Тадбиркорлар ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатланиши мустақиллик маҳсулидир

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жамиятимизнинг, бугунги ва келажак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиши шарт.

И.А.Каримов

Мамлакатимизда истиқлолнинг 25 йиллиги давомида бошқа сохалар билан бир қаторда хусусий мулк, тадбиркорликни ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

Бу каби кўрилаётган чоралар тадбиркорларнинг сони ва уларнинг республика иқтисодиётидаги улушини йилдан-йилга ошишига хизмат қилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 600 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, кичик бизнес улуши ялпи ички маҳсулот таркибида 56,7 фоизни, аҳоли бандлиги соҳасида эса 77 фоизни ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, жаҳоннинг нуфузли молиявий ташкилотлари томонидан юритилаётган рейтингларда ҳам мамлакатимиз ўрни кўтарилиб бормоқда. Жумладан, Жаҳон банкининг “Doing Business” (Бизнес юритиш) ҳисоботида республикамиз 2014 йилга нисбатан (141) 2015 йилда 54 (87) поғона кўтарилиб, ижобий натижага эришилди.

Биргина тарихга назар ташласак, бизни ота-боболаримиз азалдан касбу ҳунарга эга бўлиш, омилкорлик билан иш юритишга одатланган. Аждодларимиз айнан шу соҳа ҳисобидан рўзғор тебратиб, ўз оиласини, эл-юрт манфаатини таъминлаб келган.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик, ишбилармонлик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ноёб ва эзгу фазилатидир.

Бироқ, собиқ мустабид тузум даврида тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулк қонун билан таъқиб остига олинган эди. Хатто, ўша даврдаги Жиноят кодексига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлик ёки хусусий мулкка эга бўлганлик учун жиноий жавобгарлик масаласи белгиланган эди.

Истиқлол туҳфа этган эркинлик халқимизга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ва хусусий мулкдор бўлиш ҳуқуқини берди.

Бундан кўриниб турибдики, Давлатимиз раҳбари мустақилликка эришгач мамлакатимизнинг келажагини жамиятда тадбиркорлик руҳини қарор топтиришда, мулкдорлар синфини шакллантириш, ўз маҳсулотларимизни ишлаб чиқаришда кўргани бежиз эмас.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида, ҳали одамлар онгида хусусий мулк ҳақида тасаввур бўлмаган бир шароитда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда хусусий тадбиркорлик шаклланиши учун шароит яратилди.

Бунда авваламбор, мулкнинг давлат тасарруфидан чиқарила бошлаши мамлакатимиз тарихида ўзига хос бурилиш ясади. Халқ хўжалиги тармоқлари бозор иқтисодиёти шароитига ўтказилиши, четдан олиб келинаётган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган илк қадамлар Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақиллигига эришишига йўл очди.

Мамлакатимизда кўп тармоқли иқтисодиётнинг шаклланиши хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асослари яратилишига, хусусий мулкдор ва тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаалари муҳофазасини мустаҳкамлашни тақозо этди.

- Мустақиллигимизнинг дастлабки йилида, яъни 1991 йилда “Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун қабул қилингани тарихий аҳамиятга эга бўлди. Чунки, айнан шу қонун билан биринчи марта тадбиркорлик тушунчаси, кимлар тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилди. Кейинчалик ушбу қонун негизида “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, ҳозирги кунда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи асосий қонун сифатида хизмат қилмоқда.

1991 йилдаги “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун хусусийлаштиришга янада кенг йўл очди. Аҳолига мулк қилиб, хусусийлаштириб берилган корхоналар, бино ва иншоотлар, савдо мажмуаларида турли тадбиркорлик субъектлари фаолият юрита бошлади.

Тадбиркорлик билан шуғулланиш эркинлигини кафолатловчи ҳуқуқий база негизи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида янада мустаҳкамланди. Конституциямизнинг 53-моддасида давлат фуқароларнинг тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги қатъий белгилаб қўйилди.

Ушбу конституциявий нормадан келиб чиққан ҳолда, яъни фуқароларимизнинг тадбиркорлик фаолияти билан эркин шуғулланишини таъминлаш мақсадида ўтган даврда 1,2 мингдан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди.

Йилдан-йилга бу соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари такомиллаштириб борилди.

Мамлакатимиз мустақил тараққиётининг дастлабки босқичида – 1991 йилдан 2000 йилгача бўлган даврда асосий эътибор бозор иқтисодиётининг асосларини, авваламбор, унинг қонунчилик базасини шакллантириш учун шароит яратишга қаратилди. Бу борада қабул қилинган энг муҳим қонун ва норматив ҳужжатлардан Фуқаролик, Ер, Солиқ ва Божхона кодекслари, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Ислоҳотларнинг кейинги босқичида, яъни 2000 йилдан то ҳозирга қадарқабул қилинган қонун ҳужжатларида ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, хусусий мулк ҳимоясини кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилди.

