Республикамиз мустақиллиги халқимизга собиқ иттифоқ даврида қонун билан таъқиб остига олинган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имкониятини берди. Ўтган 25 йил давомида республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Биринчи навбатда фуқароларимизнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш эркинлигини кафолатловчи зарур ҳуқуқий база яратилди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси эса бу йўналишда асосий ҳуқуқий пойдевор вазифасини бажармоқда. Бош қомусимизнинг 53-моддасида давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият,тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги қатъий равишда белгилаб қўйилди. Ушбу конституциявий нормани амалда тўлиқ тадбиқ этиш мақсадида “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда соҳани тартибга солувчи бир қатор бошқа қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Сир эмас, мустақилликнинг дастлабки йилларида тадбиркорлар ўз фаолиятини бошлаши ва юритишида муайян қийинчиликларга дуч келишди. Чунки, собиқ тузумнинг бюрократия, коррупция каби иллатлари ҳали айрим мансабдор шахсларни тарк этмаган эди. Айниқса, баъзи назорат қилувчи органлар томонидан текшириш ниқоби остида тадбиркорлар фаолиятига турли кўринишда ноқонуний аралашувлар тез-тез учраб турарди.
Мана шундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида юртбошимизнинг ташаббуслари билан республикамизда 1996 йилда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ташкил этилди ва тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширишларнинг барчасини ушбу Кенгаш билан келишилган ҳолда ўтказилиши бўйича янги тартиб жорий этилди. Ўтган даврда бу тизим ўз самарасини бериб, назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларини олдини олишга хизмат қилмоқда.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, республикамизда текширишлар билан боғлиқ муносабатлар МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлиб қонун даражасида тартибга солинди. “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни 1998 йилда қабул қилинган бўлса, бу соҳани тартибга солувчи Қонун Россияда 2008 йилда, Қозоғистонда 2011 йилда, Украина ва Молдовада эса 2012 йилда қабул қилинди.
Шу билан бирга, қонун ҳужжатларига асосан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишда мораторий қўлланилмоқда. Натижада фақатгина 2016 йилнинг ўзида текшириш режасига15 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари киритилмади.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ адлия органлари назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятида текширишлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни амалга ошириб келмоқда.
Бугунги кунда тадбиркорлар фаолиятида ўтказилаётган ҳар бир текширишни назорат қилиб бориш ва улар фаолиятида ўтказилаётган ноқонуний текширишларни тезкорлик билан аниқлаб, бартараф этиш мақсадида мазкур китоб янада такомиллаштирилди. Текширишларни рўйхатга олиш китобининг онлайн-электрон тизими жорий этилди.
Эндиликда, назорат органларининг вакиллари агар тадбиркорлик субъектида техник имконият, яъни интернет тармоғи ва электрон рақамли имзо мавжуд бўлганда текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклини тўлдириш шартлиги белгиланди.
Назорат қилувчи орган ходими текширишларни рўйхатга олиш китобига электрон тартибда ёзувни қайд этган заҳотиёқ бу Адлия вазирлигидаги кузатув марказида кўринади. Мазкур тизим тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувни ва текширишларни ўтказиш тартибини бузиш ҳолатларини тезкорлик билан аниқлаш имкониятини бермоқда.
Бугунги кунга қадар назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган 300 дан ортиқ текширишлар электрон тарзда қайд этилган бўлиб, уларнинг барчаси устидан зарур назорат олиб борилди. Ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида асоссиз равишда ушбу китобни тўлдирмаслик ҳолатлари аниқланиб, тегишли органларга 64 та огоҳнома, 95 та тақдимнома киритилди ва ҳуқуқбузарларга нисбатан расмийлаштирилган 37 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги материаллар судларга юборилди.
Бу тадбирларнинг барчаси келгусида тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаш, улар олдидаги турли тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга ҳамда пировардида республика иқтисодиётини мустаҳкамлашга ва халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Актам Муҳаммадиев, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари