда якка тадбиркор касб-ҳунар коллежи битирувчиси ёллаган бўлса, коллежни тамомлаганидан эътиборан ўн икки ой мобайнида қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод этилиши белгилаб қўйилди.

Қонунга мувофиқ, жисмоний шахс ёки оилавий корхона турар жойидан ёки ер участкасидан тадбиркорлик мақсадида фойдаланса, мол-мулк ва ер солиқларини жисмоний шахслар учун ўрнатилган ставкалар бўйича тўлаши белгиланди. Яъни, мол-мулк солиғи юридик шахслар учун белгиланган 4 фоизли эмас, балки жисмоний шахслар учун белгиланган 1,3 фоизли ставкада тўланади.

Эндиликда барча турдаги корпоратив низолар, яъни юридик шахсни ташкил этишдан тортиб, уни қайта ташкил этиш, тугатиш, шунингдек юридик шахснинг фаолиятидан келиб чиқадиган барча низоларнинг хўжалик судлари томонидан ҳал этилиши белгиланлиги, энг аввало, таъсисчи, акциядорларнинг судма суд овора бўлиб юришларини бартараф этиб берди.

Қонун билан яна бир муҳим аҳамиятга эга бўлган янгилик киритилган бўлиб, эндиликда мулкдорлар – хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органлари ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилишда давлат божини тўлашдан озод этилдилар.

Шунингдек, амалдаги бир нечта қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилиб, кичик тадбиркорлик субъектлари бўлмиш микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун муҳр мавжуд бўлиши шартлиги талаби бекор қилинди.

Бундай янги тартиб-қоидалар давлат назорат ва бошқарув идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларини фаолият олиб боришига ҳар қандай тўсқинликлар, асоссиз аралашувларини одини олишга, яратилаётган имтиёз ва преференцияларнинг сўзсиз қўлланилиши ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини тубдан соддалаштиришга қаратилган комплекс чоралар кўришни, тегишли ташкилотлар ва мансабдор шахслар зиммасига ушбу жараёнларда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш позициясидан туриб иштирок этиш масъулиятини юклайди.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ҳам ушбу позицияда туриб, доимий равишда тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаб келмоқда.

Жумладан, адлия бошқамаси томонидан Назорат қилувчи органларнинг тадбиркорликка оид қонунчиликка риоя этишлари юзасидан тизимли равишда ўрганишлар ўтказиб борилмоқда.

Жорий йилнинг августойига қадарўтказилган 20 та ўрганишларда жами 2500 дан зиёд қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.

Назорат тадбирлари давомида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда уларга келгусида такроран йўл қўймаслик юзасидан юзасидан идораларга 23 та тақдимнома ва 90 та огоҳномаларлар киритилди.

Тақдимномаларга асосан идораларнинг жами 25 нафар ходимлар интизомий жавобгарликка тортилиб, 35 та қарорлари бекор қилинди ёки қонунга мувофиқлаштирилди.

7 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Бундан ташқари, тадбиркорлар манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилиниши таъминланиб, судларга 313,8 млн. сўмлик 30 та даъво аризалари киритилди.

Хулоса қилиб айтганда, Республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, бу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаган ҳолда амалда тўлиқ ижросини ташкил этиш – нафақат бунинг учун масъул бўлган давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг, қолаверса, ҳар биримизнинг устувор вазифамиз эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.

С.Ўрманов, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими 


Рўйҳатга қайтиш