Бу даврда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Хусусий корхона тўғрисида”, “Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорларини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Аҳамият берилса, сўнги йилларда қабул қилинаётган аксарият қонун ҳужжатларида айнан “ишбилармонлик муҳити” терминологияси кенг қўлланилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, “ишбилармонлик мухити” тушунчаси ўзида тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатига олишдан тортиб унинг тугатилишигача бўлган бутун бир жараённи қамраб олади.

Шунинг ўзи ҳам қабул қилинаётган мазкур қонун ҳужжатларининг мазмунан қандай кенглиги ҳамда моҳиятан аҳамиятлилигини кўрсатади.

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг энг қисқа ва соддалаштирилган тартиби жорий этилгани, бу йўлда учраши мумкин бўлган ҳар қандай тўсиқнинг бартараф этилаётгани юртдошларимизни ҳеч иккиланмай тадбиркорликка қўл урушига кенг йўл очмоқда.

Энди рўйхатдан ўтказиш жараёни хусусида тўхталадиган бўлсак, хақиқатан ҳам илгарилари корхонани рўйхатдан ўтказиш учун 7-8 та идорага мурожаат қилиниб, 40 га яқин ҳар хил ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинарди. Тадбиркор ҳали ўз ишини бошламасдан туриб, ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни рўйхатдан ўтказиш пайтидан бошлаб анча вақт ва асабини йўқотишига, кўплаб сарф-харажатлар қилишга мажбур бўларди. Буларнинг барчаси, керак бўлса унинг тадбиркорлик билан шуғулланишга бўлган иштиёқини сўнишига ҳам олиб келарди.

Бугунги кунда эса ўз хусусий ишини очмоқчи бўлган тадбиркорлар кўпи билан 2 кун давомида давлат рўйхатига олинганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш имкониятига эга бўлди. Рўйхатдан ўтказувчи орган гувоҳномани бериш билан бир вақтда тадбиркорлик субъектларининг солиқ, статистик ва бошқа идраларда ҳисобга олинишини ҳам таъминлайди.

Дастлаб қонун ҳужжатларига кўра тадбиркорларга турли идоралар томонидан 400 га яқин рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни , бундан ташқари 80 га яқин фаолият турларини амалга ошириш учун албатта лицензия талаб этилар эди. Ушбу лицензия ва рухсатномаларни олиш учун тадбиркорлар бир неча кун, хатто ойлаб вақт сарфлар эди.

Юқорида айтиб ўтлилган қонун ҳужжатлари асосида жами 177 та рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва 16 та лицензияланадиган фаолият турлари бекор қилинди.

Бу масалада илғор давлатларнинг қонунчилиги ва тажрибалари таҳлил қилиб ўрганилиб, улардаги замон талабларига мос келадиган нормаларни бизнинг қонунчиликка ҳам киритилди.

Жумладан, кўпчилик давлатларда рухсатномаларни бериш муддатларига риоя этилиши устидан назорат механизмларидан бири сифатида бу – “сукут – розилик белгиси” тамойили белгиланган.

Унга кўра, давлат органи рухсатнома олмоқчи бўлган тадбиркорга қонунда белгиланган муддатда рухсатномани ёки уни беришни рад этиш ҳақидаги ёзма хабарномани бермаса, ушбу муддатдан кейин аризачи рухсатномасиз бу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Худди шунга ўхшаш нормалар миллий қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топди.

Бундан ташқари, мазкур қонунлар билан барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди.

Айниқса, қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимининг жорий этилгани, келгусида тадбиркорларга ортиқча маъмурий чекловларни жорий этадиган қоидаларни аниқлаш ва уни бартараф этиш имконини бермоқда.

Халқимиз минталитети ва анъаналарига тўлиқ мос келадиган янги “оилавий корхона” ташкилий ҳуқуқий шакли “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топди.

Бу яратилган шароитлар амалда ана шу идораларнинг тадбиркор манфаатини таъминлаш йўлида хизмат қилишига кенг йўл очди.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида баъзи назорат қилувчи органлар мансабдор шахслари томонидан текшириш ниқоби остида тадбиркорлар фаолиятига турли кўринишда ноқонуний аралашувлар тез-тез учраб турарди.

Мана шундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида юртбошимизнинг ташаббуслари билан республикамизда 1996 йилда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ташкил этилди ва тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширишларнинг барчасини ушбу Кенгаш билан келишилган ҳолда ўтказилиши бўйича янги тартиб жорий этилди. Ўтган даврда бу тизим ўз самарасини бериб, назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларини олдини олишга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, республикамизда текширишлар билан боғлиқ муносабатлар МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлиб қонун даражасида тартибга солинди. Яъни, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни 1998 йилда қабул қилинган бўлса, бу соҳани тартибга солувчи Қонун Россияда 2008 йилда, Қозоғистонда 2011 йилда, Украина ва Молдовада эса 2012 йилда қабул қилинди.

