Имтиёз ва имконият

Ҳозирги кунда тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш, уларнинг жадал ривожланишини таъминлаш мақсадида 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатда 380 дан зиёд имтиёз ва преференциялар белгиланган. Бевосита фаолиятимиз борасида тўхталадиган бўлсак, назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятида ўтказилаётган текширишларнинг қонунийлиги устидан назоратни таъминлаш бўйича ўтказилаётган ўрганишлар айрим назорат қилувчи органлар томонидан “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонун ва текширишларни тартибга солишга қаратилган бошқа қонун ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлигини кўрсатмоқда.

Жумладан, адлия органлари назорат қилувчи органлар томонидан жами 20 та тадбиркор фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказилганлигини, 774 та ҳолатда эса текширишлар ўтказиш тартиби бузилганлигини аниқлади.

Ноқонуний текширишларга Наманганда 8 та, Бухорода 4 та, Самарқанд­да 3 та, Андижон ва Тошкент шаҳрида 2 тадан, Тошкент вилоятида 1 та ҳолатда йўл қўйилган.

Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан адлия органлари томонидан киритилган таъсир чораларига асосан 151 нафар айбдор шахс интизомий, 35 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди ҳамда 27 та ноқонуний қабул қилинган қарор бекор қилинди.

Жумладан, Андижон вилоят Стан­дарт­лаштириш ва метрология бошқармаси томонидан “Uz Dong Yang Co” қўшма корхонаси фаолиятида 2014 йил 24 сентябрдаги Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи комиссиянинг рухсатисиз текшириш ўтказилгани ҳолати бўйича адлия органининг 2016 йил 30 мартдаги тақдимномасига асосан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган Р.Абдужабборов эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, 2 та маъмурий қарор бекор қилинди ҳамда 691.020 сўм ноқонуний қўлланилган маъмурий жарима маблағлари тадбиркорга қайтарилди.

“Текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдириш тартибига риоя қилиниши бўйича қилинаётган мониторинглар давомида аниқланган қо­нун­бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича ўтган даврда адлия органлари томонидан 4.100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектининг текширишларни рўйхатга олиш китоблари қоғоз шакли ва 375 тасининг электрон шакли мониторинг қилинди.

Аниқланган 815 та қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш юзасидан 132 та тақдимнома, 146 та кўрсатма ва огоҳномалар киритилди ҳамда 41 нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судларга юборилди. Жумладан, Избоскан туманидаги “Сардор-Отабек ишончи” хусусий корхонасининг “Тек­шириш­ларни рўйхатга олиш китоби” мониторинг қилинганида, туман Давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан “Текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби” тўғрисидаги Низом талабларига риоя этилмаганлиги аниқланиб, ушбу ҳолатлар юзасидан 2016 йил 2 май куни киритилган тақдимномага асосан инспекция ходимлари Ш.Мирзамахмудов ва Д.Саттаровларга нисбатан жарима интизомий жазо чораси қўлланилди.

Вазирлик томонидан ўтказилаётган ҳар бир текширишни назорат қилиб бориш мақсадида “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг онлайн-электрон тизими жорий этилган бўлиб, бу ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Хусусан, бугунги кунга қадар назорат қилувчи органларнинг 135 та ўтказган текширишлари электрон тарзда қайд этилганлиги аниқланиб, уларнинг қонунийлиги юзасидан назорат ўрнатилди.

Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки ноқонуний аралашиш ҳолатлари юзасидан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича судларга 566 та таклиф киритилиб, натижада суд томонидан ҳуқуқбузарларга тегишли чоралар қўлланилди.

Масалан, Вобкент туманидаги “NURALI NIGINA” МЧЖ алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги мурожаати туман ҳокимлиги томонидан “Ягона дарча” маркази орқали эмас, балки бевосита тадбиркордан олиниб, рухсатнома беришда ортиқча ҳужжатлар талаб қилиб олинганлиги ҳолатлари бўйича адлия органи томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомага асосан ЖИБ Вобкент туман судининг 2016 йил 6 июндаги қарори билан туман ҳокимлиги масъул ходими ў.Остоновга 651.200 сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Бундан ташқари, ўтган 6 ой давомида ҳудудий адлия органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг манфаатларини кўзлаб судларга 8,5 миллиард сўм ундириш юзасидан 604 та даъво аризаси киритилди.

