Тадбирли танг қолмайди

Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар яратишда қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини ўрганиш ва уни такомиллаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

2014-2015 йилларда улар томонидан жами 81.243 нафар тадбиркорлик субъектига нисбатан маъмурий иш юритилган бўлиб, улардан 15.854 тасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларини жиддий равишда бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Жумладан, 5.875 та ҳолатда маъмурий баённома ва қарорлар камчиликлар билан расмийлаштирилган, 1.441 та ҳолатда маъмурий ишни кўриб чиқиш баённомаси юритилмаган, 1.238 та ҳолатда ҳуқуқбузарларнинг ҳуқуқлари тушунтирилмаган, 656 та ҳолатда маъмурий қарор ҳуқуқбузарга таништирилмаган, 394 та ҳолатда асоссиз равишда маъмурий жавобгарликка тортилган, 265 та ҳолатда маъмурий жаримани ундириш тартиби бузилган, 54 та ҳолатда нотўғри маъмурий жазо тайинланган, 45 та ҳолатда ҳуқуқбузарлик нотўғри квалификация қилинган, 25 та ҳолатда суднинг ваколатидаги маъмурий ишлар кўрилган ҳамда 23 та ҳолатда эса (2.1 миллион сўм) ортиқча жарима ундирилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тадбиркорлар ҳуқуқларининг судлар томонидан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида қонунчиликка тадбиркорларга нисбатан расмийлаштирилган барча маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг фақат судлар томонидан кўриб чиқилиши тартибини назарда тутувчи нормани киритиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилди.

Бугунги кунда “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 24 та манфаатдор идора ва вазирликларга кўриб чиқиш учун юборилди.

Вазирлик томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шакли жорий этилиб, ишга туширилган бўлса-да, ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар ҳудудларда бу борада назорат қилувчи органлар ҳамда тадбиркорлар ўртасида етарли тар­ғибот ишлари амалга оширилмаётганлигини, ушбу китобнинг аҳамия­ти ва уни тўлдириш тартибидан аксарият тадбиркор ҳамда назорат қилувчи органлар ходимлари хабардор эмаслигини кўрсатмоқда.

Адлия органлари томонидан ўтган давр мобайнида ушбу китобни тўлдириш тартибига риоя этмагани учун жами 64 та тақдимнома, 63 та огоҳнома киритилди ҳамда 27 нафар шахс­га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, судларга юборилди.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг июнь ойида Андижон, Фар­ғона, Наманган, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Навоий, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида китобнинг электрон шаклини тўлдириш тартиби ва унинг аҳамияти мавзусида ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, тадбиркорлар иштирокида ўқув амалий семинарлар ўтказилди. Учрашувларда ушбу он-лайн тизимининг аҳамияти, ундан фойдаланиш тартиби хусусида тушунтиришлар берилди.

Ўтган даврда вазирлик томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида, фаолият кўрсатмаётган ва зарар кўриб ишлаётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 1.228 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланиб, 3.128 та янги иш ўрни яратилди.

Адлия органларида ташкил этилган махсус 1-008 рақамли “Ишонч телефони” тадбиркорлик субъектларига ўзларининг бузилган ҳуқуқларини зудлик билан тўғридан-тўғри билдириш учун мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтирди.

Ўтган даврда тадбиркорлик субъект­ларидан 419 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 321 таси ёки 76,6 фоизи кўриб чиқилиб ҳал этилди.

Жумладан, Фарғона шаҳридаги “Гиппократ Дента” хусусий фирмаси раҳбарининг фирма ҳисобига асоссиз равишда 1222,02 минг сўм ортиқча маблағ ҳисобланиб электр таъминотидан узилганидан норози бўлиб “Ишонч телефони”га қилган мурожаати ўрганиб чиқилди. Адлия органи томонидан 2016 йил 17 май куни Фар­ғона шаҳар электр тармоқлари корхонасига тақдимнома киритилди. Фирма ҳисобига ортиқча ҳисобланган маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилиниб, фирма ҳисобварақасидан чиқарилди ҳамда ходимлар М.Сафаров ва Д.Ибрагимовларга “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди.

Шунингдек, “Ягона дарча” марказлари орқали берилган талабномалар асосида давлат органлари томонидан давлат хизматларини кўрсатишда қонун талабларига риоя этилиши аҳволи ўрганилганида жами 10.370 та қонунбузилиши ҳолатига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Уларнинг 3.182 таси талабномаларни кўриб чиқиш муддатига риоя этмаслик, 1.234 таси ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш, 1.517 таси тадбиркорлик субъектининг мурожаатларини тўғридан-тўғри қабул қилиш, 165 таси талабномаларни асоссиз рад этиш ва 5.212 таси бошқа (ижро интизомига риоя қилинмаганлиги, электрон тизим йўлга қўйилмаганлиги ва ҳ.к.) турдаги қонунбузилиши ҳолатларини ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 9 мартдаги “Шаҳарсозлик фаолияти ва қишлоқ хўжалигидан бошқа эҳтиёжлар учун ер участкалари беришнинг, бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишишнинг, шунингдек, объект­ни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга, турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатномалар беришнинг умумий белгиланган тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ўтказилган ўрганишларда архитектура идоралари томонидан Бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишишда 73 та, объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат беришда 546 та, ҳокимликлар томонидан эса тураржойларни нотураржой тоифасига ўтказишда 616 та қонунбузилиши ҳолати аниқланди.

Юқоридаги аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли идораларга 522 та тақдимнома, 187 та огоҳнома, ортиқча ундирилган 6 971,9 минг сўм маблағларни тадбиркорларга қайтариш юзасидан 77 та даъво аризаси киритилди ҳамда 415 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судларга юборилди.

Ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, рухсат бериш билан боғлиқ тартиб-таомилларнинг барча турларини қисқартириш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш бўйича кўплаб ишлар қилинмоқда.

Адлия органлари томонидан Президентимизнинг 2012 йил 16 июлдаги “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, ли­цен­зия­ланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари талабларига риоя этилишининг аҳволи ҳудудларда доимий равишда ўрганилмоқда.

Ўрганишларда юқоридаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига оид жами 760 та ҳолат аниқланди.

Адлия органлари юртимизда фаолият кўрсатаётган барча тадбиркорларга қўшқанот бўлмоқда. Уларнинг муаммо ва ташвишларига шерик бўлмоқда.

О.Бегматов, Адлия вазирлиги масъул ходими


Рўйҳатга қайтиш