Режали текширишларнинг ягона тартиби ва даврийлигини белгилаш, яъни барча режали текширишлар молиявий хўжалик фаолияти бўйича ўтказиладиган текширишлар каби кичик бизнес субъектларида 4 йилда бир марта, бошқа субъектларда эса 3 йилда бир марта ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, молиявий хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган текширишлар муддатини 30 кундан 10 кунгагача қисқартирилди.

Бугунги кунда тадбиркорлар фаолиятида ўтказилаётган ҳар бир текширишни назорат қилиб бориш ва улар фаолиятида ўтказилаётган ноқонуний текширишларни тезкорлик билан аниқлаб, бартараф этиш мақсадида мазкур китоб янада такомиллаштирилди. Текширишларни рўйхатга олиш китобининг онлайн-электрон тизими жорий этилди.

Эндиликда, назорат органларининг вакиллари агар тадбиркорлик субъектида техник имконият, яъни интернет тармоғи ва электрон рақамли имзо мавжуд бўлганда текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклини тўлдириш шартлиги белгиланди.

Назорат қилувчи орган ходими текширишларни рўйхатга олиш китобига электрон тартибда ёзувни қайд этган заҳотиёқ бу Адлия вазирлигидаги кузатув марказида кўринади. Мазкур тизим тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувни ва текширишларни ўтказиш тартибини бузиш ҳолатларини тезкорлик билан аниқлаш имкониятини бермоқда.

2015 йилнинг 21 августидан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонун тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилинишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 10 та кодексларига ҳамда 33 та қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур қонуннинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини либераллаштириш билан бир пайтда давлат органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хусусий мулк ва тадбиркорлар ҳуқуқларини бузганлиги учун жавобгарлиги кучайтирилди. Қонунга мувофиқ энг муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар бу Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилди.

Чунки эндиликда тадбиркор фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш тартибини бузганлик, тадбиркорларга имтиёзларни қўллашни асоссиз рад этганлик, давлат хизматларини кўрсатиш, рухсат бериш ёки лицензиялаш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Жумладан, Жиноят кодексининг 184-моддасига киритилган қўшимчага кўра, тадбиркор томонидан солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жинояти натижасида давлатга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганда, жавобгарликдан озод этилиши белгиланди. Натижада ҳозирга қадар 38 нафар тадбиркор зарарни қоплаганлиги учун жавобгарликдан озод этилди.

Таъкидлаш жоизки, илгари Жиноят кодексида тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги фақат битта моддада (2061-модда Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш) берилган бўлса, эндиликда янги Қонунга мувофиқ Кодексга тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар бўйича 11 та моддан иборат алоҳида боб (XIII1) киритилди.

Худди шундай, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳам Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик тўғрисида алоҳида боб билан тўлдирилди.

Қонун билан Хўжалик процессуал кодексига корпоратив низолар бўйича иш юритиш юзасидан алоҳида боб киритилиши ҳам бу соҳа вакилларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини янада кенгайтирди.

Солиқ кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга мувофиқ, солиққа оид бир нечта ҳуқуқбузарлик учун молиявий жариманинг миқдори энг кўп белгиланган жарима миқдоридан ошмаслиги тартиби ўрнатилди. Илгари ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида жарима ҳисобланиб, уларнинг умумий миқдори қўшиб чиқарилар эди.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, суд молиявий жариманинг энг кам миқдоридан ҳам камроқ жарима белгилашга ҳақли эканлиги белгиланди. Олдин судда ушбу ваколат йўқ эди.

Шунга кўра, Хўжалик судлари томонидан 397 та ҳолатда молиявий жарималар ҳуқуқбузарлик мажмуи бўйича қўлланилган бўлса, 135 та ҳолатда эса белгиланган молиявий санкциянинг энг кам миқдоридан ҳам камроқ молиявий санкция қўлланилди.

Қонун билан “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига ўзгартишлар киритилиб, унга кўра кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлар ваколатли органларга ва ташкилотларга ёзма равишдаги мурожаатларсиз қўлланилади. Илгариги қонунчилигимизда айнан бу имтиёзларни олиш учун албатта тадбиркорнинг ёзма равишда мурожаат қилиши талаб этилар эди. Мурожаат қилмаган тадбиркорга имтиёз қўлланмаса ҳам давлат органининг жавобгарлиги, ҳатто бундай мажбурияти ҳам йўқ эди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, ҳозирги кунда тадбиркорлик субъектларига қуйлайлик яратиш, уларнинг жадал ривожланишини таъминлаш мақсадида 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда 380 дан зиёд имтиёз ва преференциялар белгиланган. Мисол учун, солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишда 2017 йилнинг 1 январигача бўлган муддатгача мораторий қўлланишини назарда тутувчи преференция мавжуд. Қўлланилган мораторий натижасида 15.849 та тадбиркорлик субъекти 2016 йил текшириш режасига киритилмади.

Шунингдек, ушбу қонуннинг 6-моддасига киритилган қўшимчага асосан якка тартибдаги тадбиркорларга бир нафардан учтагача ходим ёллаш ҳуқуқи берилди. Берилган имкониятдан фойдаланган ҳолда фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 6.819 нафар фуқароларнинг иш билан бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, ушбу Қонуннинг 39-моддасига киритилган қўшимчаларга мувофиқ текширишлар учун ягона даврийлик белгиланди, текшириш ўтказиш муддати қисқартирилди, қўзғатилган жиноят иши бўйича ўтказиладиган текширишлар адвокатлар иштирокида ўтказилиши белгиланди. Ўтган даврда 184 та қўзғатилган жиноят ишлари доирасида тайинланган текширишлар бўйича адвокатлар иштирок этиб, улар томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатилди.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлаш, уларга имтиёз ва преференциялар бериш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Айнан шу соҳадаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган 2 та махсус қонун, яъни “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги ҳамда “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан хорижий инвестицияларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор Фармон ва Қарорлар имзоланди.

2008 йилда Навоий вилояти ҳудудида, 2012 йилда “Ангрен” ва 2013 йилда “Жиззах” махсус индустриал зоналари ташкил этилди.

Махсус индустриал зоналарнинг характерли томони шундаки, уларда нафақат хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар балки, рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган маҳаллий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни ҳам амалга ошириш белгиланди.

Шунингдек, ушбу зоналарда ҳам алоҳида солиқ режими ва божхона имтиёзлари белгиланди.

Худди шундай, Республикада ишлаб чиқарилмайдиган, лойиҳаларни амалга ошириш доирасида “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналар ҳудудларига олиб кириладиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар бож тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинди.

Натижада иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида хорижий сармоялар иштирокида 4,5 мингдан ортиқ корхона самарали фаолият юритаётир. Хусусан, Россия билан 496 та, Хитой билан 382 та, Буюк Британия билан 309 та, Жанубий Корея билан 305 та, АҚШ билан 78 та, Ҳиндистон билан 64 та, Германия билан 61 та, Япония билан 
13 та қўшма корхона ташкил этилган.

2015 йилда мамлакатимиз иқтисодиётининг реал секторига жалб қилинган қарийб 3,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб этилди.

Шуни алоҳида эътироф этиш зарурки, Республикамизда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2000 йилда бошқа хорижий давлатлар амалиётида учрамайдиган тизим жорий этилиб, Адлия вазирлиги таркибида ушбу вазифа билан бевосита шуғулланувчи алоҳида тузилма ташкил этилди.

Ҳозирда вазирлик тизимида Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси ҳамда ҳудудларда унинг бўлимлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Адлия органлари томонидан тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларини қўллашда ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда. Ушбу соҳа вакилларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишларга йўл қўймаслик бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, биргина 2016 йилнинг 1 ярим йиллигида давомида тадбиркорлик соҳасидаги қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 1.208 та тақдимномалар киритилиб, 979 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шу жумладан 52 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Давлат идораларининг 837 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки ноқонуний аралашиш ҳолатлари юзасидан 566 нафар мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини судлар орқали ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг манфаатларини кўзлаб 8,5 млрд. сўмни ундириш юзасидан 604 та даъво аризалари киритилди.

Бир сўз билан айтганда, хусусий сектор нафақат ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда асосий бўғин, балки аҳоли бандлиги ва даромадлари манбаининг, фаровонликка эришишнинг муҳим омилига айланди. Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бугунги кунда жамиятимиздаги ижтимоий ва сиёсий барқарорликнинг кафолати ва таянчига, юртимизни тараққиёт йўлидан фаол ҳаракатлантирадиган кучга айланди.

Бу юртимиз иқтисодиёти жадал ривожланаётгани, экспорт салоҳияти юксалаётгани, обод ва кўркам қиёфа касб этаётганида, халқимизнинг фаровон турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қабул қилинган қонунда белгиланган нормаларнинг тўлақанли ишлаши келгусида тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаш ҳамда улар олдидаги турли тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга хизмат қилади.

Сафар Тоғаев,

Адлия вазирлиги Тадбиркорлик субъектлари

ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя

қилиш бошқармаси бошлиғи  


Рўйҳатга қайтиш