Жумладан, Ёзёвон туманидаги якка тартибдаги тадбиркор “Алишер Холматов”нинг банкдаги ҳисоб рақамидан 750,0 минг сўм маблағ АТ “Халқбанки” Ёзёвон туман филиали томонидан асоссиз равишда ечиб олинганлиги ҳолатлари юзасидан киритилган адлия органининг даъво аризага мувофиқ хўжалик судининг 2016 йил 4 апрелда жавобгар АТ “Халқбанки” Ёзёвон туман филиалидан жами 4 275,4 минг сўм (шундан 750,0 минг сўм моддий зарар, 1 525,4 минг сўм жарима ва кредит ажратишни кечиктирганлик учун 2 000,0 минг сўм пеня) ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори ҳамда қонунбузилиши оқибатида банк муассасасига етказилган жами 3 528,4 минг сўм миқдоридаги маблағни банк ходимларидан ундириш ҳақида хусусий ажрим чиқарилди.

Бундан ташқари, Навоий вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан “Globus-Tuz-Invest” МЧЖ ходими Э.Холовга нисбатан қўлланилган маъмурий жарима кечиктирилган ҳолда ундирилганлиги ҳолатлари бўйича адлия органи томонидан киритилган даъво ариза фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судида кўриб чиқилиб, суднинг 2016 йил 9 июндаги ҳал қилув қарори билан ноқонуний равишда ундирилган 592.200 сўм жарима қўмита масъул ходими А.Азизовнинг ҳисобидан ундириш белгиланди.

Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятига ноқонуний аралашиш, қонунга зид қарорлар қабул қилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича ўтган6 ой даврида адлия органлари томонидан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимия­ти органларининг тадбиркорлик субъ­ект­лари ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқларини чекловчи 837 та ноқонуний қарор, фармойиш, хат ва ҳужжатларининг ижроси тўхтатилди ва бекор қилинди.

Жумладан, Гулистон шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор Г.Шайзоқовага нисбатан шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан Солиқ кодексининг 114-моддаси талабларига амал қилинмаган ҳолда молиявий санкция қўлланилганлиги ҳолатлари бўйича киритилган даъво ариза вилоят Хўжалик судида кўриб чиқилиб, суднинг 2016 йил 1 июлда солиқ инспекциясининг молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорнинг бир қисми ҳақиқий эмас, деб топиш ҳамда 232.400 сўм маблағни тадбиркор фойдасига қайтариш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, Миробод туман ҳокимлиги томонидан асоссиз равишда 2015 йил 26 майда “FAKTOR GRANT” МЧЖга берилган улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш ҳу­қу­қини берувчи лицензиянинг амал қи­лиш муддатини тугатиш тўғрисида 263-сонли қарор қабул қилинганлиги аниқланиб, ушбу ҳолат бўйича киритилган адлия органининг 2016 йил 20 майдаги тақдимномасига асосан туман ҳокимининг юқоридаги ноқонуний қарори бекор қилиниши таъминланди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича адлия органларига ўтган 6 ой давомида тадбиркорлардан келиб тушган 2.152 та мурожаатнинг 1.592 таси кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилди.

Жумладан, Зомин туманида яшовчи фуқаро Ш.Умурзоқовнинг Зомин туман ҳокимлиги ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган мурожаатини ўрганиш натижаси бўйича адлия органининг 2016 йил 10 майдаги тақдимномасига асосан туман ҳокимининг 2016 йил 6 июндаги 809-сонли қарори билан М.Умурзоқовга бино-иншоотлар давлат ва жамият эҳтиёжлари учун бузилиши муносабати билан компенсация тариқасида савдо дўкони қуриш учун ер майдони ажратиб берилиши таъминланди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Фуқароларнинг мурожаатларини қонуний ҳал этиш муҳим вазифаларимиздандир. Шундай экан, ҳар бир мурожаат изсиз кетмайди. У қонуний ҳал қилинади. Бугуннинг талаби шундай.

А.Имомназаров, Адлия вазирлиги масъул ходими


Рўйҳатга қайтиш